Линклар

Британия Ўзбекистонга қурол сотишга рози бўлди


Британия Мудофаа вазири Ўзбекистонга сотиладиган ҳарбий ускуна фақатгина чегарани мустаҳкамлаш учун ишлатилишини айтмоқда.

Британия Мудофаа вазири Ўзбекистонга сотиладиган ҳарбий ускуна фақатгина чегарани мустаҳкамлаш учун ишлатилишини айтмоқда.

Британия матбутининг ёзишича, Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан қурол эмбаргоси бекор қилинганидан бери Лондон бу мамлакатга илк бор ҳарбий ускуна сотишга розилик берган. Британия бунинг эвазига 2014 йил охирига қадар Афғонистондан қўшинларини олиб чиқишни Ўзбекистон ҳудуди орқали амалга ошириш имконига эга бўмлади. Айни пайтда, Британия мудофаа вазири Ўзбекистонга ички репрессиялар учун ишлатиб бўладиган қурол сотилмаслигни билдирди.


Буюк Британия Ўзбекистоннинг ўз ҳудуди орқали транзит йўлак очиб бериши эвазига бу мамлакатга қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника сотишга келишиб олганини билдирди.

Британия матуботига кўра, мудофаа вазири Филип Ҳаммонд Тошкент ҳукумати билан келаси йилнинг охиригача Ўзбекистон авто ва темир йўл магистраллари орқали инглиз қўшинларини олиб чиқиш борасида келишиб олинганини маълум қилган.

Ўзбекистонга бунинг эвазига айнан қандай қурол ва ҳарбий техника етказилиши очиқлангани йўқ.

Ўзбекистон Афғонистондаги халқаро қўшинларга транзит йўлагини очиб бериш эвазига НАТОдан қурол-аслаҳа ва ҳарбий техниканинг бир қисмини беришни талаб қилиб келмоқда.

Келишув Андижон воқеаларидан кейин ЕИ Тошкент ҳукуматига қўллаган қурол эмбаргоси бекор қилинганидан бери Европанинг етакчи давлати бўган Британия Ўзбекистонга илк бор қурол етказиб беришини англатади.

2005 йил 13 май куни ҳукумат кучлари Андижонда юзлаб тинч намойишчини отиб ўлдиргани юзасидан мустақил тергов ўтказиш талаби бажарилмаганига қармай ЕИ қурол эмбаргосини 2009 йил ноябрида бекор қилган.

Айни пайтда, Би-Би-Си мудофаа вазири Ҳаммондга таяниб, Лондон-Тошкент келишувига кўра, Ўзбекистонга чегараларни мустаҳкамлаш учун ишлатиладиган ҳарбий ускуна етказилишини ёзмоқда.

“Биз ички репрессиялар учун ишлатилиши мумкин бўлган техникани сотмаслик приципига амал қиламиз. Лекин Ўзбекистон 2014 йилдан кейин Афғонистон билан чегара чизиғида қатор муаммоларга дуч келиши мумкин”, дея иқтибос келтирди Би-Би-Си Филип Ҳаммонддан.

Россиядаги “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольц Британия учун бундай техникани Ўзбекистонда қолдириб кетиш харажатлар нуқтаи назаридан қулайроқ, бошқа тарафдан президент Ислом Каримов тимсолида минтақада иттифоқчини қўлга киритиш учун ҳам муҳидир, дейди.

- Бу ерда гап асосан оғир техника ҳақида кетаётгани маълум. Бу танк, артиллерия қурилмалари каби техникадир ва уни дунёнинг нариги чекассига олиб кетишдан кўра, Ўзбекистонда қолдириб кетиш арзонроққа тушади. Британияда эса ҳозир айниқса, ҳарбий бюджетни қисқартириш устида бош қотиришмоқда.

Бошқа томондан мазкур келишувда, албатта, британиялик ҳарбийларнинг маҳаллий ҳамкорларни тайёргарликдан ўтказишга оид пунктлари бўлишига шубҳа қилмасак бўлади. Чунки Ўзбекистон ҳозирда ишлатаётган Россия қуролидан фарқли ўлароқ, гап замонавий ва мураккаброқ қурол ҳақида кетмоқда. Уни ишлатиш учну махсус тайёргарлик керак. Бу эса нафақат, Ўзбекистон ва Британия, балки Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи демакдир. Жаноб Ислом Каримов учун бу жуда муҳим воқеадир, дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи.

Россия одатда ўзининг томорқаси деб қараб келадиган Марказий Осиёда яна НАТО иттифоқчисининг пайдо бўлаётгани, албатта, Москвага ёқмаслиги мумкин, лекин Кремлнинг Ислом Каримов билан муносабатлари ҳар доим ҳам мураккаб бўлиб келган ва бу улар учун янгилик бўлмайди, дея давом этади Александр Гольц.

- Жаноб Каримов ҳам Ғарб, ҳам Россиядан қандайдир имтиёзларни олиш мақсадида навбатдаги мураккаб ўйнни бошламоқда. Унинг коллектив хавфсизли шартномаси ташкилотидан чиқиб кетганини унутмайлик, ҳозир Каримав, бемалол, ҳар ким билан, ҳар қандай ҳамкорлик қилиши мумкин, дейди “Ежедневный журнал” ҳарбий шарҳловчиси Александр Гольц

Ўзбекистон Андижон воқеаларига қадар НАТОнинг Афғонистондаги ҳарбий миссиясига яқиндан кўмаклашиб келган. Хусусан, мамлакат ғарбидаги Қарши-Хонобод ҳаво базасини АҚШ ҳарбийлари ихтиёрига берган.

2005 йилда АҚШ базаси ёпилганидан кейин ҳам, Термиз ҳаво базасида немис қўшинлари ҳозирлиги сақланиб қолди.

НАТО етакчилигидаги халқаро қўшинларнинг Афғонистондан 2014 йил охирига қадар олиб чиқилиши режалаштирилмоқда. Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтиб, то Болтиқ бўйигача борадиган Шимолий таъминот тармроғи эса, бунинг энг арзон ва энг қулай йўлак деб кўрилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG