Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:44

Темир йўли қурилишига 4 миллиард доллар керак


Хитой - Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг техник иқтисодий асосламаси тайёр бўлганини маълум қилган Қирғизистон Бош вазирининг ўринбосари Тайирбек Сарпашев, лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган 4 миллиард доллар маблағни кимдан олиш масаласи ўрганилаётганини айтди.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Тайирбек Сарпашев Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбати чоғида 15 йилдан бери муҳокама қилиниб келинаётган Хитой-Қирғизистон- Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси юзасидан биринчи амалий иш ниҳоясига етганини билдирди.

- Лойиҳанинг техник иқтисодий асосламаси ёзиб бўлинди. Энди маблағ масаласини ҳал қилиш учун икки-уч вариантни ўрганиб чиқишимиз керак. Биринчи йўли- банклардан қарз олиб темир йўлни Хитой билан ҳамкорликда қуриш, иккинчи йўли-қурилишини хусусий ширкатлардан бирига топшириш. Бу ҳолатда улар темир йўлни қуриб битказгач, сарфлаган маблағини фойдаси билан қайтариб олгунигача темир йўлдан фойдаланади, кейин эса ҳукумат ихтиёрига ўтказиб беради, -деди Тайирбек Сарпашев.

Бишкек расмийсининг айтишича, Хитой томони темир йўлни Осиё тараққиёт банкидан олинган қарз ҳисобига Қирғизистон билан ҳамкорликда қуриш таклифини илгари сурмоқда.

Хитой - Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли уч давлатнинг ҳамкорликдаги лойиҳаси ҳисобланади. Ўтган йилнинг апрел ойида Қирғизистон Хитой билан темир йўлнинг техник иқтисодий асосини бир йил ичида ёзиб тугатиш тўғрисидаги меморандумни имзолаган эди. Бу вазифа ўн ой ичида бажарилди. Тайирбек Сарпашевнинг билдиришича, агар режага амал қилинса, темир йўлнинг қурилиши жорий йилда бошланиши керак. Бунинг учун эса томонлар лойиҳани амалга оширишдаги ўз улушлари борасида келишиб олишлари шарт бўлади.

- Барча музокараларда битта шарт қўймоқдман. Қурилиш давомида улушлар элликка эллик бўлиши мумкин. Аммо лойиҳалар ишга тушгач, улушларнинг 10 фоизи хорижлик, 90 фоизи маҳаллий тадбиркорларга тегишли бўлиши керак, -деди Тайирбек Сарпашев.

“Ўзбекистон томонининг мазкур масалага муносабати қандай бўлмоқда?” деган саволга қирғиз расмийси мана бундай жавоб берди:

- Аслида бу темир йўл Ўзбекистонга ҳам, Қирғизистонга ҳам, Хитойга ҳам жуда керак. Биз энди лойиҳанинг ўзини-ўзи оқлаш муддати, қайси маблағ эвазига қуришимизни ва улушлар масаласини аниқлаб олишимиз керак. Агар мана шу саволларга аниқлик киритилса, қурилишни бошласак бўлаверади, -деди Тайирбек Сарпашев.

Қурилиши режаланаётган Хитой - Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг узунлиги 268 километрни ташкил этади. Қирғизистон томони темир йўлни Қашқар-Тўруғарт- Балиқчи-Қора Кеча-Жалолобод-Андижон йўналишида қуришни таклиф қилмоқда. Бу ҳолатда Қирғизистон шимолини жанубий вилоятлар билан боғлаш имконияти пайдо бўлади.

Расмий маълумотларда айтилишича, агар Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилса, Қирғизистон биргина транзитнинг ўзидан йилига 260 миллион доллардан ортиқроқ фойда кўради.

Темир йўл қурилиши учун дастлаб 2 миллиард доллар маблағ сарфланиши тахмин қилинган эди. Аммо ёзиб бўлингани айтилаётган темир йўлнинг техник иқтисодий асосламасида қурилиш учун 4 миллиард маблағ талаб қилиниши кўрсатилган.
XS
SM
MD
LG