Линклар

logo-print

Тошкентлик пенсионер Каримов учқичини кузатганликда айбланмоқда


Лопановдан мусодара қилинган қўлбола телескоп.

Лопановдан мусодара қилинган қўлбола телескоп.

Тошкентлик пенсионер¸ собиқ авиадиспетчер Владимир Лопанов ясаган учта телескопдан биттаси ички ишлар ходимлари тарафидан мусодара қилинди.


Телескопни мусодара қилган милиционерлар Лопановни президент учадиган учоқларни атайлаб кузатганликда айблашди.

Телескоп мусодара қилинаëтган пайтда¸ Владимир Лопановнинг уйида бўлган инсон ҳуқуқлари фаоли Владимир Ҳусаиновнинг Озодликка айтишича¸ милиционерлар уйдаги учта телескопдан энг кичигини мусодара қилишган:

- Лопанов телескоп ясашга қизиқади. Аммо уни президент самолëтини кузатгансан¸ чунки сенинг уйинг аэропорт ëнида деб айблашди. Бу жуда кулгили айб. Лопановнинг уйида телескоп борлигини 8 феврал куни унинг уйига келган суд ижрочилари кўриб қолиб тезда керакли жойга маълум қилишган¸ дейди Владимир Ҳусаинов.



Суд ижрочилари Лопановнинг уйига қўйди-чиқди борасида маҳкама қарорини ижро қилиш учун келишган. (Лопанов хотини билан ажрашгани билан боғлиқ мерос бўлиш муаммоси - таҳр.)

Суд ижрочилари чақувидан кейин етиб келган милиционерлар масалага жиддий ëндашишган.

Суҳбатдошга кўра¸ милиционерлар мусодара қилган телескопга мерган милтиқ дурбини (оптик прицел) ўрнатилганини иддао қилишган:

- Бу энди ғирт ëлғон. Ҳеч қанақа оптик прицел бўлмаган. Лопанов ҳаваскор телескоп устаси. Олиб кетилган телескоп ҳали битмаган эди. Телескопни мусодара қилган милиционерлар бу борада акт ҳам тузишмади. Кейин акт тузамиз. Ҳозир биз бу телескопни текширишимиз керак¸ дея олиб кетишди¸ дейди суҳбатдош.

Миробод туман Ички ишлар бўлими ходимлари Лопановга тегишли 50 марта катта қилиб кўрсатадиган телескопни олиб кетаëтиб “Сиз президент самолëтини бу телескоп воситасида таъқиб қилгансиз” деб таъкидлашган.

Давлат алоқа назорати (ГИС) ходими Ринат Фаткуллиннинг Озодлик радиосига билдиришича¸ Ўзбекистонда аэропортга яқин радиусда электрон телескоплар ва радиотўлқин узатувчи бошқа ускуналардан изнсиз фойдаланиш тақиқланган.

Айни пайтда мулозим аналог русумдаги оддий қўлбола телескопнинг учоқлар ҳаракатига қандай зарар бериши мумкинлиги ҳақидаги саволимизни жавобсиз қолдирди.

Терроризмдан хавфсираш

Тошкентлик ҳаваскор телескоп устаси Владимир Лопанов¸ Миробод туман милицияси назарида¸ президент учадиган учоқларни қасддан кузатган.

Эндиликда бу телескоп террорчиликка ëрдам беришнинг эҳтимолий воситаси сифатида тафтиш қилинмоқда.

Бу ўринда Лопановнинг авиадиспетчерликдан пенсияга чиққанлиги омили унга қарши ишлаши мумкинлиги айтилмоқда.

1999 йил феврал портлашлари ва 2005 йилдаги Андижон исëнидан кейин Ўзбекистонда террорчилик масаласида “ҳушëрлик” кучайгани кузатилди.

Ўтган йили Ўзбекистондаги дорихоналарга бир кишига беш граммдан ортиқ марганцовка сотиш тақиқлангани ҳақида гап тарқалган эди.

Марганцовкадан қўлбола бомба тайёрлашда фойдаланиш мумкин бўлганлиги учун расмийлар унинг савдосини чеклагани айтилган эди.

Тошкентдаги президент кортежи ўтадиган йўллардаги дарахтлар террорчилар яшриниши мумкин¸ деган хавотирда кесиб ташланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG