Линклар


Хоразм вилояти маъмурий маркази ҳисобланган Урганч шаҳри марказидаги уйлар, xусусий дўкон ва ресторанлар бузила бошлади. Уйи бузилган хонадон эгалари товон пули ололмаëтганига норозилик билдирмоқда.

Шу ҳафта бошида Урганч вокзали ёнида жойлашган эски ва янги биноларга булдозер солинди. Эски автовокзал биноси ҳамда шу атрофдаги уйлар, xусусий дўкон ва ресторанлар бузиб ташланди.

Урганч марказий майдонидан вино заводигача бўлган ҳудудда ўнлаб уй ва офис биноларининг бузилиши режалаштирилган. 280 та оила шаҳар марказининг реконструкциясидан сўнг қаерда қўним топажаклари борасида аниқ бир тасаввурга эга эмасликларини айтишади:

- Шаҳарда экскаватор шовқини кун сайин қаттиқроқ эшитиляпти. Уйлар бузилaяпти, чанг-тўзон, икки қаватли биноларни ҳаммасини бузишaяпти. “Машъал” дўкони ёнида турамиз, бизни уйимизни ҳам бузади, деган гап бор. Лекин, қаердан уй беришади билмаймиз, дейди урганчлик Дилором опа.

Урганч марказида шунингдек, соя берадиган гужумлар ҳам кесилиб, улар ўрнига нимжон арча ниҳоллари қадалаяпти.

Урганчда эски уйларни бузиш кампанияси 2011 йилда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифидан сўнг бошланган эди.

Бош вазир маҳаллий расмийларга вилоят марказидаги “эски уйларни зудлик билан бузиб ташлаш”ни топширгани айтилади.

200 минг аҳоли яшайдиган Урганч шаҳрида дастлаб марказдаги Ал Хоразмий шоҳ кўчаси атрофидаги икки қаватли уйлар бузилиб, унинг ўрнида саккиз қаторли кенг проспект барпо этилди.

Бузилаётган уйларда яшовчи аҳоли ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратура томонидан кучли босимга учради. Кўпчилиги ҳуқуқ-тартибот идоралари босимга ён берди ва кўчишга рози бўлди.

Урганчлик 59 ёшли Одила опа уйи бузилган юзлаб урганчликларнинг бири:

– Квартирамни бузишганида мен уйда эмас эдим. Олдиндан айтишгани йўқ. Ҳамма нарсамни вайрон қилишди, ўзим кўчада қолдим. Компенсация учун 38 миллион сўм беришди. Лекин бу пулга Урганчда уй, квартира сотиб олса бўладими, бўлмайдими, бу ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳозир ҳам шу бўлaяпти. Қаерга борсанг бор, уй бузилиши керак экан, дейди Одила опа.

Аммо Урганч шаҳар ҳокимлиги расмийлари Озодлик мухбирига уйи бузилганларга шаҳар четидан турар-жой қуришлари учун участкалар таклиф этилаётгани, айримларига кўп қаватли замонавий уйларда квартиралар берилаётганини айтишди.

Уйи бузилганларнинг кўпчилиги эса ҳокимиятнинг бу таклифига рози эмас.

– Ер участкалари Ғойбу қишлоғи, Пахтакор массивидан берилаяпти. Жуда узоқ ва ноқулай. Албатта¸ рози эмасмиз, дейди урганчлик Собир ота.

Урганч замонавий шаҳарга айланади

Исми ошкор этилишини истамаган Хоразм вилояти Архитектура бошқармасидаги манбанинг сўзларига кўра, 2015 йилга келиб Урганчдаги бузилган икки қаватли уйлар ўрнида тўққизта янги беш қаватли ва саккизта уч қаватли уйлар қад ростлаши керак.

- Ҳозир вокзал атрофидаги эски уйлар бузилиб, у ерда боғ барпо этилади. Вокзалга элтувчи йўл кенгайтирилади. Шовот каналини ўнг томонида Соғломлаштириш мажмуи ва стадион ҳам қурилади. Мақсад Урганчни замонавий шаҳарга айлантириш, деди Озодлик мухб ирига исми айтилмаслиги шарти билан гапирган Архитектура бошқармаси расмийларидан бири.

Ўтган йил октябр ойида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Хоразмга ташрифи чоғида “Урганчни замонавий шаҳарга айлантирамиз, келган сайёҳлар Хивага боришдан аввал Урганчни чиройини ҳам бир кўришсин”, деган эди.

Президентнинг ушбу баёнотидан сўнг Урганч шаҳрини замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида қайта қуриш мақсадида умумий қиймати 112 миллиард сўмни ташкил этадиган дастур ишлаб чиқилди.

- Ҳозир Ал Хоразмий кўчасида биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларидан иборат 12 та кўп қаватли турар-жой биноси қурилaяпти. 25 ўринли учта меҳмонхона қурилиши ҳам бошланган. Шунингдек, тўртта замонавий супермаркет қурилиши якунига етиб қолди, деди Хоразм вилояти Архитектура бошқармасидаги манба.

Урганчлик Одила опа эса шаҳарни замонавийлаштириш одамларни ҳуқуқини топташ эвазига амалга оширилмаслиги кераклигини айтади:

- Ҳозиргина мен шаҳар марказидан ўтиб келдим. Тўғри эски биноларни бузишaяпти. Шаҳар аэропортидан марказ томонга кетаверишда чиройли уйлар қад ростлади. 2015 йилга бориб шаҳар яна ҳам чиройли бўлади, деб айтилaяпти. Лекин бу одамларни ҳуқуқларини топташ, уларни кўчага ҳайдаш эвазига бўлмаслиги керак-да. Майли эски уйларни бузишсин, лекин уйи бузилаётганларни ҳокимият рози қилиши керак, ўрнига ўрин уй бериши керак , дейди Урганчдаги квартираси бузилиб, уйсиз қолган урганчлик Одила опа.
XS
SM
MD
LG