Линклар

Озодликнинг "Эркин микрофон"ига бугун боғланган айрим тингловчилар Ўзбекистондаги ишсизлик ва матбуотга мажбурий обуна масаласида фикр-мулоҳазаларини билдирди.


"Ўзбекистонда табақалаштириш бор"


Қарши вилоятининг Қарши туманидан қўнғироқ қилган Камолиддин ўзи яшаётган ҳудудда одамлар пора бермасдан ишга жойлаша олмаслиги, шахсан ўзи ҳам пора бериб ишга кирганини айтиб, Ўзбекистонда қонунлар ишламаслигидан шикоят қилди.

- Бугунги кунда Ўзбекистонда ишсизлар сони кўп, Россияга кетувчилар кўпда. Мана масалан мана шу ишсизларни иш билан таъминлаëтган айрим ташкилотлар бор. Шулардан бири Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсам бўлади. Бу ерда ҳозирги кунда 700дан ортиқ ишчи ходимлар ишлайди. Умуман олганда ушбу ходимлар турли ишларда ишлайди. Мен ҳам ўша ерда ишлайман. Ростини айтсам, пул бериб ишга кирганман. Оддий Қарши шаҳрининг чиқиндиларини тозалаш учун ҳам пул олаяпти. Мен сизга айтсам умуман олганда Ўзбекистонда тартиб йўқда. Сабаби табақалаштириш бор. Қонун бор, лекин амалда қўлланилмайди.

Озодлик: Амалда қайси соҳаларда қўлланилмаяпти?

- Масалан оддий рабочийликка ҳам пул олиб ишга киритади. Лекин ўша нарса бор. Мана масалан таълим соҳасини олсак. Конституциямизнинг 41-моддасида “ҳар бир шахс бепул таълим олиш” дегани бор. Лекин мана ремонтга, обуна, ҳар хил қўйди-чиқди ишларга ҳам пул олаяпти. Бу тўғрими? Президентнинг олиб бораëтган иши нотўғрику. Ўзингиз ўйлаб кўрингда. Қонунимиз амалда йўқда, дейди қаршилик суҳбатдош Камолиддин.

Сарлавҳа

9 феврал куни шеърият мулкининг султони Алишер Навоий туғилган кунга 572 йил тўлди. Сана муносабати билан Озодлик радиоси Навоий таладдудига бағишлаб ўтказилган тадбирлар ҳақида лавҳалар берди. Тожикистоннинг Сўғд вилоятидан қўнғироқ қилган Нозим ака Навоий қабри қаровсиз ҳолда эканини эшитиб ҳайратга тушганини айтди.

- Навоий ҳақида эшитдимда. Алишер Навоий қабри қаровсиз қолган дединглар. Ҳайрон қолдим. Наҳотки шундай буюк инсон қабри шундай бўлган бўлса? Ростмикан шу? Мен ишонмай қолдим. Шу эшитганмиз Нажмиддин Комилов тупроғидан олиб келиб, шу тупроғи ҳам қувват бағишлашини айтарди. Ўзбекларнинг отаси қабри шунақа бўлса, мен ҳам ич-ичимдан эзилиб кетдим. Шунча ўзбеклардан наҳотки ҳеч биттаси қайғурмаса.

Озодлик: Навоий қабрини зиëратгоҳга айлантириш ҳақида Ўзбекистон ҳукумати томонидан тегишли қарорлар чиқариб маблағ ҳам ажратилган. Лойиҳаси ишлаб чиқилган, қурилиш ишлари бошланган. Аммо Афғонистон расмийлари бунинг меъморчилиги бизнинг меъморчиликка мос келмайди деган гаплар билан қурилиш ишлари тўхтаб қолган бир неча йил аввал.

- Мен ўзимча фикр қилаяпманки, ўзбекларга муносабат ўша ëқда ҳам сал нимароқмикан дейманда. Ўзбекларга муносабат Тожикистонда ҳам у даражада нимамасда. Тожикларга бўлган муносабат яхши, лекин ўзбекларга бошқачароқ кўз билан қарайдида. Шу миллатимиз учун курашишимиз керак, қандайдир йўли бормикан. Миллат учун. Ҳарқалай нимадир бизни боғлаб турса керак, дейди сўғдлик Нозим ака.


"Мажбурий обуна порахўрликка асосланган"

Москвадаги қурилишлардан бирида ишлаётган фарғоналик Исмоилжон ака Ўзбекистон матбуотида танқидий мақолалар чоп этилмаслиги, шунга қарамай, мажбурий обуна ўтказилиши порахўрликка асослангани ҳақида фикр билдирди.

- Айтмоқчи бўлганим матбуот соҳасидаги кечаги нимани қанча пора берса мақоласи чоп этилади деди. Бир дона ҳам танқидий масала йўқ бизнинг матбуотда. Бошлиқни танқид қилиш ëки мана бу жойда мана бу нарса нотўғри бўлаяпти деган гап йўқ. Ҳаммаси қарсакбозлик, ҳаммаси ҳамма жойда зўр бўлди, фалон жойда бу қурилди, мақташдан бошқа ëққа ўтмайди бизнинг матбуот. Одамларни мажбуран обуна қилдиради. Кимга кераги бор у газеталарнинг? Одамларнинг кўнгли қолган матбуотдан. Рост гап йўқ у ерда. Шароф ака Убайдуллаевнинг айрим гапларига умуман қўшилмайман. Ғаффор Ҳотамовнинг отасига раҳмат. Отилиб портлаб кетиб шунақа гапларни ëзган бўлса, отасига раҳмат. Бу битта жойда эмас. Битта матбуотда ë президент девонида эмас. Билмайман энди буни қандай қилиш керак. Бутун бошли тизим шу порахўрлар, кўзбўямачиларнинг қўлига қолган, дейди Москвадаги қурилишлардан бирида ишлаётган фарғоналик Исмоилжон ака.

******************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG