Линклар

Севишганлар кунига тақиқ кучда қолди


Ўқув юртларининг 14 феврал куни талабаларни “севги-муҳаббатдан чалғитиш” уринишлари бесамар бўлгани кузатилди.

Ўқув юртларининг 14 феврал куни талабаларни “севги-муҳаббатдан чалғитиш” уринишлари бесамар бўлгани кузатилди.

Ўзбекистонлик талаба ёшларга бу йил ҳам 14 феврал – Севишганлар кунини нишонламаслик қатъиян тавсия қилинди. Ғарблик ёшлар кенг нишонлайдиган, мустақиллик йилларида ўзбекистонлик ёшлар орасида ҳам урф бўлган Авлиё Валентин кунида йигитларнинг қизларга гул тухфа қилиши тақиқланди. Ҳатто ўқув юрти талабаларига “14 феврал: Севишганлар куни эмас” номли махсус буклетни стоиб олиш таклиф қилинди.


14 феврал: Севишганлар куни эмас!

Ўзбекистонлик ёшлар мустақиллик йилларида нишонлашни одат қилган Севишганлар кунига ўтган йили қўйилган тақиқ бу йил ҳам амал қилмоқда. Ғарбда Авлиё Валентин куни деб кўриладиган бу сана буюк ўзбек мумтоз шоири, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд кунига тўғри келгани боис талаба ёшларга эътиборни ана шу санага бағишланган тадбирларга қаратиш қатиъян тавсия қилинди.

Ҳатто баъзи олийгоҳларда Республика “Маънавият ва маърифат” маркази томонидан тайёрланган “14 феврал: Севишганлар куни эмас” номли махсус тарғибот буклети талабаларга сотилгани айтилмоқда.

Neweurasia.net нашрининг 14 феврал куни ёзишича, Тошкент Шарқшунослик институти талабаларига “антивалентин” тарғиботининг маҳсулоти “олсанг ҳам оласан, олмасанг ҳам оласан” деб 1500 сўмдан сотилган.

Тошкент Давлат педагогика университети Она тили ва адабиёт факультетининг ўзини таништирмаган ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда талабалар орасида Авлиё Валентин “хотирланишининг олдини олиш учун бу йил кескинроқ чоралар кўрилди”, дейди.

- Ўтган йилдан бу нарса анча жонга кирган. Ҳеч ким у нарсага эътибор бермайди. Фақат Бобур байрами муносабати билан барча факултетларда, факултетлар ўзларининг талабалар турар жойларида ўтказилаяпти. Эътибор Бобурга қаратилган. Тавсиямизга амал қилмаган талабаларга тушунтириш ишлари олиб бориладида. Ҳайфсан берилади уларга, деканига, деканатига берилади,- дейди тошкентлик ўқитувчи.

Андижон Давлат университетида ҳам талабаларга “Севишганлар куни”ни четга суриб, фақатгина Бобур таваллудини нишонлаш буюрилган. Университет масъул ходими Озодликка буларни маълум қилди.

- Унақа нарса йўқ. фақат Бобурнинг таваллуди. Тамом. Бошқа ҳеч нарса йўқ. Ҳамма талабаларга тарғибот, бошқа нарсани етказиб қўйганмиз. “Ўзингни эҳтиëт қиласан. Ден Валентин деган нарса йўқ” деб гаплашганмиз. Ҳар битта группа раҳбари, куратори кириб группаларига етказган ҳаммасини. Нишонламайсан. Сен унинг ўрнига Бобурни ўқи, Навоийни ўқи. Вақтингни беҳуда кеткизмагин, деганмиз. Ўқигин, илм қилгин демоқчимиз,- дейди андижонлик ўқитувчи.

Мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларидан Авлиё Валентиннинг қувилгани ва бу билан боғлиқ таъқибларга қарамасдан талаба-ёшлар тап тормасдан бу кунни нишонлашаётганини кўриш мумкин.

Самарқанд Давлат Университети талабаси Моҳирбекнинг Озодликка айтишича, дорилфунун маъмурияти 14 феврал куни талабаларни “севги-муҳаббатдан чалғитиш” учун Бобур таваллуд кунини одатдагидан каттароқ тантана билан нишонлаётган бўлса-да, “севаман, сивиламан” деган талабалар ўзларининг билганидан қолгани йўқ. “Ҳа энди кўнгилда”, дейди Моҳирбек.

Ўзбек ёшлари орасида тазйиқлардан кўра кўнгил инжиқлигига ён берадиганлар кўпчилик эканини 14 феврал куни гулфурушларнинг бозори чаққонлашиб қолганидан ҳам кўриш мумкин.

Севишганлар кунида GULI бозори чаққон

Севишганлар куни, айниқса, пойтахт Тошкентда ёшлар завқ билан нишонлайдиган байрамга айланган. Авлиё Валентин кунида пойтахтдаги атторлик дўконларида савдо одатдагидан чаққонроқ.

Тошкентнинг энг йирик парфюмерия тармоғи Парфюм Галлери дўконлари пайшанба куни пойтахтлик ёшлар ҳужумига учради. Дўкон сотувчиларидан бири Наташанинг Озодликка айтишича, Авлиё Валентин кунида президент Каримовнинг қизи кашф қилган GULI атири яхши сотилмоқда.

- Ҳа, бугун харидор кўп бўлди. Севишганлар ҳали ҳам топилади. Улар ҳар хил атирларни олишмоқда. Албатта, Chanel каби француз атирларини олишади. Лекин бугун GULI атирини олганлар жуда кўп бўлди. Севишганларга бу атирнинг хиди ёқаётган бўлса керакда, дейди Наташа.

Ғарб мамлакатларида ёшлар байрам қиладиган Авлиё Валентин - Севишганлар куни мустақиллик йилларида ўзбекистонлик ёшлар учун ҳам беозор урфга айланди. Лекин ўтган йили Авлиё Валентин Ўзбекистонда “репрессияга” учрай бошлади.

14 феврал куни муносабати билан таниқли қўшиқчи Райҳон кейинги бир неча йил давомида “Истиқлол” саройида ташкил қилиб келган “Севишганлар куни” номли концерт ўтган йили бекор қилиниб, ўрнига Бобур таваллуд кунига бағишланган шеърият кечалари ташкил қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG