Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:02

Қирғизистон Олий суди депутатлар маошини "давлат сири"га айлантирди


Қирғизистон Олий суди парламент депутатлари ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотни сир сақлаш тўғрисида қарор чиқарди. Бу билан Бишкек туманлараро суди ва Бишкек шаҳар судининг парламент депутатлари маошлари жамоатчилик учун очиқ бўлиши кераклиги тўғрисидаги қарори бекор қилинди.

Қирғизистон парламенти депутати Ўмурбек Абдрахманов Олий суднинг депутатлар маошни сир сақлаш тўғрисидаги қарорини шармандалик сифатида баҳолади.

-Мен “Олий суд шарманда бўлди”, деган шиорни айтаяпман ҳозир. Депутатларнинг ойлик маошлари ҳеч қачон сир бўлмаслиги керак. Нафақат депутатлар, балки президент, ҳукумат ва бошқа давлат тузилмалари ходимларининг иш ҳақлари ҳам жамоатчилик учун очиқ бўлиши шарт. Чунки биз фуқаролар тўлаётган солиқ ҳисобидан иш ҳақи олаётган одамлармиз, -деди Ўмурбек Абдрахманов.

Парламентдаги ҳукумрон Социал-демократлар фракциясидан депутат Данияр Тербишалиев Олий суднинг мазкур қарорини “саботаж”, деб ҳисоблайди. Унга кўра, Олий суд қандайдир кучлар таъсири остида парламент обрўсини жамият олдида тўкиш учун мана шундай қарор чиқарган.

Қирғиз парламентининг яна бир депутати Анвар Ортиқов ҳам ҳукумат одамларининг қанча миқдорда иш ҳақи олиши тўғрисидаги ахборот жамият учун очиқ бўлиши шарт деб ҳисоблайди.

-Мен ким сўраса, очиқ айтаман: менинг ойлигим 25 минг 500 сўм, -деди Анвар Ортиқов.

Депутат Ўмурбек Абдрахманов ҳам ойлик иш ҳақи тўғрисидаги ахборотни яширмайди:

-Менинг қўлимга ҳар ойда 32 минг сўм пул беришади. Айни пайтда 60 минг сўм маош олган депутатлар ҳам бор, -деди Ўмурбек Абдрахманов.

Демак, депутат Анвар Ортиқов доллар ҳисобида айтадиган бўлсак, ойига 542 доллар, Ўмурбек Абдрахманов 680 доллар, айрим депутатлар эса 1276 доллардан ойлик оладилар.

Суҳбатдошларимизнинг айтишларича, парламент депутатларининг асосий кўпчилиги ўз ойлик иш ҳақлари тўғрисидаги ахборот жамият учун очиқ бўлишига қарши эмас. Парламентнинг регламент бўйича қўмитаси мазкур ахборотни жамоатчиликка ошкора этиш тўғрисида махсус қарор ҳам чиқарган. Шундоқ экан, Олий суднинг қарорини қандай изоҳлаш мумкин?

-Парламентнинг иш бошқармаси деган тузилма эскидан қолган сарқит мерос экан. Бу тузилма жуда коррупциялашган экан. Мен бу гапни парламент бюджетини ислоҳ қилиш гуруҳи раҳбари сифатида айтаяпман бу гапни. Мана шу иш бошқармаси парламентнинг барча ҳаражатларини сир сақлашга ҳаракат қилаяпти. Бизнинг гуруҳимиз парламент иш бошқармаси коррупциялашган тузилма қатори тугатилиши шарт деган талабни қўймоқда, -деди Ўмурбек Абдрахманов.

Қирғизистонда парламент депутатларининг иш ҳақи билан боғлиқ суд жараёнлари парламент иш бошқармасининг “Демократия ва фуқаровий жамият учун” коалицияси юристи Азамат Адиловнинг сўровига берган жавобидан сўнг бошланиб кетди. Иш бошқармаси Азамат Адиловнинг сўровига “депутатларнинг ойликлари давлат сири” қабилида жавоб берган.

Шундан сўнг “Демократия ва фуқаровий жамият учун” коалицияси парламент иш бошқармасига нисбатан Бишкек туманлараро судига даъво аризаси киритган. Суд депутатларнинг маошини жамоатчиликка ошкор этиш тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ праламент иш бошқармаси Бишкек шаҳар судига апелляция аризаси киритган. Бишкек шаҳар суди ҳам депутатларнинг ойлик иш ҳақи тўғрисидаги ахборот жамоатчиликка ошкор этилиши тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган. Қирғизистон Олий суди эса парламент иш бошқармаси даъво аризасини қаноатлантириб, депутатлари ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотни сир сақлаш тўғрисида қарор чиқарди.

-Бу маълумотни сир сақланиши ортидан коррупциянинг мавжудлиги сезилиб қолди, -деди Азамат Адилов.

Айни пайтда Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари 12 феврал куни Олий суднинг мазкур қарорини имзолаган судялари касбий салоҳиятини ҳамда бу лавозимга муносиблигини ўрганишни талаб қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG