Линклар

30 январ куни Москва вилоятининг Серпухов шаҳрида Россия ҳуқуқ тартибот ходимлари томонидан Ўзбекистонда “экстремизмда” айбланаётган Низомбек Болтабоев ҳибс этилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари “жиҳодчиликда” айбланаётган Болтабоевнинг ҳатто намоз ўқимаслигига эътибор қаратмоқда.

Асакалик Низомбек Болтабоев икки нафар дўсти билан машинада Подмосковъенинг Серпуховида кетаётганида полиция ходимлари томонидан тўхтатилган ва ўша ердаёқ уни Ўзбекистон ҳукумати сўрови билан ҳибсга олишган.

Болтабоевни ҳибсхонада бориб кўрган "Марказий осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти" раҳбари Баҳром Ҳамроев, Низомбек махфий идоралар ўйинларининг навбатдаги қурбони, дейди:

- Мен кеча оқшом Серпуховга бордим. Болтабоев Низомбекнинг танишлари менга 30 январ куни, яъни у қамалган куни, мурожаат қилишди. Болтабоев Москва вилоятидаги бу шаҳарда кетаётган бўлган ва уни машинасини бир нечта полиция машинаси блокироват қилиб, қуршаб олган. Улар 3 киши бўлган, Болтабоевнинг икки дўсти қўйиб юборилган. Ўша жойда “Сен Ўзбекистонда қидирувдасан, экстремистик ташкилотларга аъзосан”, деган гап бўлган. Оқшом мен шаҳар милиция биносига бордим. Болтабоевни кўрдим. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-моддаси бўйича айблов қўйилганлиги учун улар уни ушлаб туришга мажбур, дейди ҳуқуқ фаоли.

Диний-экстремистик ташкилотга аъзоликда айбланаётган 30 яшар Болтабоев Низомбек Умаржонович 2009 йилдан буён Россияда мардикорлик қилиб кун кечириб юрган.

Баҳром Ҳамроев сўзларига кўра, 2012 йилнинг ёзида Низомбекнинг фотосурати Андижон вилояти Асака шаҳри Ички ишлар бўлимидаги қидирув тахтасида пайдо бўлган. Яқинларининг сўровларига, милицияда Низомбек гўё чет элда “жиҳодчилар”га қўшилиб қолгани, уларнинг “гуруҳи” аъзоларидан бири Андижонда ҳибс этилгани, яна иккитаси Саудия Арабистонига чиқиб кетганини билдиришган.

“Андижонлик милиция ходимлари Болтабоевнинг ўзи Ўзбекистонга келиб таслим бўлишини таклиф этган”, дея давом этади Баҳром Ҳамроев:

- Бу айбловни ҳар қайси инсонга қўйиш мумкин. Тўғрисини айтсам, мен Болтабоев билан ўзим гаплашдим. Умуман намоз ўқийдиган бола эмас. Ароқ ичиб юрар экан, ўзи ўхшайди ҳам кўринишидан. Лекин Ўзбекистон милицияси экстремистларни топа олмаганидан кейин, бошқаларни қурбон қилиб юбораверар экан. Смоленск шаҳридан асакалик бир йигитни 2012 йил июн ойида экстрадиция қилиб олиб кетишган. Ўша йигитнинг бунга алоқаси бўлган. Ўша олиб кетилаётган йигитларни мажбурлашиб, бошқа йигитларга қарши кўрсатмалар олинaяпти. Биз бу ҳолатларнинг тўхтатилишини ўйлаб кўрaяпмиз, дейди “Мемориал” ташкилоти аъзоси Баҳром Ҳамроев.

Болтабоев Низомбек ҳозирда Серпухов шаҳар тергов изоляторида қолмоқда.

"Мемориал" инсон ҳуқуқлари марказининг Марказий Осиё бўйича бўлими раҳбари Виталий Пономарёв Озодлик билан суҳбатда Низомбек Болтабоев ҳимояси билан ҳозирда ташкилот адвокатлари шуғулланаëтганини маълум қилди.

У ҳозиргача Ўзбекистон махфий хизмат идораларининг қизиқишини асосан диндорлар тортиб келган бўлса, эндиликда улар билан шунчаки алоқада бўлган шахслар ҳам хавф остида қолаётганини таъкидлади:

- Россияда ҳозир жуда кўплаб Ўзбекистон фуқаролари ишламоқда. Ўзбекистонда кимдир қўлга олиниб зўрлаш ва қўрқитиш йўли билан ундан кимларнингдир исм-шарифларини айтишни сўрашганда, бу бечоралар бу ердагиларни ҳимоя қиламан деб, одатда Ўзбекистондан анча олдин чиқиб кетган ҳамқишлоғини кўрсатади. Мана шу кўрсатмалар жиноий ишларда кенг қўлланилади ва полициячиларнинг катта шов-шув билан “экстремистларни фош этгани” эълон қилинади. Иккинчидан, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари назоратида бўлган ва четга чиқиб кетаётган ўзбеклар устидан саноқсиз агентлар ёрдамида маълумот йиғилиб борилмоқда. Бундай одам билан шунчаки алоқа қилишнинг ўзи ҳозир хавфли бўлиб қолди, дейди “Мемориал” фаоли Виталий Пономарёв.

“Мемориал” ходимлари Низомбек Болтабоев иши бевосита ўтган йилнинг ўрталарида Ўзбекистонга Россияда бериб юборилган Жамшид Абдуллаев иши билан боғлиқ эканлигини таъкидлашмоқда.

Пономарёвнинг айтишича, 2013 йилнинг 6 февралида Андижон СНБси ва милицияси томонидан 36 ёшли Қозимбек Ваҳобов уйида тинтув ўтказилган. 2010 йилдан буён Россияда меҳнат қилиб юрган Қозимбек Ўзбекистонда одатий бўлиб қолган 159-модда (конституциявий тузумга тажовуз), 244-1 (жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатиш), 244-2 (диний-экстремистик ташкилотларга аъзолик) моддалари асосида халқаро қидирувга берилган.

Ҳуқуқ фаоллари андижонлик бу йигит ҳам айнан моддалар асосида айбланиб олиб кетилган Жамшид Абдуллаев кўрсатмаси асосида қидирувга берилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG