Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик тадбиркор 8 яшар қизчани ўлдирганликда айбланмоқда


Василиса ғойиб бўлганидан сўнг Татаристон бўйлаб тарқатилган варақалардан бири.

Василиса ғойиб бўлганидан сўнг Татаристон бўйлаб тарқатилган варақалардан бири.

Татаристоннинг Набережние Челни шаҳрида 8 яшар қизчани ўлдирганликда айбланаëтган Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. Айбланувчи 2 февралдан бери минглаб Ички ишлар қўшинлари ходимлари, қутқарувчи ва кўнгиллилар ёрдамида қидирилган қизчанинг мурдасини қаерга кўмгани ҳақида кўрсатма берган.


Набережние Челни шаҳрида шу йилнинг 2 февралида мактабдан уйига қайтаëтиб йўқолиб қолган 2-синф ўқувчиси Василиса Галицинани ўлдирганликда айбланиб 30 яшар Фаррух исмли шахс ҳибсга олинди.

Ички ишлар ходимлари тарқатган маълумотга кўра¸ гумонланувчи тергов давомида қизчанинг жасадини Набережние Челни шаҳридан 73 километр масофада жойлашган Заинский туманидаги йўл чеккасига қалин қор остига кўмганига иқрор бўлган.

(Видео Татаристон ИИВ Ахборот маркази томонидан тақдим қилинди)

Татаристон Ички ишлар вазирлиги Ахборот маркази раҳбари Ирина Нижелскаянинг Озодлик мухбирига айтишича¸ йўқолган қизалоқнинг мактаб кундалигида қолдирилган бармоқ излари айбланувчи шахси аниқланишига ëрдам берган. Айтилишича¸ ҳибсга олинган шахс илгари ҳам маъмурий жавобгарликка тортилгани боис полиция архивида унинг бармоқ излари сақланган:

- Бу излар Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базаси бўйича текширилиб айбланувчи аниқланди. Айтиш жоизки, айбланувчи қидирув ишлари қандай бораётганини янгиликлардан кузатиб борган. У ойналари қорайтирилган қўшимча ғилдираксиз қора “Нива Шевроле” қидирилаётганини билиб, машинага ғилдирак осиб машина қорайтиргичларини олиб ташлаган, дейди Ирина Нижельская.

Татаристон Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотга кўра, оиладаги етти фарзанднинг бири бўлган 8 яшар Василиса Галицина 2 феврал куни мактабга кетиб¸ соат 16:00 даги хореография дарсидан чиқиб уйга қайтиб келмаган.

Уни охирги маротаба кўрганлар “Нива Шевроле” эгаси қизчани машинага миндириб, Тиланчи-Томоқ қишлоғи томон кетганини хабар қилишган. Василисани қидиришда¸ расмий манбаларнинг ëзишича¸ 900 нафар полиция ходими¸ 70 нафар қутқарувчи, яна 5-6 минг кўнгилли фуқаро иштирок этди. Шунингдек, қидирув ишларига 18 дона махсус техника ва 30 дан зиёд снегоходлар жалб қилинди.

Шаҳарда Василиса Галицина ҳақидаги маълумотларни жамлаш учун махсус қидирув штаби ҳам ташкил этилди.

3 феврал куни шаҳардан чиқишдаги М-7 йўли ёқасида йўқолиб қолган қизчанинг рюкзаги, шапкаси ва кийимлари топилди. Бу жойдан нарироқда кўнгиллилар қизчанинг қонга беланган кийими ва ўқитувчиси томонидан ёзилган дастхатни топиб¸ қидирув штабига топширишди.

5 феврал куни гувоҳлар берган кўрсатма ва олинган маълумотлар асосида Набережние Челни шаҳрида ўзбекистонлик экани айтилаётган ва ўзини Фарид деб таништириб юрадиган Фаррух Т.(тергов якунланмагунига қадар Озодлик бу шахс исмини ошкор этмаётир- таҳр.) қўлга олинди.

1982 йилда туғилган бу шахс шаҳардаги реклама соҳасидаги тадбиркорлик фирмаларидан бирида ишлаб келган. Аввалига Фаррух терговчиларга жиноятга алоқаси йўқлиги, қизчани ҳақиқатан машинада ўзи айтган жойгача элтиб қўйгани тўғрисида кўрсатма берган.

“Аммо бармоқ излари, гувоҳлар кўрсатмалари ва унинг машинасидан тивтув пайтида топилган Василиса Голицинага тегишли экани тахмин қилинаётган бир тола соч каби исбот-даллилар босими остида у ўз айбига иқрор бўлди”, дейди Татаристон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот маркази раҳбари Ирина Нижелская:

- Ҳозирда у ўлдирилган боланинг мурдаси қаерда кўмилганини ошкор қилди. Қизча Сармановский ва Заинский туманлари чегарасидаги йўл ёқасига кўмилган экан, деди полиция расмийси.

Айбига иқрор бўлиб? боланинг мурдаси кўмилган жойни кўрсатганига қарамасдан, Фаррух нима учун болани ўлдиргани сабабларини тушунтиришдан бош тортмоқда. Life News Интернет нашри хабарига кўра, Фаррухни ўз айбига иқрор бўлишга 2012 йилнинг ўрталаригача Татаристон Ички ишлар вазирлигида ишлаб келган унинг Анвар исмли туғишган акаси кўндирган.

7 феврал куни Фаррух Т. га нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодекснинг 105- моддаси 2-қисми “в” банди (вояга етмаган шахсни ўлдириш) асосида жиноий иш очилди, у ҳибсга олинди.

Полиция ва терговчилар тўрт кун давомида Татаристоннинг олтита туманида олиб борилган муттасил тергов-қидирув ишлари ва қўшни ўлкаларга овоза бўлган мазкур қотиллик юзасидан суд-тиббий, дактилоскопия, трассология экспертизалари тайинланди.

Мазкур ишни тергов қилаëтган мутахассислар¸ ҳозирча қотиллик мотивлари ҳақидаги тахминларни жамоатчиликка эълон қилмади. Терговчилардан бирининг Россия матбуотига билдиришича¸ қизчани ўлдиришдан аввал айбланувчи уни зўрлагани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда узил-кесил маълумот тарқатиш учун¸ тергов тизимлари¸ экспертиза хулосаларини кутиш лозимлигини таъкидлашмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG