Линклар

logo-print

Жорий йилнинг 9 февралидан 10 февралига ўтар кечаси Чилонзор буюм бозорининг бир неча омборига ўт тушди. Уч соат давом этган ёнғин оқибатида тадбиркорларнинг омборларда сақланаётган товарлари ёниб кул бўлди. Бу омборларда “Абу Саҳий” ва “Бек-Барака” бозорлари тадбиркорларининг моллари сақлангани айтилади.

Жорий йилнинг 10 февралига ўтар кечаси Чилонзор буюм бозорининг омборларида чиққан ёнғин бир зумда ҳамма нарсани кул қилди.

Бу ҳақда Озодликка исми сир қолиш шарти билан маълумот берган бозордаги савдогарлардан бирининг айтишича, ёнғин ярим кечаси бошланган:

- Ҳеч ким бу ёнғин қандай чиққанини билмайди. Баъзилар атайин ўт қўйилган дейишяпти. Баъзилар электр симларидан ўт чиққан дейишяпти. Лекин ёмон бўлди, эрталаб келган тадбиркорлар култўдани кўриб дод солишди. Биттасини юраги ёмон бўлиб қолди, скорий келди. Жуда кўп мол бор эди-да, дейди тадбиркор.



Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига қарашли Ëнғин хавфсизлиги бўлимининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик мухбирига ёнғиннинг уч соат давомида ўчирилганини билдирди:

- Ёнғин кўлами катта бўлди. 150 квадрат метр ҳажмдаги склад ёнган. Бу складларда асосан кийим-кечак бўлган. Ёнғин сабаблари ҳозир ўрганилаяпти. Ҳозир у ёки бу нарсадан ёнғин чиққан ёки қасддан олов қўйилган¸ дейишга асос йўқ. Ўн кун ичида махсус комиссия ўрганиб чиқади ва сабаблари айтилади, деди пойтахт Ëнғин хавфсизлиги бўлими мулозими.

Uznews сайтининг ёзишича, бу омборларда “Абу Саҳий” ва “Бек-Барака” бозорларида ишлайдиган тадбиркорларнинг моллари сақланган ва бу молларнинг ҳеч қандай ҳужжати бўлмагани мол эгаларини куйиб кетган моллари учун товон олиш имконидан маҳрум қолдирган.

8 февралдан буён Тошкентдаги “Абу Саҳий” ширкатида прокуратура, божхона ва хавфсизлик хизмати ходимларидан иборат махсус гуруҳ текширув ўтказмоқда. Беш кундирки компаниянинг хориждан юк ташиш ва уни расмийлаштириш маркази ёпиб қўйилган.

Тафтиш бошланганидан сўнг “Абу-Саҳий”нинг чет элдан келтирилган товарлари сақланадиган барча омборларига қулф осилгани айтилади.

Исми сир қолишини сўраган Чилонзор буюм бозорида ишлайдиган тадбиркор тахминича, “Абу-Саҳий” фаолияти устидан текшириш бошлангани ва шу ширкат тадбиркорларининг Чилонзор буюм бозоридаги омборларига ўт кетиши орасида алоқадорлик борлигини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG