Линклар

Европадаги 13 давлат полициячилари биргаликда олиб борган текширув натижасида келишилган футбол ўйинларни уюштирган тармоқ фош этилгани хабар қилинди. Ҳозирча келишилган футбол ўйинлари ўтказилган давлатлар номи ошкор қилинмади.


Европа Иттифоқининг қонунни муҳофаза қилувчи агентлиги Европолнинг Интернетдаги расмий сайтида 6 феврал куни эълон қилинган баёнотга кўра, 15 дан ортиқ давлатдаги футбол клубларининг 425 нафар расмийси, ўйинчилар ва жиноий гуруҳ вакиллари 380 дан ортиқ келишилган футбол ўйини уюштиришга уринганликда гумонланмоқда.

Ҳужжатда кўп тармоқли уюшган жиноий операцияларда келишилган ўйинларда саккиз миллион евродан кўп даромад олингани ва бу пулнинг икки миллион евродан кўпроғи келишилган ўйинлар ташкилотчиларига тўлангани билдирилган.



Европол олиб борган текширувда келишилган футбол ўйинлари ўтказилган давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам борми¸ деган Озодлик саволига Европол матбуот хизмати ходими ўз ташкилоти текширув борасида ҳозирча ҳеч қандай шарҳ бермаcлигини айтди:

- Мен фақат Европол номидан гапира оламан. Афсуски, бу масалада ҳозирча ҳеч қандай шарҳ бермаймиз, деди Европол расмийси.

4 феврал куни Ҳаага шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида Европол расмийлари ВЕТО операцияси шартли номи остида Қўшма текширув гуруҳи (ҚТГ) 2011 йил июлидан 2013 йил январ ойига қадар текширув олиб борилганини маълум қилди.

Европол расмийларига кўра, Германия, Финляндия, Венгрия, Австрия ва Словения полицияси олиб борган текширув жараёнини Еврожаст, Интерпол ва Европанинг саккиз давлати қўллаб-қувватлаган.

Текширув жараёнида келишилган футбол ўйинлари уюштирилишига алоқадорликда гумонланган шахслар ўртасидаги 13 мингдан ортиқ электрон почта ёзишмаси ва бошқа материаллар таҳлил қилинган.

Текширув натижасида айрим давлатларда келишилган футбол ўйинлари уюштиришга алоқадар бўлган шахслар устидан жиноий иш очилган

Хусусан, Германияда 14 шахс жавобгарликка тортилиб¸ жами 39 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Келишув асосида ўтказилгани тахмин қилинган 380 та футбол ўйини орасида жаҳон ва Европа чемпионатига йўлланма олиш учун бўлган саралаш ўйинлари, иккита УЕФА чемпионлар лигаси ўйинлари ҳам бор.

Европол баёнотига кўра, аксар келишилган футбол ўйинларини уюштирган жиноий гуруҳ Осиё бозорида фаолият юритган. Гуруҳ раҳбарлари осиёлик бўлган ва улар европаликлар билан яқиндан ҳамкорлик қилган.

Европол текшируви давомида келишилган ўйинлар уюштирган шахсларнинг рус тилида сўзлашувчи ва бошқа жиноий гуруҳлар билан ҳам алоқаси бўлгани ҳам аниқланган.

Айрим кузатувчилар¸ Европол рўйхатидаги давлатлар орасида Марказий Осиёда энг кучли футболга эга бўлган Ўзбекистон ҳам борлигини тахмин қилмоқда.

Бироқ Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот котиби Санжар Ризаев Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда келишилган ўйинлар муаммоси йўқлигини таъкидлади:

- Бундай муаммо ҳар бир минтақада футбол тараққиётига жиддий таъсир этиб келган. Лекин 2005 йилда Мираброр Зуфарович Усмонов федерация раҳбари бўлиб келганида ўша йилда ишни аввало адолатли ҳамкамликни таъминлаш ва адолатсиз ҳакамликка қарши аёвсиз курашишдан бошлаган.

Ўшанда бир нечта ҳакамлар муайян бир ўйинларда хатоликка йўл қўйгани учун бир неча ўйинга, бир неча мавсумга ёки умрбод ҳакамликдан четлатилган. Бундан ташқари ҳакамликка тўланадиган ҳақ бир неча баробар кўтарилган. Бугунги кунгача шу сиёсат сақланиб келяпти ва ўз самарасини бераяпти.

Келишилган ўйинлар билан боғлиқ муаммолар, мен айтишим мумкин, Ўзбекистонда ҳозирги кунда бу нарса умуман йўқ, деди Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот котиби.

Санжар Ризаевнинг эслатишича¸ Ўзбекистон Халқаро футбол уюшмалари федерацияси – ФИФАнинг ўтган йилги мавсумда кўрсатган яхши ўйинлари учун "Fair Play", яъни "Ҳалол ўйин учун" мукофотига сазовор бўлган. 2013 йил 7 январ куни Цюрих шаҳрида ўтказилган тантанали маросимда мукофотни Ўзбекистон Футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов қабул қилиб олган.

Европол маълумотига кўра, келишилган футбол ўйинларининг халқаро миқёсда амалга оширилгани текширув олиб борган расмийлар ва прокурорлар учун қийинчилик яратган. Боиси битта келишилган ўйинини уюштириш учун ўнта давлатдан элликка яқин одам иштирок этган.

Европол эълон қилган баёнотда ташкилотнинг Наркотиклар ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи Гианни Балди келишилган ўйинлар уюштирилишига барҳам бериш учун халқаро миқёсда ҳамкорликка чақирган:

- Келишилган футбол ўйинлари уюштириш глобал муаммо. Бундай ўйинлардан миллионлаб ноқонуний даромад кўраётган жиноий тармоқни нишонга олиш ва уни йўқ қилиш миллий, регионал ва халқаро даражада мустаҳкам ҳамкорликни талаб қилади, деди Гианни Балди.

Европол электрон почта орқали Озодликка йўллаган мактубда келишилган футбол ўйинлари уюштирилгани ҳақидаги тафсилотларни оммага ошкор қилиш Европол эмас, балки тегишли давлатлар прокуратуралари ваколатида экани билдирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG