Линклар

logo-print
Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раҳбари¸ Тошкент Давлат консерваторияси профессори Рустам ака Абдуллаев 65 ёшга тўлган кунида Озодлик мухбири билан суҳбатлашиб, замонавий мусиқага муносабат билдирди.

Суҳбат чоғида Рустам Абдуллаев санъаткорнинг жамиятдаги ўрнига тўхталиб¸ мумтоз ва ҳаваскор қўшиқчиларни бир-биридан ажратиш лозимлигини урғулади.

Ўзбекистон саҳналарида қўйилган “Садоқат”¸ “Хива”¸ “Кимларга хор, кимга зор” опералари муаллифи бўлган Рустам Абдуллаев Озодлик билан суҳбатда классик мусиқага муносабат борасида ҳам тўхталди.

Суҳбатдошга кўра¸ бугун Берлин¸ Лондон¸ Вена ва Ню-Йоркдаги муҳташам саҳналарда ўзбек скрипкачи ҳамда пианиночилари нуфузли соврин ва томошабинлар олқишларига сазовор бўлишмоқда.

- Уларни ҳаммасига Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раҳбари сифатида оқ йўл тилаганман. Улар орасида менинг ўғлим ҳам борлигидан нафақат мусиқачи балки бир ота сифатида ҳам фахрланаман. Шу кунларда ўғлим Берлин симфоник оркестрида пианино чаляпти¸ дейди Рустам Абдуллаев.

Ўғли мумтоз мусиқа анъаналарини давом эттираëтган Рустам Абдуллаевнинг ўзи Хоразм мусиқа санъатининг йирик арбоби Матюсуф Ҳарротовга она тарафдан қариндош ҳисобланади.

- Она тарафдан мусиқачилар авлоди бўлсам, ота тарафдан меъморлар сулоласиданман. Оилага ҳурмат маъносида ë меъмор, ëки мусиқачи бўлишим керак эди. Ўша пайтда устозим Абдишукур Отажонов менга рубоб чалишни ўргатдилар. 12 яшар бола эдим¸ ўзбек мусиқасига энди кириб келган рубоб оҳангларига мафтун бўлдим-қолдим. Бу мафтунлик ҳануз мени тарк қилмади¸ дейди 65 йиллик умрининг 53 йилини мусиқага бағишлаган бастакор.

Бастакор Рустам Абдуллаев яратган “Хива” операсида зулмга қарши бош кўтарган халқ бош қахрамон қилинган.

Опера марказида акс этган халқнинг исëнкор тўлқини шоир Аваз Ўтар тимсолидаги етакчини ўртага чиқаради.

1987 йилда ëзилган бу опера мавзуси бугун ҳам долзарб эканлигини бу опера билан танишган немис мусиқашуноси Ангелика Юнг Озодлик билан суҳбатда таъкидлади.

Ўзбекистонда президентнинг қизи доҳил кўпчиликнинг ҳаваскор тарзда қўшиқ айтаëтганига муносабат билдирган бастакор, “Демократик жамиятда қўшиқни чеклаб бўлмайди”, деб жавоб берди.

Рустам Абдуллаев билан суҳбатни мана бу ерда тинглаш мумкин.

XS
SM
MD
LG