Линклар

Парижда Марказий Осиë адабиëти ва киноси ҳафталиги бошланди


Ҳамид Исмоилов Париждаги тадбир иштирокчиси

Ҳамид Исмоилов Париждаги тадбир иштирокчиси

Россиядаги “Елцин” жамғармаси томонидан ташкил қилинган бу анжуманда ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоилов ўзининг “Шоир ва Бин Ладен “ китобини тақдим қилади.

Шунингдек бу тадбирда туркман ëзувчиси Оқ Муҳаммад Веллисапар¸ қирғиз ижодкорлари Султон Райев¸ Турусбек Мадилбой¸ тожик шоираси Гуля Мирзоева ва қозоқ ëзувчиси Рустам Жангожа ҳам иштирок этмоқда.

Тадбир тожикистонлик киночилар суратга олган “Чегарадаги вақт” филми билан бошланди дейди тадбир ташкилотчиси Наташа Канат:

- Марказий Осиë адабиëти ва жамияти мавзусидаги тадбир бугун давра суҳбати билан бошланди. Марказий Осиë адабиëтидаги оқим ва тенденциялар муҳокама қилинган бу суҳбатда ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоилов ва рус ëзувчиси Борис Акунин маърузалари тингланди дейди суҳбатдош.

Нега бугун Марказий Осиë адабиëти ва жамиятини Парижда муҳокама қилиш зарурати пайдо бўлди¸ деган саволимизга жавоб берган Наташа Канат тадбирни бошлаб берган Чегарадаги вақт” филми бу зарурат махсули эканини таъкидлади:

- Шоира ва киночи Гуля Мирзоева суратга олган бу филм Марказий Осиëда СССР чўкишидан кейин вужудга келган чегаралар ҳақида. Адабиëт эса чегара билмайди. Адабиëт ўз навбатида жамият билан чамбарчас боғлиқ¸ дейди тадбир ташкилотчиси.

Парижда ижод қиладиган ëзувчи ва журналист Дмитрий Кошко бу анжуман мақсадини батафсил тушунтирди:

- Бугун Марказий Осиë - европалик учун бир қоп-қора туйнук. Марказий Осиë ëки Рус Туркистони европаликлар учун қора мавҳумият. Биз Марказий Осиë киноларини Париж марказидаги Лотин кварталида жойлашган Пантеон кинотеатрида намойиш қилиб бу мавҳумият туманини тарқатмоқчимиз. Марказий Осиë нафақат гилам ва мевалари¸ балки адабиëт ва киноси билан европаликлар қалбини мафтун қилишига ишонаман¸ дейди суҳбатдош.

Дмитрий Кошко анжуманда иштирок этаëтган ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоиловнинг “Темир йўл” романи французлар тушунадиган услуб ва ташбеҳларда ëзилганини таъкидлади.

Марказий Осиë адабиëти ва киноси ҳафталиги доирасида учта давра суҳбати ва ўнлаб кино тақдимотидан иборат бўлади.
XS
SM
MD
LG