Линклар

Ўзбекистонда дорилар савдоси ошди


Фақатгина шифокор тавсияси билан сотилиши лозим бўлган дори воситалари Ўзбекистон аптекаларида эркин сотувга қўйилган.

Фақатгина шифокор тавсияси билан сотилиши лозим бўлган дори воситалари Ўзбекистон аптекаларида эркин сотувга қўйилган.

Ўзбекистонда 2012 йилда дори воситалари сотилиши 35 фоиздан кўпроққа ошган. IMS Health халқаро таҳлил марказининг Россия бўлими эълон қилган ҳисоботда ана шундай рақам келтирилган. Бу рақамларга кўра, ўтган йили Ўзбекистонда 1,24 миллиард АҚШ долларига тенг дори-дармон сотилган. Мутахассисларга кўра, буни давлат тарафидан дори воситалари сотиб олиш учун ажратилган маблағнинг кўпайгани билан изоҳлаш мумкин.



2012 йилда МДҲ мамлакатлари ва Грузияда дори воситаларининг сотилиши ундан аввалги йилга солиштирганда 16,5 фоизга ошиб, жами 25,76 миллиард АҚШ долларини ташкил қилганини ёзди IMS Health халқаро таҳлил марказининг Россия бўлими.

Жаҳон тиббиётига оид маълумотларни ўрганиб таҳлил қилиш билан шуғулланадиган марказ мутахассисларига кўра, МДҲ ва Грузияда сотилган жами дори воситаларининг 4,8 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. 2012 йилда бу мамлакатда 1,24 миллиард долларга тенг дори сотилган ва бу 2011 йилга солиштирганда 35,5 фоизга кўпроқдир. Яъни Ўзбекистонда дори-дармон сотилиши суръати МДҲга доир ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўпроқдир.

Дори-дармон сотилишининг ошиши, бир қарашда касаллик кўпаймоқда, деб талқин қилиниши мумкин. Лекин мутахассислар бунинг бошқа сабабларига эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистонда фармакология соҳасини тадқиқ қилган қозоғистонлик олим, Остонадаги “Назарбоев Университети” қошидаги тиббиётни ташкил қилиш ва ривожлантириш маркази директори профессор Талгат Нургожин дори воситалари сотилишининг кескин ошишини бундай изоҳлайди.

- Менимча, бунга давлат томонидан дори воситалари сотиб олиш учун ажратилаётган маблағнинг кўпайгани сабаб бўлиши мумкин. Дори савдоси сабабсиз бунчалик кескин ошиши мумкин эмас. Афтидан, давлат стационар ва беморларни дори билан таъминлашга каттароқ эътибор қарата бошлаган, дейди Талгат Нургожин.

Фармаколог профессорнинг фикрини Фарғонадаги аптекалардан бирининг хўжайини ҳам тасдиқлайди. Унинг айтишича, кейинги бир йил давомида савдо ошди дейишга асос йўқ.

- Нархлар қиммат бўлиб қолди холос. Унақа кўп сотилгани йўқда ҳали. Қишда озгина кўпроқ сотилади. Грипплар, нималар кўпаядию. Шунинг ҳисобига қишда савдо яхши бўлади. А так яна жой-жойига қайтади. Унақа одамлар касал бўлиб қирилиб кетаëтгани йўқ, дейди фарғоналик дорифуруш.

Ўзбекистонда фармакология соҳасининг тартибга келтирилмагани, бунга оид меъёрий ҳужжатларнинг халқаро стандартларга мослаштирилмагани дори-дармон истеъмол бозорида турли муаммоларни келтириб чиқаради.

Масалан, фақатгина шифокор тавсияси билан сотилиши лозим бўлган антибиотиклар ёки бошқа дори воситалари мамлакат аптекаларида эркин сотувга қўйилган. Бунинг оқибатида, ўзбекистонликлар дориларга ҳаддан ортиқ ружу қўйганини атйишади мутахассислар.

Халқаро фармакологлар учинчи дунё мамлакатларида, жамиятлари тушкунликка тушган давлатларда ҳам дори воситалари суиистеъмоли кенг тарқалаганидан хавотир билдириб келади.

Лекин профессор Талгат Нургожиннинг фикрича, бундай ҳолатни Ўзбекистонга мисол қилиб бўлмайди.

- Ўзбекистон ижтимоий жиҳатдан барқарор минтақа ҳисобланади. У ерда ҳеч қандай кескин ўзгаришлар кузатилмайди, масалан уруш ёки бошқа офатлар йўқ. Шунинг учун дори савдоснинг ўсишини бундай омиллар билан изоҳлаб бўлмайди. Албатта, одамлар бошдан кечираётган иқтисодий иқийнчиликлар, тушкунлик бунга таъсир қилиши мумкин, лекин бу даражада эмас. Чунки бизнинг зеҳният Африка ёки Осиёнинг нисбатан қашшоқ мамлакатлариникидан фарқ қилади ва улар билан солштириш тўғри келмайди, дейди Остонадаги “Назарбоев Университети” қошидаги тиббиётни ташкил қилиш ва ривожлантириш маркази директори профессор Талгат Нургожин.

“Ўзфармсаноат” Давлат ҳиссадорлик ширкати 2012-2013 йилларда фармацевтика соҳасини ривожлантириш учун 290,5 миллион АҚШ доллари сарфлашини эълон қилган.

2011-2015 йилларда фармацевтика соҳасини 676,8 миллион долларлик замонавий ускуналар билан қайта жиҳозлаш орқали 100дан ортиқ янги тиббий дорилар ишлаб чиқариш режалангани маълум қилинган эди.

IMS Health ташкилотига кўра, МДҲ мамлакатларида 2012 йилда сотилган дориларнинг 70 фоизи Россия ҳиссисга тўғри келган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG