Линклар

Uz-Daewoo ишлаб чиқараётган "Матиз" ва "Нексия" автомобиллари Россиядаги энг арзон автомобиллар, деб тан олинди. “Автостат” таҳлил агентлиги ўзбек автомобиллари нарх жиҳатидан, ҳатто маҳаллий АвтоВАЗ маҳсулотларидан ҳам арзонроқ эканига эътибор қаратмоқда.

Uz-Daewoo ишлаб чиқараётган "Матиз" ва "Нексия" автомобиллари Россиядаги энг арзон автомобиллар, деб тан олинди. “Автостат” таҳлил агентлиги ўзбек автомобиллари нарх жиҳатидан, ҳатто маҳаллий АвтоВАЗ маҳсулотларидан ҳам арзонроқ эканига эътибор қаратмоқда.


Ўзбекистоннинг “GM Uzbekistan” компанияси маҳсулотлари Россияда нафақат энг кўп сотиладиган, балки ўз русумидаги машиналар қаторида энг арзони ҳам, деб эълон қилинди.

Россиядаги “Автостат” таҳлил маркази тадқиқот натижаларига кўра, ўзбек-корейс бренди остида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “Матиз” ва “Нексия” русумидаги автомобиллар Россияда ўртача 9,5 минг АҚШ доллари (ёки 285 минг рубл) ҳисобида сотилмоқда.

Тадқиқот натижалари ҳақида Озодлик радиосига гапириб берган “АВТОСТАТ” аналитика агентлиги таҳлилчиси Азат Тимерханов: "Ўзбек автомобилларига сифат жиҳатидан бой берадиган АвтоВАЗнинг "Калина" ва "Приора" машиналари ўртача 10,8 минг АҚШ долларига (тақрибан 324 минг рублга) сотилмоқда", дейди.



Uz-Daewoo автомобиллари Россия бозорида арзонлиги сабабларини Азат Тимерханов бир неча омилга боғлади.

- Қаранг, Daewooнинг “Матиз” ва “Нексия” модели ўта арзон сегмент автомобиллари сирасига киради. Уларнинг нархи, тахминан 200 минг рублдан 360-370 минг рублгача ўзгариб боради. АвтоВАЗ билан солиштирсак, “ЛАДА” автомобилларининг шу турдаги машиналари бироз қимматроқ бўлиб чиқяпти. Uz-Daewoo маҳсулотларининг арзонлигига компания томонидан олиб борилган нарх борасидаги муваффақиятли маркетинг сиёсатидан ташқари бошқа омиллар ҳам таъсир кўрсатди.

Энг аввало, Daewoo ширкатининг “Матиз” ва “Нексия” моделлари анча йиллардан бери, хато қилмасам, 90 йиллар бошларидан ишлаб чиқариляпти ва маънавий жиҳатдан эскириб бўлган. Тўғри, бу машиналарда ҳозирча косметик ўзгаришлар бўляпти, лекин нархи бундан оширилса, фикримизча сотилиши кескин камайиб кетади, дея таҳлил натижаларини тушунтирди Азат Тимерханов.

“Россиянинг энг сифатли арзон автомобили” унвонига эга бўлган “Нексия” Кореяда 1980 йиллар ўрталарида ишлаб чиқилган “Опел Кадетт” машинасининг нусхасидир.

Агентлик таҳлилчилари Uz-Daewoo ўзининг маҳсулотлари билан Россияда нарх борасида АвтоВАЗ билан рақобатлаша олган ягона автоконцерн эканини таъкидламоқда.

Азат Тимерханов Ўзбекистонда ишлаб чиқилаётган автомобиллар “ЛАДА” маҳсулотларига техник жиҳатдан мос келсада, улардан мустаҳкамлиги, дизайни, сифати ва бир қатор замонавий опциялар (электр ойинакўтаргич, кондиционер ва ҳок.) ҳисобига устунлик қилиб келаётганини айтади.

“Шунга қарамасдан, Uz-Daewoo 2012 йилда 2011 йилга нисбатан камроқ автомобил сотган”, дея давом этади “Автостат” таҳлилчиси.

- Ахир, ишчи кучи ҳам таннарх шаклланишида муҳим. Ўзбекистондаги ишчи кучининг арзонлиги бунга бевосита таъсир кўрсатади. Россияда турмуш даражаси юқори, Ўзбекистонда эса ишчи кучи арзонроқ. Қолаверса, АвтоВАЗ охирги йилларда унга давлат томонидан киритилаётган катта миқдордаги сармоялар ҳисобига ўз машиналарини замонавийлаштиришга киришди.

Масалан, “Калина” ва “Приора”нинг янги замонавий моделлари ишлаб чиқилди ва сотувга қўйилди. Шунингдек, бу компания “Рено-Ниссан” автомобиллари платформаси асосида янги замонавий автомобилларни ишлаб чиқаришга киришди. Бундай вазиятда Uz-Daewoo ўзининг “Матиз” ва “Нексия”си Россияда “энг арзон ва энг сифатли” машина бўлиб қолиши мумкин-ми? Буни вақт ва автокомпанияларнинг сиёсати кўрсатади, дея хулоса қилди Озодлик билан суҳбатлашган “АВТОСТАТ” аналитика агентлиги таҳлилчиси Азат Тимерханов.

Очиқ манбалардан олинган маълумотларга биноан GM Uzbekistan 2011 йилда Россия автобозорида 54567 дона Nexia ва 38211 дона “Matiz" сотган бўлса, 2012 йилда 88232 дона автомобил сотган.

“Нексия”га яқин келажакда замонавийлаштирилган рўл, ABS ва ESP тизимлари ҳамда хавфсизлик ёстиғи ўрнатилиши кутилмоқда.

Шунингдек, “Автостат” таҳлил маркази маълумотларига кўра, 2013 йилда Uz-Daewoo Россияда “Нексия”нинг С русумидаги янги моделини тақдим этади.

Мутахассислар бу автомобил Россияда “Нексия”дек машҳур бўла олмаган Daewoo Lacettiнинг ўзгартирилган варианти бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

GM Uzbekistan 2012 йилнинг 5 сентябрида Тошкентда янги моделдаги Chevrolet Cobalt автомобилининг тақдимот маросимини ўтказди.

Ширкат 2013 йилда 120 дан кўпроқ Cobalt автомобили ишлаб чиқариш ва унинг камида 50 фоизини хорижга экспорт қилишни режалаган.

1996 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Жанубий Кореянинг Daewoo Motor ширкати билан тенг шерикчилик асосида автомобил ишлаб чиқарадиган ЎзДэуАвто қўшма корхонасини таъсис этганди. Янги завод йилига 250 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган.

2005 йилда Ўзбекистон Daewoo акцияларининг 50 фоизини сотиб олди ва корхона тўлалигича Ўзбекистон тасарруфига ўтди.

2007 йилда эса Ўзавтосаноат ва АҚШнинг General Motors ширкатлари ЎзДэуАвто ўрнида GM-Ўзбекистон қўшма корхонаси ташкил этиш ҳақида шартнома имзолаган.

Статистика қўмитаси расмий сайтига кўра¸ GM мазкур қўшма корхонанинг 25 фоиз акциясига эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG