Линклар

"Баҳо шакар" ҳам Дубайга қочди


"Баҳо шакар" лақаби билан танилган Баҳодир Каримжонов шакар импорти билан шуғулланувчи таниқли шахслардан бири.

"Баҳо шакар" лақаби билан танилган Баҳодир Каримжонов шакар импорти билан шуғулланувчи таниқли шахслардан бири.

Ўзбекистонда шакар бизнеси билан шуғулланувчи “Баҳо шакар” лақаби билан танилган Баҳодир Каримжонов Дубайга қочиб кетди. Унинг Ўзбекистондаги бизнеси эса ҳозирда текширувда.

Мамлакатдаги шакар импорти билан шуғулланиб келган таниқли шахслардан бири бўлган тошкентлик 37 ёшли “Баҳо шакар” - Баҳодир Каримжонов мамлакат прокуратураси ўз бизнесини тафтиш қилишни бошлангач¸ Ўзбекистондан қочиб кетган.

Бирлашган Араб Амирлигидаги Озодликнинг ишончли манбасига кўра, Баҳодир Каримжонов 2-3 ҳафта олдин Тошкентдан Дубайга келган ва ҳозирда шу ерда яшаяпти.

Баҳодир Каримжоновнинг шакар бизнесидан ташқари турли йўналишдаги бир қанча фирмалари борлиги, жумладан, қурилиш соҳаси бўйича ҳам катта бизнес эгаси экани айтилаяпти.

Жорий йилнинг 7 январидан бошлаб Баҳодир Каримжоновга тегишли бизнес шохобчалари ва офисларида прокуратура текшируви бошлангач, унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг бир қатор моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Бу ҳақда Озодликнинг Тошкентдаги ишончли манбалари маълум қилди.

Манбалардан бирига кўра, 7 январ куни Баҳодир Каримжоновга тегишли бизнес шохобчаларидан бири - Тошкент вилоятининг Зангиота тумани Назарбек маҳалласида жойлашган “Музимпекс” қўшма корхонасида Миллий хавфсизлик хизматининг буйруғи асосида текширув бошланган.

Мевани қайта ишлаш билан шуғулланувчи Британия - Ўзбекистон қўшма корхонаси - “Музимпекс”нинг исмини ошкор қилмаётганимиз мулозимларидан бири ташкилотда текширув бўлаётганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, январ ойининг бошида “Музимпекс”да бошланган Тошкент шаҳар прокуратурасининг текшируви ҳамон давом этаяпти.

Бироқ мулозим “Музимпекс” Баҳодир Каримжоновга тегишли эканини инкор қилди. Унга кўра, корхона мулозимлари рўйхатида Каримжоновнинг исми-шарифи қайд қилинмаган, ҳозирда “Музимпекс” раҳбари лавозимида Рустам Саликжонов ишлаяпти.

Ўтган йилнинг бошида Тошкентдаги хусусий клиникаларда рейд ўтказилиб, кўплаб клиникалар ёпилган эди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз тошкентлик манбага кўра, ўша пайтда ёпилган клиникаларнинг аксари Баҳодир Каримжоновга тегишли бўлган.

Озодлик мухбири Тошкент шаҳар прокуратурасидан бирор маълумот олишга муваффақ бўлмади. Прокуратура ходимлари ҳар қандай маълумот олиш учун ёзма мурожаат қилишни тавсия қилишди.

Каримжонов оиласига яқин манбалардан бирининг исмини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, Баҳодир Каримжонов шакар бизнесини юритишда президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан ҳамкорлик қилган.

1976 йилда туғилган Баҳодир Каримжонов Тошкент шаҳрининг Бўстон маҳалласида зиёли оилада туғилиб ўсган.

Озодлик мухбири суҳбатлашган тошкентликлар Баҳодир Каримжоновнинг саховатпеша инсонлигини айтиб, унинг шаънига илиқ фикрлар гапиришди.

Бўстон маҳалла қўмитасидан олинган маълумотга кўра, Баҳодир Каримжонов маҳалладаги мактаб, болалар боғчаси, масжид, поликлиникани таъмирлаш ишларига ҳомийлик қилган.

Шунингдек, Тошкентдаги Ҳувайдо маҳалла қўмитаси фаолларининг айтишича, Каримжоновнинг ҳомийлигида ушбу маҳалладаги 169-мактаб ва поликлиника таъмирланган.

Тошкентдаги “Кўкча” масжидида ўтказилган таъмирлаш ишларига ҳам Баҳодир Каримжоновнинг ҳомийлик қилгани айтилаяпти.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг шакарга бўлган бир йиллик эҳтиёжи 700 минг тоннани ташкил қилади.

Бундан 340 минг тоннаси ҳозирда мамлакатда ягона бўлган шакар заводи - “Хоразм шакар” томонидан етказиб берилади. Қолган қисми эса чет элдан импорт қилинади.

Шакар импорти билан шуғулланувчилар орасида “Баҳо шакар” - Баҳодир Каримжонов энг таниқлиси. Ўзбекистон шакар монополистлари рўйхатида "Баҳо шакар"дан сўнг “Обид шакар” билан “Турғун шакар” лақабли тадбиркорлар туриши айтилаяпти.

Ўзбекистонда йирик ширкат раҳбарлари ва таниқли ишбилармонларнинг қамалиш хавфи боис қочишлари сўнгги йилларда кўпайиб бормоқда.

Хорижга қочганлар рўйхатида, жумладан, таниқли тадбиркор Ғофир Раҳимов, "Алп Жамол-Банк" эгаси Муҳиддин Асомиддинов, "Капитал-Банк" таъсисчиси ва "Пахтакор" футбол жамоасининг президенти Ботир Раҳимов, Carlsberg Uzbekistan ширкатининг раҳбари Евгений Шевченко, "Қизилқумцемент" бирлашмаси директори Ражаббой Жуманазаров, Тошкентдаги "Карвонбозор" улгуржи бозори директори Дмитрий Лим каби қатор йирик корчалонлар борлиги айтилади.

Норасмий манбаларга кўра, Ўзбекистондан қочган тадбиркорларнинг аксари ҳозирда Дубайда яшаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG