Линклар

АЭХА ва Эрон музокаралар бўйича келишувга эриша олмади.


Атом энергияси халқаро агентлиги директори ўринбосари Ҳерман Накаертс.

Атом энергияси халқаро агентлиги директори ўринбосари Ҳерман Накаертс.

Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) Теҳрон ядровий тадқиқотлар олиб бораётгани тахмин қилинган объектларда текширув ўтказиш борасида Эрон билан келишувга эриша олмади.

Буни 14 феврал куни Вена шаҳрида Атом энергияси халқаро агентлиги директори ўринбосари Ҳерман Накаертс журналистларга маълум қилди.

Накаертс томонлар навбатдаги учрашув қачон бўлиши ҳақида ҳам келишиб олмаганини қўшимча қилди.

Ундан олдин Эроннинг Атом энергияси халқаро агентлигидаги вакили Али Ашғар Султоний агентлик ва Эрон расмийларининг чоршанба куни Теҳронда бўлган учрашувида айрим масалаларда келишувга эришилганини айтган.

Бироқ Султоний қандай масалалар бўйича келишувга эришилганини айтмаган.

Атом энергияси халқаро агентлиги ядровий қуролларнинг бир қисми синовдан ўтказилгани иддао қилинган Эроннинг Парчин ҳарбий объектида инспекция ўтказишга рухсат берилишини хоҳламоқда.

26 феврал куни Қозоғистон пойтахтида дунёнинг олти қудратли давлати расмийлари ва Эрон вакилари ўртасида Эроннинг ядровий дастури бўйича навбатдаги музокара бўлиб ўтиши режаланган.
XS
SM
MD
LG