Линклар

logo-print
Миллионларни ўзлаштирган кредит уюшмаси расмийлари ғойиб бўлди. Cамарқандлик жувон қайнонасини шафқатсиз ўлдирди. Баҳор эрта келаётганидан боғбонлар ташвишда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Бир миллиард сўмга яқин омонат гумдон қилинган”

Қўқондаги “Олтин водий” кредит уюшмаси директори Маҳкам Тўйчиев омонатчиларни алдаш, кредит уюшмаси ҳисобидаги маблағларни ўзлаштириш ва ҳужжатларни сохташтиришда айбланиб, 7,6 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Истеъмолчи”, 7 феврал). Тўйчиев бошчилигидаги жиноий гуруҳ қисқа фурсатда кредит уюшмасининг 378 миллион сўм маблағини гумдон қилган. Бундан ташқари, 117 нафар омонатчининг 505,5 миллион сўм пулини ўзлаштирган. Кредит уюшмаси раҳбарига укалари Акмал ва Шавкат Тўйчиев, уюшма ходимлари Асқарали Абдураҳмонов ва Мансур Ғанибоев кўмак берган. Ушбу жиноятда иштирок этган икки нафар шахс қочиб кетган.

“Ucell” раҳбари кимни алдамоқчи?”

“Ucell” алоқа оператори кўрсатаётган хизматлар сифатсизлигича қолаётган бир пайтда ширкат директори Али Аган оммавий ахборот воситалари орқали баландпарвоз интервюлар бермоқда (“Новый век”, 7 феврал). Газетага кўра, ширкат раҳбари ютуқлар ҳақида оғзидан бол томиб гапириш ўрнига хизмат сифатини ошириш ҳақида ўйлагани маъқул. Фуқаролар мурожаатларида айтилишича, сўзлашув борасида узилишлар тобора кўпаймоқда, 3G, 4G хизматлари ҳатто Тошкентда ҳам кўнгилдагидек ишламаётир.

Муаллиф Валерия Денисовага кўра, вазият тақозоси билан кўп миқдордаги абонентларга эга бўлган компания хизмат сифатини ошириш борасида реал чоралари кўриши, мижозлар мурожаатларига эътиборли бўлиши керак. Муаллиф “Ucell” мижозлари ширкат бош офиси – Стокҳолмга ҳам шикоят қилиш ниятида эканини маълум қилади.

“Бандликка кўмаклашиш маркази кимга кўмаклашади?”

Тошкент шаҳри туманларидаги Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари фуқароларнинг телефон қўнғироқларига жавоб бермаётир. Айрим ҳолларда эса бўш иш ўринларига фақат тажрибали ходимлар олиниши рўкач қилиниб, битирувчилар сўрови рад этилмоқда (“Даракчи”, 7 феврал). Ҳамза туманидан Азиза Хонова, Олмазор туманидан Юлдуз Ҳусанова, Чилонзор туманидан Наргиза Комилова иш билан таъминлаш ваъдаси бажарилмаётганидан шикоят қилган. Газета эслатмасига кўра, Бош прокуратурага битирувчиларнинг ишга жойлашгани тўғрисида тақдим этилаётган ҳисоботларнинг ишончлилиги юзасидан назоратни кучайтириш, айбдор мансабдорларни жавобгарликка тортиш топширилган.

“Ҳоким қарори бекор қилинди”

Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани ҳокимининг “Шўрчи бош бекати” хусусий корхонасига нисбатан чиқарган асоссиз қарори хўжалик суди томонидан ҳақиқий эмас деб топилди. “Куч адолатда” газетасига кўра, туман ҳокими хусусий корхона ишига аралашиб, унинг фаолият йўналишини ўзгартирган. Натижада, туман давлат солиқ инспекцияси хусусий корхонага нисбатан катта миқдорда солиқ ҳисоблаган. Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси расмийси Бахтиёр Тожиевга кўра, ҳоким қарори бекор қилиниши баробарида корхонага асоссиз ҳисобланган солиқ ҳам бекор қилинган.

“Келинчак қайнонаси жонига қасд қилди”

Cамарқандда ёш келинчак қайнонасини ўлдириб, танасини бўлакларга ажратиб ёқиб юборган (“Адолат кўзгуси”, 7 феврал). Эри узоқда ишлаётган жувон ёмон йўлларга кириб кетган. Кунларнинг бирида келинчак қайнонасининг ухлаб қолган деб ўйлаб, уйига ўйнашини бошлаб келган. Қайнонаси келинини бегона эркак билан ушлаб олгач, бу ҳақда ўғлига маълум қилишини айтган. Қайд этилишича, жувон шармандаликнинг олдини олиш мақсадида қайнонаси жонига қасд қилган. Жиноятнинг бошқа тафсилотлари ва қотиллик содир этган аёлнинг исм-шарифи очиқланмаган.

“Сирдарёда сохта милиционерлар қўлга тушди”

Сирдарё вилоятида ўзини ички ишлар ходими сифатида таништириб, одамлардан товламачилик йўли билан катта миқдорда пул ундирган Жаҳонгир Ғаниев ва Ихтиёр Ботиров маҳкамага тортилди. “Адолат” газетаси хабарига қараганда, судланувчилар фуқаролар Нурмуҳаммад Мирзаев ва Рўзибой Ибрагимовни қамаш билан қўрқитиб қимматбаҳо қўл телефонларини ва бир неча миллион сўм пулини олиб қўйган. “Агар сохта милиционерлар актёрлик касбини танлаганларида, улардан яхши санъаткор чиқиши мумкин эди. Чунки улар ҳеч қандай репетициясиз ҳам икки йигитни бир зумда ўз қармоқларига илинтиришди-да” деб ёзади жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди судяси Ҳусниддин Дўсназаров. Айтилишича, сохта милиция ходимларига “қилмишларига яраша” жазо берилган.

“Тошкент аэропортида 12,5 кг олтин ушлаб қолинди”

Тошкент аэропортида 12,2 килограмм қуйма тиллани ноқонуний олиб ўтишга уриниш тўхтатилган (“XXI аср”, 7 феврал). Тошкент-Истамбул йўналишида парвоз қилаётган О.Саидносировга қарашли чемодан яширин қисмидан 2,5 килограмм тилла топилган. Шунингдек, айни шу йўналишда учаётган фуқаролар Б.Жўраева ва И.Илҳомоваларнинг қўл юкларидан ҳам 10 килограмм қимматбаҳо металл топилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари олиб борилаётгани айтилган. Божхона идораси маълумотига кўра, 2012 йилда тилла буюмларини олиб ўтиш билан боғлиқ 37 та қонунбузарлик аниқланган ва 34 килограмм тилла ва заргарлик буюмлари ушлаб қолинган. Ўзбекистонда тилла ва заргарлик буюмларини экспорт қилиш Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги лицензияси асосида амалга оширилади.

“E-Hujjat” тизими 150 та давлат ташкилотини қамради”

Ўзбекистонда “E-Hujjat” электрон ҳужжат юритиш тизими жорий этилмоқда. Бу ҳақда “Хабар” газетаси маълум қилади. Электрон ҳукумат тизимининг таркибий қисми саналган электрон ҳужжат системасига кўра, давлат идоралари ўртасидаги ҳужжат алмашуви замонавий ахборот технологиялари ёрдамида электрон тарзда амалга оширилади. Ушбу тизимни такомиллаштиришга БМТ Тараққиёт дастури кўмак бермоқда. Айни пайтда “E-Hujjat” тизими 150 та давлат ташкилотини қамраб олган. Ҳимоялаган ягона тизим “Unicon.uz” давлат корхонаси томонидан жорий этилмоқда.

“Миришкорлар баҳорнинг эрта ташрифидан хавотирда”

Ўзбекистонда баҳор бу йил барвақт келаётганидан боғбонлар ташвишда (“Ўзбекистон овози”, 7 феврал). Негаки, ҳаво ҳароратини кўтарилиши муносабати билан қишки уйқудаги дарахтлар эрта уйғонади. “Бу вазиятда тўсатдан ҳарорат пасайиб, совуқ (-3, -5 даража) бўлса, дарахтларнинг танаси, айниқса, мева куртаклари ва гуллари шикастланиши мумкин. Шафтоли, ўрик, олхўри ва бошқа данакли дарахтларнинг мажбурий тиним даври жуда қисқа ва бундай ҳолларда улар кўпроқ зарар кўради” дейди Ўзбекистон боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти бўлим мудири Абдулла Арипов. Қишлоқ хўжалиги мутахассисига кўра, мевали дарахтларнинг уйғонишини кечиктириш мақсадида агротехник тадбирлар, масалан, боғларни яхоб суви билан суғориш чоралари кўрилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG