Линклар

logo-print

Ўзбек суди Ғаффор Ҳотамовнинг “Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон”и туҳмат ва ҳақорат унсурлари мавжуд, деган хулосага келиб, уни айбдор, деб топди. Бу судлов ҳукми мазкур китобга қизиқиш уйғотди.

Вилоят миқёсидаги идора тўғрисида “Ўзбекистон овози”да ижобий мақола ёритилиши учун идора раҳбари қанча узатиши керак?

Мақола учун олинган пора амалга ўтириш учун кимга узатилади?

Давлат маслаҳатчисининг бош муҳаррирни жазолаш фикридан қайтиши ва устига зарбоф чопон ёпиши учун неча дақиқа керак?

Президент девонининг эркалари ресторанда неча пачка пул соча олади?

Ўзбек жамияти ичидаги хос жамият – юқори лавозимли давлат амалдорлари тутумларига оид бу саволлар жавобини кўпчилик билмайди.

Тўғриси, биз ҳам билмасдик.



Яккасарой суди китоб ўқишга ундади

Билишимизга Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Яккасарой туман судининг 28 январ кунги ҳукми туртки берди.

Суд ўша куни ёзувчи Ғаффор Ҳотамовни 3,5 йилга кесди.

Тошкентдаги манбага кўра, суд ёзувчини кесдию унга дарҳол амнистия қўллади ва озод қилди.

Ғаффор Ҳотамовни унинг “Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон”и қаҳрамонларидан бири, Ўзбекистон Адлия вазирлигининг “Инсон ва қонун” газетаси бош муҳаррири Қўчқор Норқобилов судга берган.

Бу ишга оид 4 феврал кунги хабаримизда тилга олинган ва алоҳида ўрганиладиган жиҳатлар кўп.

Уларни вақт топсак ўрганармиз, дедикда, Яккасарой туман суди беихтиёр реклама қилиб берган китобни ўқишга тутиндик.

Уни Интернетдан топдик.

“Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон”

Бу асарини муаллифнинг ўзи матн ичида камида уч марта “ҳикоя”, деб атаган.
Уни ўқиб бўлгач, бу бир эссе экан, деган фикрга келдик.

Асосий қаҳрамон шоир Азим Суюн ва унинг шеърияти.

Ғаффор Ҳотамов тузуккина адабиётшунос ҳам экан, тездаёқ бизни Суюн шеърларига ошно қилди-қўйди.

Лекин эшиттиришимиз “тўй бола”си Азим Суюн эмас, балки достон-ҳикоя-эссенинг бошқа бир қаҳрамони – Қўчқор Норқобилдир. (Асарда “Нор қўчқор”)

Собиқ консультант Оқсарой эшикларини очиб берди

Достон-ҳикоя-эссе муаллифи Ғаффор Ҳотамов 1997-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида бош консультант бўлиб ишлагани учун Қўчқор Норқобил билан боғлиқ, деб билгани кирдикорларни очар экан, билибми-билмайми, бизга – китобхонга девон эшикларини очади.

Узундан-узоқ, лекин зарур муқаддимани тинглаб бўлдингиз.

Энди эса, сиз билан Ғаффор Ҳотамов ўзининг “Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон”ида очиб берган қопқалардан Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига кирамиз.

Вилоят миқёсидаги идора тўғрисида ижобий мақола ёритилиши учун қанча узатиш керак?

4 феврал кунги хабаримизда мана бу гап бор:

“28 январ куни ўтказилган бир марталик маҳкамадаёқ аввал Қашқадарёнинг собиқ ҳокими Озод Фармонов сўроқ қилинди ва у Норқобиловга пора бермаганини айтди”.

Ғаффор Ҳотамовнинг “Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон”ида Озод Фармоновга оид 2002 йилги воқеа тасвири берилган.

Қўчқор Норқобил у даврда “Ўзбекистон овози” газети мухбири эди.

Ғаффор Ҳотамовдан:

Ўша кезлар Озод Фармонов урилиб-сурилиб, ўрмончига айланди. Афтидан, бу дилини оғритди. Кимсан, Раҳмонқул Қурбоновнинг жияни! Вақтида тоғаси Совминга раис бўлган! Қўли узун, дўсти-ёри кўп! У шу кучни ишга солиб, тўнтариш қилмоқ ва бира-тўла юқорига чиқмоқ истади. Кўмак истаб Москвага бош урди…

Бундай сирларни хос мулозимлар билмай қолмайди. Алимов Хайриддин билан кўз уриштирди: “Вақт шу вақтдир, ўзга дамни дам дема!”

Шу тариқа Нор қўчқорга махфий топшириқ берилди. У бориб, ўрмончига учрашди, керакли маълумотларни олиб, очиқ савдо қилди…<…>

Нор қўчқор ўрмончи ҳақида мақола ёзади, саҳифаловчи билан келишиб, уни учинчи бетга қўйган ҳолда нусха олади, кейин “қаҳрамони” олдига боради.
Бу воқеа 2002 йил 29 январда бўлган.

У саҳифани ўрмончида қолдириб, 17 минг “кўк қоғоз” олиб қайтади.


Матнни ўқишда давом этамиз. Бир-икки бетдан кейин “ўрмончидан олинган 17 минг “кўк қоғоз” яна пайдо бўлади.

Муаллиф бу пул кимнинг киссасига тушиб кетганига анча тиниқ ишора қилади.

Ғаффор Ҳотамовдан:

“Ва ўша ҳисобдан, унга яна 17 минг “кўк қоғоз” қўшгани учун Нор қўчқор “Инсон ва қонун”га Бош муҳаррир бўлиб ўтди. Яна, масалани Абдулла Орипов ҳал қилди, Каттага кириб, деб гап ёйганини айтмайсизми?!

Ҳолбуки, бу касофат “Ўзбекистон овози”нинг “зам”лигига ўта олмаган, маҳкама қайтарган: “Контузия!” – деб!..

Ундан аввал, хизматга ишга олайлик, десам: – У афғонда контузия бўлган!

Яқинлаштирманг! Шеърини ёзиб юрсин, бир четда! – деган Султоновнинг ўзи!..

“Кўк қоғоз” атомдан кучли!

Сарой “ўйин”лари шундай аломат бўлади!

Калаванинг учини топгунча миянг ачиб кетади.

О-о, бу – Алимов, бу – Султонов, уларнинг совунига кир ювмабсиз, дунёга келмабсиз!”


Муаллиф Султонов, дер экан, Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновни назарда тутаётгани матннинг бошқа қисмларидан ойдин бўлади.

Қарор кўз очиб-юмгунча ўзгарди

Давлат маслаҳатчисининг бирон бир бош муҳаррирни жазолаш фикридан қайтиши ва устига зарбоф чопон ёпиши учун неча дақиқа керак?

Ғаффор Хотамов “ўрмончига” оид мақола чоп этилган кунлари ўзи Президентни мақтаб мақола эълон қилганини эслайди.

Ва ўша кунлари “Ўзбекистон овози”нинг бош муҳаррири Азим Суюн узра қора булутлар пайдо бўлганини эслаб, мана бундай ёзади:

Ғаффор Ҳотамовдан:

“Ҳаво тунд, қора булутлар айланишади. Ҳамма ёқ бўтқа бўлиб кетган.
“Билганим, уни (Азим Суюнни) силтаб ташлашган, ҳатто номига кузатув қилишмаган.

Ҳолбуки, у жамоага ўн йил бош бўлган! Бу, масала жуда қалтис эканини билдиради. Ундан ҳам ёмони, таҳририятни прокуратура “босган!” Тинтув-текширув бошланган…

“Нима бўлди экан?”, деб эзилиб ўтирсам, телефон жиринглади.

Олсам, Ўрол Содиқ.
– Сиз Президентнинг ишини кўрсатиб мақола ёзипсиз! Уни чиқаргани учун Азим Суюнни ишдан олипти! – деди у. – Ҳамма шундай деяпти!

Мен шартта Султоновнинг олдига кирдим.

Салом йўқ, алик йўқ.

– Азимни ишдан олмоқчи экансиз, бир-икки кун сабр қилсангиз бўлмасмиди? – дедим унга зарда қилиб. – Ҳамма менга таъна қилаяпти, “Сен Президентни мақтаб чиққанинг учун Азим Суюнни ишдан олди, Хайриддин!”, деяпти!

У кўкариб кетди.

Беихтиёр телефоннга узалди ва хос ўринбосари Мелибоевни чақирди.

– Ишлар бошқармасидан зарбоф тўн олинг! – деди унга. – Азим Суюнни чақиринг! Кузатув маросими қилинг, тўнни ёпинг, унга! Кейин “Гулистон”га обориб таништиринг!

Жоду кесилса, Чарх тескари айланади”.


Ўта тор олинган жуда кенг мавзу

Ғаффор Ҳотамовнинг “Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон”ида ўзбек жамияти ичидаги хос жамият – юқори лавозимли давлат амалдорлари тутумларидан хабар берувчи яна бир неча эпизод бор.

Лекин муаллиф бу кўринишларни ўз қаҳрамони Нор қўчқор номи билангина боғлайди, коррупция илдизларини “чуқишни” ўз олдига мақсад қилиб қўймайди.
Умуман, Ғаффор Ҳотамов учун оқ бор, қора бор, бошқа ранглар йўқ.

Азим Суюн – оқ, Нор қўчқор ва унинг Президент девонидаги акалари қоралардир. (“Қўчқор” сўзида хато қилаётганимиз йўқ – муаллифнинг ўзи ҳамма жойда бу исмни кичик ҳарф билан ёзган)

Майли, бўлса бордир...

Прототипнинг деганлари

Эшиттиришни тайёрлаш жараёнида Нор қўчқорнинг прототипи Ўзбекистон Адлия вазирлигининг “Инсон ва қонун” газетаси бош муҳаррири Қўчқор Норқобилов билан боғландик.

Орамизда мана бу қисқа мулоқот бўлди:

Озодлик: Ғаффор Ҳотамов ўз китобида Сизни тилга олган экан, шу муносабат билан бирон нима дейсизми, эшиттириш қилмоқчимиз.

Қўчқор Норқобилов: Мен у ҳақда ҳеч нарса демайман, иккинчидан у шунақа одам эканда энди... Бу ҳақда гапиришни ҳам, ўйлашни ҳам истамайман.

Озодлик: Судда иштирок этдингизми?

Қўчқор Норқобилов: Сал каттароқ нарсалар борку ўйлайдиган...

Озодлик: Сиз судга берибсиз у кишини, шуни гаплашмоқчийдик Сиз билан...

Қўчқор Норқобилов: Шу, эшитган бўлсангиз, берганман, тўғри.

Озодлик: Суд ҳукмидан розимисиз?

Қўчқор Норқобилов: Мен сўраган нарсам судда кўрилди ва мен сўраган нарсам бўлди. Лекин бу ҳақда гаплашишни истамайман.

Ғаффор Ҳотамовнинг ўзи нима деди?

Ҳеч нима. Чунки у киши билан боғланиш учун қилган барча ҳаракатларимиз зое кетди. Танишларининг айтишича, суддан кейин ёзувчи депрессияда. Ҳеч ким билан гаплашгиси йўқ.

Қолаверса, Ғаффор Хотамов “Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон”идан олдинги китоби бўйича ҳам Озодлик мухбири билан гаплашишни истамаган эди.

Бош қаҳрамони Одил Ёқубов бўлган ўша китобда ҳам кўпчилик танийдиган кишиларнинг маиший ҳаётига оид можарога сабаб бўлиши мумкин бўлган гаплар бор эди.

“Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон”идаги Нор қўчқор ва унинг хотинига оид гапларга тўхталишни зарур, деб билмадик.

“Шилталар кўпайиб кетди”

Асари учун судга тортилган Ғаффор Ҳотамову унинг китобидан жой олган кишилар, улар яшаётган муҳит тўғрисида бирон киши билан гаплашиш заруратини сездик ва ўйлай-ўйлай бундай суҳбатга кекса журналист Шароф ака Убайдуллаевни тортмоқчи бўлдик.

Чунки, Шароф аканинг сочи, бир томондан, Ғаффор Ҳотамовнинг китобидаги асосий қаҳрамон - шоир Азим Суюн бир неча йил бошқарган “Ўзбекистон овози” газетасида оқарган бўлса, (Азим Суюнгача бўлган даврда), иккинчи томондан Президент девонида ҳам бир муддат ишлаганки, у ердаги муҳитни ичидан билади.

Озодлик: Шароф ака, ўзи бу умуман жуда оз бўладиган иш. Мен Ғаффор Ҳотамовнинг ишига ўхшаган иш бўлганми бўлмаганми¸ эслай олмаяпман. Ҳар ҳолда¸ ëзувчини китоби учун суд қилишди ва менимча бу ижодкор зиëлилар орасида анча гап-сўз бўлган бўлса керак. Агар бўлган бўлса, қандай юрибди ўша гаплар? Одамлар нима деяпти?

- Энди мен айнан қайси гуруҳ ичида бўлганини айтишим қийиндир, лекин бу китоблар Ўзбекистоннинг талантли ëзувчиси, Ўзбекистонда ўзининг прозаси билан жуда кўп одамларнинг назарига тушган Ғаффор Ҳотамовнинг қаламига мансублиги ҳам ажабланарли ҳол, ҳам жуда катта шов-шувга сабаб бўлгани сир эмас. Лекин бу китоб ичидаги майда гаплар деймизми, маълум даражада асосли ва асоссиз гаплар ҳам кўзга ташланади. Мана бу ерда¸ масалан¸ бир қанча одамларнинг маиший, нафсий, ахлоқий бузуқликлари ҳақида гаплар кетади. Мен бу гапларга тўхталмайман.

Озодлик: Майда гаплар, дедингиз. Жуда ҳам майда эмасмикан дейман. Масалан¸ бир амалдорнинг фаолияти ҳақида, у бошқарган идоранинг фаолияти ҳақида мақола битишу ўша мақолани чоп этиш учун 17 минг доллар пора олиши. Бу майда гапми? Умуман шу кунда шундай ҳолатлар борми? Пул эвазига, пора эвазига мақола ëритиш.

- Энди мен¸ масалан¸ бу воқеаларнинг устида турмаганим учун бир нима дея олмайман. Бу шундай бир вазифаларки буни баъзан терговчилар йиллаб тергов қилади, судлар ойлаб суд қилади. Шунинг учун ҳозир маҳкам менинг кекирдагимдан ушлаб воқеани тасдиқлаб беришимни сўраяпсиз. Буни тасдиқлаш ҳеч кимнинг қўлидан келмаса керак. Лекин сиз айтаяпсизки, мана шундай катта даргоҳда шундай одамлар устида шундай гаплар, катта даргоҳга, улуғ даргоҳга майда, бачкана одамлар босиб кетгандан кейин бу даргоҳ ҳам майда, бачкана даргоҳга айланади.

Озодлик: Шароф ака, остонаси баланд идораларда, ҳокимият идораларида майда одамлар кўпайиб кетди, дедингиз.

- Бор гап. Ҳозир ҳам бор. Жуда катта муқаддас даргоҳларда ҳам қуëнлар, шиламшиқ қуртлар, зулуклар жуда яхши илдиз отиб, мустақилликдан чуқур фойдаланиб, томир отиб, болалаб ëтибди. Афсус¸ бу бизнинг Ўзбекистон деган муқаддас катта бир карвонни орқага тортаëтган мана шу одамлар.

Озодлик: Нега шундай бўлди?

- Ҳаммамиз айбдормиз шунга. Мана сиз сўрадингиз, мен айтдим. Сўрамаса, ҳеч ким айтмайди. Ҳеч ким “менга тегмасанг, мен сенга тегмайман” деган жамиятда шундай бир қонун мустаҳкамланиб бораяпти. Афсус¸ бу бизнинг умумий тақдиримизни мана шундай саволларга буркаб ëтибди. Келиб-келиб Ўзбекистон ижодий аҳлининг бугунги даражсини мана шу Азим Суюнлар белгилаб турган бўлса не ажаб. Қаëққа додингизни айтасиз? Қаерга айтасиз додингизни? Дардингизни айтадиганларнинг ўзи шуларни суяб, шуларни етаклаб юрган бўлса. Чунки етаклашга булар осон. Булар Ўзбекистон фелетон журналистикасининг фелетонларини йўқ қилади, очеркларини йўқ қилади, танқидларни йўқ қилади, танқидчиларни бўғади, салласини ол деса калласини олади. Булар Хайриддин Султонлар учун жуда қулай, доим тайëр турган милтиқ. Бу милтиқ¸ албатта¸ керак экан бугун майли булар буни ишлатиб турсин. Ҳаëт мана ўзининг секин-секин баҳосини олади барибир.

Озодлик: Мана Ғаффор Ҳотам ўша жанжалга сабаб бўлган текстини достон деб номлабди. Худди бир адабиëтшуноснинг мақоласини ўқиëтгандай бўласиз. Лекин ўша идора сирларига қолганда конкрет фамилиялар келтирадики, буни ҳужжат дейиш мумкин ва ўша жойда Хайриддин Султоновдек бир мартабали одам 17 минг доллар пора олган дейилаяпти. Хайриддин Султоновнинг Ғаффор Ҳотамовни судга бергaни ҳақида маълумот йўқ. Лекин Хайриддин Султонов бунақа айбловни ўқиб туриб ҳам истеъфо берворгани ҳам йўқ. Буни қандай тушуниш мумкин? Индамай кетаверадими? Жамият “Ҳа, Хайриддин Султоновга ўхшаган катталар шунақа пора оларкан” деб кетаверадими?

- Мен бу нарсани кўчадаги шов-шувларни, кўчадаги баҳоларни, кўчадаги майда-чуйда гапларни чувалаштиришга ҳаққим йўқ. Лекин агар “Хайриддин Султон пора оладими? Хайриддин Султон ҳам шундай катта мартабали идорада майда одамми?” деган савол бермоқчи бўлсангиз, мен айтардимки, майда одамларни ишлатаëтган, майда одамларга суянаëтган майда одамлар билан қўлтиқлашиб юрган одамлар майда бўлади. Майда одамдан ҳамма нарсани кутса бўлади. Чунки Хайриддин Султон ҳақида ҳам ўзига етарли гап-сўзлар жуда кўп. Кўча тўла. Мен у кўчадаги гапларни сизга айтмоқчи эмасман. Лекин улфатинг қарға бўлса, сенинг ҳам емишинг ўша деган гап Хайриддин Султонга ҳам тааллуқли.

Озодлик: Ғаффор Ҳотамовнинг бундан олдинги китобининг бош қаҳрамони Одил Ëқубов бўлган китобни ўқиган экансиз. У китобни ҳам ҳам ўқиганман. У китобда ҳам ўша конкрет шахслар, жуда кўпчилик, умуман ўзбек танийдиган шахсларнинг маиший ҳаëтига ҳам тегилган ва агар у кишилар тирик бўладиган бўлса, Ғаффор Ҳотамовни судга бериш эмас пичоқ кўтариб югурадиган даражадаги гаплар ëзилган. Хусусан¸ “Ҳикмат ëки Олмос шамшир ҳақида” ҳам шунақа маиший турмушга тегилган жойлари бор. Бир эр-хотиннинг муносабатларию ўша хотиннинг Ғаффор Ҳоматов айтишича қандай суюқлиги ҳақида. Шундан келиб чиқиб сизга савол. Менимча, Ғаффор Ҳотамов ҳали ўзбек адабиëтида кўрилмаган нарсалар даражасида ëзганда бу гапларни. Шундай китобларнинг мавжуд бўлишга ҳаққи борми йўқми?

- Ғаффор Ҳотам бировга юмалоқ хат жўнатгани йўқ¸ менинг назаримда. Бировнинг орқасидан ҳам ғийбат қилаëтгани йўқ. Менимча, адабий жанрларнинг формаларидан ўзига хос фойдаланиб, ўзининг юрагидаги, хаëлидаги, ўзининг фикридаги гапларни айтган. Энди бу гапларни баҳо бериш учун адабиëтга адабий кўз билан қарашимиз керак. Бу адабиëт майдони. Мана узоққа борманг. Тарихларни олиб қаранг. Бизнинг тарихимизда жуда кўп конкрет шахслар ҳақида ëзилган. Буюк, катта адабиëтга қаранг. Толстойдай одам Шекспир ҳақида ëзмаган гапи қолмаган. Шекспирда ҳатто умуман адабиëт майдонида тасодиф деб баҳолаган. Бундай бир-бирини тан олмаган, бир-бирини инкор этган буюклар адабиëт майдонида, адабиëт тарихида жуда кўп. Биз адабиëтга протоколний қоғозлари асосида, мажлисларнинг протоколларига қарамаслигимиз керак. Бу адабиëт майдони. Кенгроқ қарасак яхши бўлармиди деб ўйлайманда. Марҳамат, Ғффор Ҳотамнинг ëзгани ëқмаган бўлса, суднинг идорасига чопиб юришдан олдин бизда озод, эркин, мустақил газеталаримиз бор. Қани бирортаси жавоб бериб ëзсин. Мана бизда ëзиш, жавоб бериш анъаналари йўқ нимагадир. Лекин ғийбат қилиш, бўҳтон қилиш, ҳақорат қилиш, маҳкама идораларига чопиб бориб арз-дод қилиб йиғлашлар жуда ҳам катта одат тусига кириб кетган. Матбуот нима учун керак ўзи? Бир-биримизга ўзимизнинг фикримизни маданий, зиëли даражада тушунтириб билмасак. Менимча, Ғаффор Ҳотам қайси қуролдан отган бўлса, қайси милтиқдан отган бўлса, ўша милтиғи билан жавоб беравериши керак, дейди таниқли ўзбек журналисти Шароф ака Убайдуллаев.

Ким учун қаҳрамон, ким учун...

Эътибор берган бўлсангиз, Шароф Убайдуллаев Ғаффор Ҳотамовга “Ўзбекистоннинг талантли ёзувчиси, ўзининг прозаси билан жуда кўп одамларнинг назарига тушган”, деб баҳо берди.

Айни пайтда у Ғаффор Ҳотамов ўзининг “Ҳикмат ёки Олмос шамшир ҳақида достон”ида кўкларга кўтариб мақтаган шоир ва муҳаррир Азим Суюн ҳақида мана бундай деди:

- Келиб-келиб Ўзбекистон ижодий аҳлининг бугунги даражасини мана шу Азим Суюнлар белгилаб турган бўлса, не ажаб. Қаëққа додингизни айтасиз, деди Шароф ака Убайдуллаев.

Ғаффор Ҳотамовнинг Азим Суюнга берган баҳоси мутлақ баланд. Ўзини қўйинг, у бошқарган газетага мана бундай баҳо берган у:

“Бу – шундай газета, “Ўзбекистон овози!” Олам сиёсатига тус беради, йўналиш беради!”

Сиз муштарий бу баҳони қабул қиласизми-йўқми – ўзингиз билинг.

Бўрилар ва бўри

Ғаффор Ҳотамовнинг шоир дўсти тўғрисидаги мақтовларини ўқир эканмиз, эътиборимизни яна бир ўхшатиш ўзига тортди:

“Жиноят оламида “Якка бўри” деган истилоҳ бор. Якка бўри уюшган жиноий тўдага қўшилмай, бир ўзи ҳаракат қилади.

Азим Суюн ҳақида ўйласам, ўзим кўрган-билган бир якка бўри кўз олдимга келади”.


Тагига беихтиёр яширинган қув маънони сезиб ёздими бу гапни Ғаффор Ҳотам, сезмай ёздими?

Бу гапи билан ёзувчи бугунги ўзбек жамияти ичидаги хос жамият – юқори лавозимли давлат амалдорлари жамиятига ташхис қўйиб қўймадими?

Уни – ёзувчи Ғаффор Ҳотамовни шу ташхис учун судламадиларми?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG