Линклар

Ватикан раҳбарияти Рим папаси Бенедикт XVI 28 февралдан истеъфога кетишини маълум қилди. Ғарб ахборот воситалари бераётган хабарларга кўра, Бенедикт XVI Кардиналлар кенгашига "ёши кексайгани учун" истеъфо беришга қарор қилганини билдирган.

Ватикан раҳбарияти Рим папаси Бенедикт XVI феврал ойи охиридан истеъфога кетишини маълум қилар экан, ҳозирча истеъфо сабабларини очиқламади.

Папанинг матбуот хизматига кўра, Бенедикт XVI "ёши кексайгани учун" истеъфо беришга қарор қилганини билдирган.

Шу йилнинг апрел ойида 86 ёшга тўладиган Бенедикт XVIнинг душанба куни эрталаб Ватиканга йиғилган кардиналлар мажлисида берган бу баёноти аксар ахборот воситалари томонидан фавқулодда кутилмаган, дея баҳоланмоқда.

"Худо олдида виждонимни қайта ва қайта сўроққа тутар эканман, ёшим кексайгани боис бундан буён менинг куч-қувватим Рим папасига юклатилган вазифани бажаришга мувофиқ эмаслигига қатъий ишонч ҳосил қилдим", дея папанинг сўзларидан иқтибос келтиради бу ҳақда биринчилардан бўлиб хабар қилган Theage.com.au ахборот сайти.

Ушбу сайт хабарига кўра, Бенедикт XVIнинг ўзи қарорини "черков ҳаёти учун жуда муҳим қарор", дея баҳолаган.

Бенедикт XVI бунга қадар 2010 йилда ҳам вазифани бажаришга қодир эмаслигини ҳис қилгудек бўлса, истеъфо беражагига ишора қилган эди.

CNN телеканали кейинги пайтларда Бенедикт XVIнинг соғлиги анча оғирлашгани ва вазифаси тақозо қилган маросимларда иштирок этишга жуда қийналиб қолганини хабар қилмоқда.

Бенедикт XVI Ватиканнинг 600 йиллик тарихида истеъфо берган илк папа бўлмоқда.

Шунингдек, у бесоқолбозлик ҳамда бир жинсли никоҳ кескин қораланган баёнотлари ортидан катта шов-шув ва норозиликларга сабаб бўлган папа сифатида ҳам тарихда ном қолдирмоқда.

Бунга қадар истеъфо берган папа Грегорий XII бўлган ва у 1415 йилда истеъфо берган.

Ҳозирча Бенедикт XVIнинг ўрнига ким тайинланиши ҳақида бирор маълумот йўқ.

Аммо, унинг кутилмаган қарори боис Ватикан, одатан папанинг вафоти пайтида қўлланадиган тартибга мувофиқ март ойининг ўрталарига қадар Кардиналлар кенгашининг яширин сайлови орқали кейинги папани аниқлаб олиши лозим.

86 яшар Бенедикт XVI 2005 йилда - папа Жон Паул IIнинг вафотидан сўнг Рим папаси этиб сайланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG