Линклар

Швейцарияликлар Зардорий ишини қайта кўрмоқчи эмас


Покистон президенти Осиф Али Зардорий.

Покистон президенти Осиф Али Зардорий.

Швейцария Покистон президентига қарши коррупция билан боғлиқ текширувни қайта очишни рад қилди. Прокурорлар буни ҳодиса қонунда белгиланган муддатдан ўтиб, эскириб кетгани билан изоҳлади.

Швейцария ҳукумати Покистон президенти Осиф Али Зардорийга қарши коррупция билан боғлиқ текширувни қайта очмасликка қарор қилди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, швейцариялик прокурорлар Покистон ҳукуматига шанба куни йўллаган мактубида шу ҳақда маълум қилган.

Покистон Федерал Қонун вазири Фаруқ Наек Швейцария ҳукуматидан расмий мактуб олингани ҳақидаги маълумот тўғри эканини тасдиқлаган.

Ўтган йил ноябр ойида Покистон ҳукумати Осиф Али Зардорий давлатга тегишли бўлган ўнлаб миллионлаб долларни ўғирлагани ва Швейцария банкидаги рафиқасига тегишли ҳисобларига ўтказгани ҳақидаги иддаолар бўйича текширув ўтказишни сўраб, Швейцария ҳукуматига мактуб йўллаган.

Dawn.com Интернет нашри маълумотига кўра, Покистон ҳукумати ўз мактубида нафақат 60 миллион доллар ўғирлангани иддаоси бўйича текширувни қайта очишни, балки Швейцария қонунлари доирасида Осиф Али Зардорийнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ҳам сўраган.

Хабарларга кўра, Швейцария расмийлари Зардорийга қарши ишни қайта очмаслик ҳақидаги ўз қарорини ҳодиса мамлакат қонунларида белгиланган муддатдан ўтиб, эскириб кетгани билан изоҳлаган.

Айни пайтда, Швейцария халқаро қонунларга мувофиқ, Осиф Али Зардорий давлат раҳбари сифатида дахлсизлик ҳуқуқига ҳам эга экани билдирган.

Осиф Али Зардорийга қарши жиноий иш ўтган асрнинг 90-йилларида очилган.

Бироқ 2007 йилда президент Парвез Мушарраф чиқарган Миллий ярашув фармонида кўзда тутилган амнистияга мувофиқ, текширув ишлари тўхтатилган.

2009 йилда Покистон Олий суди ҳукуматга Покистон Халқ партияси етакчиси Зардорийга қарши ишни қайта очиш ҳақида буйруқ берган. Ўз навбатида, бу ички сиёсий бўҳрон юзага келишига сабаб бўлган.

Швейцария ҳукуматининг президент Зардорийга қарши коррупция билан боғлиқ текширувни қайта очмаслик ҳақидаги қарорини Покистон Халқ партияси тарафдорлари катта хурсандчилик билан кутиб олди.

Покистон Ахборот вазири Қамар Замон Каира партия тарафдорларини Швейцария ҳукумати қарорини меъёрдан ортиқ хурсандчилик билан нишонламасликка чақирди.
XS
SM
MD
LG