Линклар

Таниқли режиссёр Юсуф Розиқов 3 - 4 йил олдин суратга олган “Гастарбайтер” номли филмини томоша қилгач, гастарбайтернинг юртдоши кўнглидан ўтган кечинмаларни яна қоғозга тўкди.


Фаторатга юз тутган бефайз ҳовли...

Хонадон эркаги тирикчилик илинжида узоқларга кетган. Яккақўл аёл ўчоқбошида куймаланади. Асога суянган мўйсафиднинг эса оила оғирини енгиллатишга қурби етмайди.

Таниш, жудаям таниш манзара...

Яқинда режиссёр Юсуф Розиқовнинг “Гастарбайтер”ини кўриб қолдим. Аслида, филм 3-4 йил олдин суратга олинган. Лекин тузук-қуруқ реклама бўлмагани учунми, томоша қилмагандим.

Бош қаҳрамон (Содиқ бобо) қишлоқда ўлимини кутиб ётибди. Мўйсафид ҳаётнинг барча шўришларини татиган: уруш, асирлик, маҳбуслик, хотини ва ўғли ўлими... Эндиги бор умиди, омонатини тезроқ топширса-ю, ташвишлардан қутулса.

Биратўла.

Бироқ қариянинг манглайига жи-и-имгина ўлиш ёзилмаган. Ишлаш учун Москвага кетган набираси Омон йўқолиб қолади.

Тақдир унинг юзига (келини қўли билан!) бир тарсаки туширади-ю, мудраб ётган чол илкис уйғонади.

Ва... ўрис ўрмонларида бадар кетган набирасини дараклаб сафарга отланади: танасини қувват тарк этган-у, ҳали ориятни бой бермаган-да.

“Набира қидириш” операцияси асносида жиноят олами, муҳожирлар ҳаёти, ижтимоий табақаланиш ва яна бошқа аллақанча воқеликлар ишонарли ҳикоя қилинган.

Бош қаҳрамон фақат набираси эмас, оиласининг эртанги кунини ҳам излайди.

Менимча, ҳар бир томошабин чол сиймосида ўзига яқин кимнидир таниб олади.

Негаки, ўзга юртда йўқолган, сотиб юборилган, қамалган, майиб бўлган, чавақланган... хуллас, бошига кулфат тушган жигарини қора тортиб йўлга чиққанларнинг умумлашма образи.

Лекин режиссёр рус жамоатчилигининг мигрантларга муносабатини оқ бўёқда тасвирлашга зўр бергандек таассурот уйғонади. Бунга филм Россия ҳукумати кўмаги билан олингани сабабдир.

Нақ бир хуржун наркотика билан қўлга олинган отахонни милиция ҳеч гап бўлмагандек қўйиб юборади. Ё қудратингдан! Наҳотки, Россия милицияси шунчалар мусофирсевар, мусичадек беозор бўлса?!

Ҳар куни улар билан юзма-юз келаётганлар айтсин, миршаблар ҳатто қўлида ҳужжати бор муҳожирни ҳа деса тўхтатиб, қилдан қийиқ ахтариб, шилволиш пайида-ку!

Ана, матбуот ҳам айрим полициячилар ҳуқуқсиз муҳожирларни “соғин сигир” қилволганини хавотир билан ёзяпти.

Бадиий филмдан ҳужжатлилик талаб қилинмайди. Майли-да, оптимизм ҳам айб саналмайди. Аммо ҳарне бўлганда ҳам, реал ҳаётга яқинроқ келган маъқул эмасми? Айниқса, минглаб инсонлар қисматига дахлдор мавзуда.

...Тақдир ҳазилини кўрингки, Содиқ бобонинг ўзи ҳам гастарбайтерга айланади: арман қовоқҳонасида идиш ювиб кун кўради. Қария, охир-оқибат, ўрис тупроғида жон таслим қилади. Филм аввалида кўрсатилган – Россиядан келаётган машъум тобутлар биттага кўпаяди.

Ўйлаб қарасангиз, турмуш муштларини беармон еган чол ўз уйида оёқ узатиб жон таслим қилиши мумкин эди.

Навқирон набира оқбилак ўрис “маржа”га уйланмай, қишлоғида уни умид билан кутаётган қорамағиз қизни бахтли қилиши мумкин эди.

Ким билсин, балки режиссёр ҳам сюжет бу тарзда якунланмаслиги учун обдон ҳаракат қилган, аммо воқеалар оқими уни ўзга ўзанга олиб кетгандир.

Таскин шуки, ўнгланмаган тақдирлар бошқаларни ўнгланишга ўргатади.


Гастарбайтернинг юртдоши

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG