Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:56

Фермер энди ери ҳажмини ўзгартира олади. Давлат рухсат берса...


Ўзбекистонлик фермерлар фаолияти тартибини белгилаб берувчи янги ҳужжат – "Фермер хўжалиги ер участкаси ҳажмини оптималлаштириш ва уни тугатиш тўғрисидаги" низом, Norma.uz сайтига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил, 31 январ кунги қарори билан тасдиқланган.

Низомга кўра, фермер хўжалиги ер участкаси ҳажмини ўз хоҳиши билан оптималлаштириши ва уни тугатиши мумкин.

Шунингдек, фермер хўжалиги фаолиятида шартнома интизоми бузилганига ва хўжалик фаолияти самарасиз олиб борилганига далил бўлувчи фактлар аниқланган ҳолатларда давлат томонидан амалга оширилади.

Январнинг сўнгги кунида қабул қилинган тартибга кўра, фермер ер участкаси ҳажмини каттайтириши ҳам, кичрайтириши ҳам мумкин.



Кичрайтириш учун фермер туман (шаҳар) ҳокимига ариза билан мурожаат қилади.

Каттайтириш учун эса, фермер давлат тасарруфидаги ер участкаларини узоқ муддатли ижарага бериш бўйича танловда иштирок этиши керак.

Лекин, ҳужжат мазмунига қараганда, бу - фермер ўз хўжалиги ер участкаси ҳажмини хоҳлаганича ўзгартира олади, дегани эмас.

“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга биноан, пахта ва ғалла етиштирадиган хўжаликлар ери 30 гектардан, узумчилик, сабзавотчилик ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг шунга ўхшаш бошқа турларига ихтисослашган хўжаликлар учун 5 гектардан кам бўлмаслиги керак.

Самарқандлик 35 яшар фермер Муртазо Қиличевнинг Озодликка айтишича, бу низом шу пайтгача амал қилиб келинган ҳолатга қонуний тус берди.

- Шу пайтгача низомдаги бу қоидалар ҳокимлар тарафидан дўқ-пўписа йўли билан амалга ошириб келинган. Яъни, пахта ва ғалла майдонлари камида 30 гектар бўлиши таъминлаб келинган эди. Шу пайтга ҳам фермер очидан ўлиб қолмасин, деб бозорбоп экин-тикин¸ мева-сабзавот экишга изн бериб келинган эди. Низомда буни 5 гектар қилиб қўйилиши амалдаги вазиятнинг айёрона схемада қоғозга кўчиши деганидир¸ дейди суҳбатдош.

Суҳбатдошга кўра¸ янги низомдаги ер участкасини ўз хоҳиши билан тугатиш ҳуқуқи энг парадоксал шаклга кирган.

- Фермер крепостной деҳқон эмаску¸ тугатиш ҳуқуқи конституцияда ўз аксини топган ҳуқуқку? Қолаверса, бу ҳуқуқ шартномада ҳам акс этган¸ дейди самарқандлик фермер.

Жиззах фермерлар уюшмаси аъзоси¸ ғалла ва пахта экиш билан шуғулланадиган Меҳри опа учун бу низом янгилик бўлди.

- Мен ўзи 27 гектарга пахта экардим. Демак янги низомга кўра, участкамнинг пахта экиладиган қисмига яна 3 гектар қўшилиши керак¸ дейди Меҳри опа.

Суҳбатдош янги низом асосида пахта ери кўпайишини истамайди.

- Еримни кўпайтиришни истамайман. Ҳаражат кўпаяди¸ даромад кўпайиши эса номаълум дейди¸ суҳбатдош.

Самарқандлик фермер Муртазо Қиличев фермерлар нега ерини кўпайтиришни истамаслигини тушунтиришга уринди.

- Фермер ерини кўпайтирса, шунга яраша ҳаражатлари ҳам ортади. Фермер ўз ерини кўпайтиришдан ҳеч қандай манфаатга эга эмас. Аксинча, қанча камайтирса шунча рентабеллик даражаси кўтарилади, деди Қиличев.

Суҳбат давомида самарқандлик фермер бу низомнинг ўзбек фермерлариига ҳеч қандай янги ҳуқуқ ва эркинлик бермаганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:40 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG