Линклар

Британия транзит эвазига Ўзбекистонга юк машиналари ва эҳтиёт қисмлари беради



Буюк Британия Афғонистондаги ўз қўшинлари ва ҳарбий техникасининг Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб чиқилиши эвазига Ўзбекистонга автомобил эҳтиёт қисмлари ва юк машиналари беради. Буни Британия Мудофаа вазири мамлакат парламенти аъзоларига маълум қилди.


Британия Мудофаа вазири Филип Ҳаммонд 13 феврал куни мамлакат парламентга йўллаган баёнотида Афғонистондаги Британия қўшинларига тегишли бўлган 6,2 миллиард долларлик ҳарбий техникани Ўзбекистон ҳудуди орқали Британияга олиб келиш учун Ўзбекистон билан келишувга эришилганини маълум қилинган.

Ҳаммонд Британия транзит эвазига Ўзбекистонга қиймати 700 минг долларга тенг бўлган Land Rover машиналарига эҳтиёт қисмлар ва Leyland DAF русумидаги юк машиналари берилишини айтган.

Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳозир Афғонистонда Британия ҳарбийларига тегишли бўлган 2500та ҳарбий машина ва 6500 та юк контейнери бор.

Ҳозирга қадар Афғонистондаги Британия аскарларига ҳарбий юклар фақат Покистон орқали етказилган.

Ҳаммонд йиллар давомига тўпланган ҳарбий техникани фақат Покистон ҳудуди орқали олиб чиқиш имконсиз бўлгани сабабли муқобил йўллардан фойдаланилаётганини қўшимча қилган.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Британия армиясига тегишли бўлган ноҳарбий техника¸ шунингдек, зирҳли машиналар ва ҳарбий ускуналарни Ўзбекистон автомобил ва темир йўллари орқали олиб чиқиш ҳамда аскарларни ҳаво йўли орқали Британияга қайтариш учун Ўзбекистон билан учта келишув имзоланган.

Ўтган ҳафта айрим ахборот агентликлари Британия Афғонистондаги ўз қўшинлари ва ҳарбий техникасини хавфсиз олиб чиқилишига имконият яратиб бериш эвазига Ўзбекистонга ҳарбий техника сотишга рози бўлганини хабар қилган эди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари¸ агар Британия Ўзбекистонга қурол сотса, ҳукумат ундан норозиликларни бостиришда фойдаланиши мумкинлигидан хавотир билдирган эди.

Бироқ Озодлик билан сўзлашган Лондондаги Британия Мудофаа вазирлиги расмийси Александр Оливер Ўзбекистонга ҳарбий техника сотилиши ҳақидаги маълумотни инкор қилди:

- Қуроллар ёки тунда кўриш ускуналари берилиши ҳақидаги маълумот нотўғри. Ўзбекистонга машиналар берилади, деди Александр Оливер.

Британия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати электрон почта орқали Озодликка йўллаган баённомада Британия ҳукумати инсон ҳуқуқлари масаласини доим ҳисобга олиб келиши ва Европа Иттифоқи тамойилларига зид бўлмаган ускуналарнигина Ўзбекистонга топшириши ёки сотиши билдирилган.

Ҳозир Афғонистонда Британиянинг 9000 ҳарбийси бор. Британия ҳукумати жорий йил охиригача 3800 нафар аскарини, 2014 йил охиригача Афғонистондан ҳамма аскарини олиб чиқишни режалаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG