Линклар

Украинада Тожикистон собиқ бош вазири ҳибсга олинди


Тожикистон собиқ бош вазири Абдумалик Абдулложонов.

Тожикистон собиқ бош вазири Абдумалик Абдулложонов.

Украинадаги Бориспол шаҳар суди Тожикистоннинг собиқ бош вазири Абдумалик Абдулложоновни 40 кун ҳибсда тутиш ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳибс муддати тугагунига қадар Душанбе Украина расмийларига уни экстрадиция қилиш ҳақида расмий талабнома жўнатиши лозим.

Бундан 16 йил муқаддам Тожикистон томонидан халқаро қидирувга берилган 64 ёшли Абдумалик Абдулложонов аввалроқ АҚШдан учиб келган пайтда Киевнинг «Бориспол» аэропортида Украина Ички ишлар вазирлиги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бош бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган.

Тожикистон Абдулложоновни террорчилик, қуролли исён, суиқасд, уюшган жиноий гуруҳ тузганлик каби бир қатор оғир жиноятларда айблаб келади. Шу жумладан, у 1997 йилнинг 30 апрелида Хўжандда президент Имомали Раҳмонга суиқасд уюштирганликда айбланади. Шунингдек, собиқ бош вазирни 1998 йил ноябрида полковник Маҳмуд Худойбердиев томонидан уюштирилган исённи қўллаб-қувватлаганликда айблайдилар.

Абдулложонов Тожикистондаги беш йиллик фуқаролар урушининг бошларида, яъни 1992-1993 йилларда мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаган, кейин эса икки йил Тожикистоннинг Россиядаги элчиси бўлиб ишлаган.

1994 йили у президентликка номзодини қўйган, бироқ мағлуб бўлгач, Тожикистонни тарк этган. 1997 йилда қидирувга берилганидан кейин у бир йил ўтгач, АҚШга кўчиб кетган.

Озодлик радиоси тожик хизмати маълумотига кўра, Абдулложонов АҚШнинг грин-картасига эга.
XS
SM
MD
LG