Линклар

Қорасувлик бир савдогар йигит 4 феврал куни Озодликка қўнғироқ қилиб, менинг бухороликларга бир мурожаатим бор, эшиттириб қўйсангизлар, деб илтимос қилди. Қирғизистоннинг Қорасувида ишлайдиган бу йигитнинг Бухорою унинг аҳолисига нима алоқаси бор? Сабр қилсангиз, бу ҳақда ҳам айтамиз.


Ҳозир эса, бошқа гап. Гапки, у ҳам Бухородан.

Яқинда Ғиждувондан, Ҳалим Ҳамроев, деган имзо билан бир хат келди. Хат эгаси билан боғландик. У ўзини мана бундай таништирди.

- Мен ҳозир 72 ëшдаман. Иқтисод фанлари номзоди. Олий ўқув юртларида доцент бўлиб ишлаганман. Ҳозир нафақада.

Озодлик: Қайси институтдан нафақага чиққансиз?

- Бухоро давлат университетидан.

Озодлик: Нимадан дарс бергансиз?

- Маркетинг, менежмент, тадбиркорлик, деди Ҳалим ака Ҳамроев.

Ҳалим ака Ҳамроевнинг 7 қоғозли катта хатида Бухоро вилоят Вобкент туман суди кўриб, ҳукми 2010 йил, 18 январда чиққан бир жиноят иши тафсилотлари, аниқроғи ўша суд ишининг таҳлили битилган.

Жиноят “Микрокредитбанк”нинг Бухоро вилоят бошқармаси ва Ғиждувон туман бўлимида 2008 йилда аниқланган катта миқдордаги камомад билан боғлиқ.

Жиноятнинг қисқа мазмунини учта жумлага жойласак, бундай бўлади:

Фуқаролар кредит сўраб мурожаат қилган.

Фуқароларга кредит берилмаган.

Фуқароларнинг банкда қолган ҳужжатларига банкнинг айрим етакчи ва мутахассислари кредит расмийлаштириб ўзлаштирган.

Бундан 3 йил олдин ҳукми ўқилган жиноят иши тафсилотларини шу учта жумла билан чегаралаймиз.

Ишнинг тафсилотларига қизиққан муштарий сайтимизда эълон қилинган суд ҳукми ва Ҳалим ака Ҳамроевнинг хатини ўқиб, ўзи хулоса қилар.

Бизни эса, бошқа нарса қизиқтирди. Нима учун ёши 70 дан ошган олим оқсоқол кексайган чоғида хат ёзиб қийналиб юрибди?

Бир қарашда, бу савол жавоби сувнинг бетида: судланиб, жазоланганлардан бири Ҳалим ака Ҳамроевнинг ўғли – Ҳамид Ҳамроев, “Микрокредитбанк”нинг собиқ ходими. Шунинг учун Ҳалим акага аввал мана бу саволни бердик.

Озодлик: Домла, мана сиз хатингизда бизга қилган мурожаатингизда ўғлингизни ҳимоя қилаяпсизда. Биламизки, типратикан ҳам ўз боласини юмшоғим дейди.

- Мен кўп ўйладим бу тўғрида. Мана шунча вақт ўтиб кетди ўйлаб, танишиб кўраяпман. Менинг ўғлимнинг қилган иши, у ҳақиқий жиноятни айтаяпманку ҳал қиладиган бирор-бир рол ўйнамаган у. Мана шу ишларни қилишга унда ваколат ҳам бўлмаган, шунинг учун бирорта ҳужжатни имзоламаган ҳам. Айтаяпманку қаердандир кредит масаласини ҳал қила олмайдиган битта иккинчи даражали ҳужжатга у имзо қўйган. Сохта ҳужжатга. Лекин сохта шартнома, сохта фармойиш, сохта ордерларни тузган, имзолаган кишилар ҳам бир ярим йил ўтиб қайтиб тергов қилиниб, уларга паст жазо қўйилган. Ўша пайтда амнистияга тушиб, улар озод ҳам қилиб юборилган. Менинг ўғлим бўлса, айтаяпманку ҳеч қандай бир арзимайдиган битта ҳужжатни тузиб қўйгани учун 3та модда билан жазоланган. Ундан ташқари худди ўшандай ишни қилган яна бошқа шахслар бор. Уларга умуман айб ҳам қўйилмаган, ўша бошқа банк ходимларига. Шунинг учун айтаяпманда, ўша ишни қилганларга умуман айб қўйилмаган, асосий ишни қилганлар ундан пастроқ жазо олиб, амнистияга чиқиб кетганлар, энг катта жазо бунга тўнкалган.

Озодлик: Ўғлингизнинг ëши нечада?

- Ҳозир 31да.

Озодлик: Уйланганми?

- Уйланган, болалари бор.

Озодлик: Ҳамиджоннинг ўзи билан ҳам гаплашсак бўладими?

- Ҳозир йўқ у. Ҳозир киракашлик қилиб биттаси билан юрибди, деди Ҳалим ака Ҳамроев.



Суҳбатдошимиз - эндиликда оиласини киракашлик билан боқаётган собиқ банк ходимининг отаси Ҳалим ака Ҳамроевнинг Озодликка ёзган хатидан иқтибос:

“Айблов хулосасида жиноятда иштирок этган 10 та шахсдан 6 таси кўрсатилган, улардан ҳам фақат 3 таси ажратиб олиб тергов қилинган, улардан бири кредит бўлими бошлиғига айб қўйилган бўлсада, суд уни оқлаб юборган. Натижада, жиноятнинг бутун айби икки киши, айниқса энг катта қисми банкда эндигина 4 ой ишлаган, тажрибасиз, ишни ўрганаётган, ўзини ҳимоя қила олмайдиган ёш мутахассис Ҳ. Ҳамроевга юкланган”, дейилган Ҳамроевнинг хатида.

Хатнинг хулосасида келтирилган 2 илтимосдан биридан келиб чиқиб, Ҳалим акага яна бир савол бердик.

Озодлик: Домла, сиз “Сизларга мурожаат қилишдан мақсад содир этилган жиноят учун жазо муқаррарлиги ва унинг адолатли бўлиши шартлиги принципларини эътироф этган ҳолда сизларнинг ëрдамларинг билан ҳақиқатни тиклаш” деб ëзибсиз. Сизнинг назарингизда ҳақиқат нимадан иборат?

- Ҳақиқат шундан иборатки, жиноятда иштирок этган 10та шахснинг ҳар бирининг ролини аниқ, равшан, объектив, холисона баҳолаш ва шу ролига мувофиқ айбини аниқлаш. Ана шу ҳақиқат, адолатни биз талаб қиламиз бор-йўғи.

Озодлик: Мана сиз Озодликка мурожаат қилдингиз. Озодликка мурожаат қилгунча маҳаллий идораларга мурожаат қилганмисиз? Агар қилган бўлсангиз, қайси идораларга қилдингизу улардан қандай жавбо олдингиз?

- Маҳаллий идоралар эмас, энди биз судларга мурожаат қилдик. Ундан ташқари суд бўлиб ўтгандан кейин яна битта мақола ëзиб Инсон ва қонун газетасига юборган эдим. Улар бу мақолани Бош прокуратурага юборганлар. Прокуратура кўриб, бу ерда ҳеч қандай нималар тасдиқланмади деб хулоса берган.

Озодлик: Газетага қачон ëзгансиз?

- 2010 йилларда бўлган.

Озодлик: Прокуратура “бу ишда ҳеч қандай қонун бузилмаган” деган жавоб берган сизга.

- Ҳа. Менга эмас уларга берган. Газетага берган. Улар кейин менга шунинг хабарини бердилар. Шу асосий мурожаат қилганларимиз. Бошқа судларга мурожаат қилганмиз.

Озодлик: Олий судгача етганмисиз?

- Ҳа. Олий суд назорат тартибида кўриб чиқилсин деб яна шу вилоят судига қайтариб юборган. Олий суднинг ўзи кўриб чиқмаган.

Озодлик: Жавоб яна боягидай бўлган-а?

- Яна ўша жавоб. “Айб қилган экан. Айбига иқрор бўлган” тамом. “Нима айб қилган, нимасига иқрор бўлган, қандай рол ўйнаган”, бу нарсаларга эътибор йўқ, деди Ҳалим ака Ҳамроев.

Суҳбатдошимиз Ҳалим ака Ҳамроев Озодликка ёзган хатида “Микрокредитбак” да содир этилган жиноятни “мантиқий-математик таҳлил қилиб, жиноят иштирокчилирининг айби даражаси” жадвалини келтирган.

Иқтисодиёт фанлари номзоди Ҳамроевнинг таҳлилидан “маълум бўладики, жиноий қилмишларнинг қарийб 90%ини 4 та шахс – 40,4%ини банк бошқарувчиси, 24,3%ини бош ҳисобчи, 16,2%ини кредит бўлими бошлиғи, 8,1%ини хазинабон амалга оширган ва шу жиноятда уларнинг ҳиссаси Ҳ.Ҳамроев ҳиссасидан 4,5 дан 22 баробаргача катта бўлган”, дейилган Ҳамроевнинг хатида.

У ўз мактубида давом этади:

"Энг ажабланарли ҳолат шундан иборатки, уларнинг бирортаси ҳам шу қилмишлари учун реал жазо олмай, мазкур жиноятда иккинчи даражали бир ишни қилиб, минимал – 1,8% даражада иштирок этган Ҳ.Ҳамроевга терговчи энг катта айбларни қўйиб, етказилган зарарни қоплаш учун ундан 4,0 млн. сўм пул ундириб (нима учун шунча сўмлигини ҳам асосламай), тергов даврида қамоққа олиб, икки сутка совуқда ушлаб туриб, қадр-қимматини поймол қилиб, катта миқдорда моддий ва маънавий зиён етказган. Ғиждувон туман суди ҳам бу нарсаларга лозим даражада эътибор бермай, 2010 йил 26 мартда унга ЖК 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан иш ҳақининг 30%ини давлатга ўтказиш шарти билан 3 йилга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси ва яна ЖК 45-моддасини қўллаб, икки ярим йилга муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш қўшимча жазоси тайинлаб, ишдан ҳам бўшатилган. Ҳамид Ҳамроев фақат икки йилдан сўнг 2012 йил январида амнистия этилди”.

Мавзуни ўрганар эканмиз, биз “Микрокредитбанк”нинг Бухоро вилоят бошқармаси билан ҳам, Ғиждувон туман бўлими билан ҳам боғландик. Саволимизни эшитгач, банк ходимлари алоқани узиб қўйиш билан чекланди.

Жиноятни очган МХХ ва судлаган судлар билан алоқа боғлай олмадик.

Ҳалим ака Ҳамроевга сўнгги саволимиз бундай бўлди:

Озодлик: Энди сизнинг пировард мақсадингиз ўғлингизнинг ишини қайтадан кўриб чиқиб суд ўғлингиз Ҳамид Ҳамроевни айбсиз эканлиги тўғрисида ҳукм чиқариб беришини истаяпсизми?

- Йўқ, айбсиз эмас. Қилган айбига яраша ҳукм чиқариб беришини. Қилган қилмишига яраша айб қўйиши, шу билан бирга уни эмас барча иштирокчиларнинг айбини аниқлаб, шу жумладан бунинг ҳам айбини аниқлаб ҳақиқатан адолатли ҳукм чиқаришини талаб қиламан, деди иқтисодиёт фанлари номзоди, 72 яшар Ҳалим ака Ҳамроев.

Қорасувлик бир савдогар йигит 4 феврал куни Озодликка қўнғироқ қилиб, менинг бухороликларга бир мурожаатим бор, эшиттириб қўйсангизлар, деб илтимос қилди.

- Мен айтмоқчи бўлганим Бухоро аҳлига, бу барибир Бухоро бозорига чиқади. Бухоро бозорида Бекотонни деган этикеткали битта жой, бир қоп, Ҳамиддаф деган этикеткали детский жемпер ва детский комплект, учта нимани Бухоро аҳли олмасин. Ўша таможняда ўғирлаб қўйганларнинг сотган нарсаси демоқчи бўлаяпман, деди қорасувликсавдогар йигит.

Азиз тингловчи, тушунмаган бўлсангиз керак. Келинг, ўзини Мухторжон, деб таништирган қирғизистонлик савдогар йигитнинг айтганларини бир бошдан эшитайлик.

Айтишича, у Эрондан товар импорт қилади ва Қорасув бозорида сотади.

Декабр ойида Эрондан темир йўл вагонига юкланган юки Сўх инциденти туфайли Қирғизистон чегараси ёпилиб қолиб, йўлда қолиб кетган.

- Эрондан декабрнинг 26ларида йўлга чиққан. Печатда 26.12.2012 турибди. Машхадская таможня от 26.12.2012 деяпти. 2 феврал куни қабул қилдик.

Озодлик: Демак, юк 2 феврал куни етиб келди.

- Ҳа, 2 феврал куни юк етиб келди.

Озодлик: Нима бўлди? Нима учун телефон қилаяпсиз?

- Сабаби, у қўшимча коммерческий акт билан бирга келди. Коммерческий актни ўқисангиз, у ерда рус тилида ëзилган: “Бухоро станцияси. 17 январ 2013 йил. У ерда энди рус тилида ëзилган. “При осмотре виевлено недостача трех мест одежди” деб ëзилган. У ерда ëзилган, начало осмотра 10.30, 12.30, конец осмотра 16.30 деб. Бу тўрт соатнинг ичида вагонни қандай тушириб қайтиб юклай олади? Вагонни тушириш учун икки кун вақт кетади. Юклагани икки кун вақт кетади. Улар тўрт соатнинг ичида место етмаганини дарров топшириб қўйибди.

Озодлик: Йўқ бўлса йўқдирда. Печатлари билан бўлибди, мана акт тузибди. Балки юкланмагандирда.

- Биз “Рахими” деган торговая фирма билан 20 йилдан бери ишлаймиз. 20 йилдан бери синовдан ўтиб бўлган фирма. Унчалик учта нарсага пасткашлик қиладиган фирма эмас. Ўзбекистон республикаси номидан печат босган Бухоро таможняси божхонаси ходими у ерда учта нарсани ўғирлаб қўяяпти, деди қорасувлик савдогар.

Мана шундай жиддий айблов билдирди қирғизистонлик савдогар.

Унинг мурожаати билан дарҳол шуғулланишга вақт бўлмади ва бир-икки кун ўтгач, савдогар билан боғланиб, яна бир неча савол бердик.

Озодлик: Ўша актда нима деб ëзилган?

- Актда “мана бу текширилди, олувчи бу, жўнатувчи бу” деб туриб бу ерда русча ëзилган. “При таможенном досмотре обнаружено недостача трех мест одежди” деб ëзилган. Начало досмотра 10.30, конец досмотра 16.30 ëзилган. Олти соатнинг ичида нормалний одам уни тушира олиши мумкин. Икки кунда, 16 соатда юкланадиган нарсаю бу. Қандай булар олти соатнинг ичида ҳам тушириб, ҳам юклаб қўйишган?

Озодлик: Тушириб ва юклаб қўйгани тўғрисида ҳам ëзилганми у ерда?

- Ҳа. Начало досмотра 10.30 ëзилган. Печат билан ҳамма ëғи.

Озодлик: Досмотр дегани тушириб қайта юклаш дегани эканлигини қаердан биласиз?

- Унда улар қаердан билди учта место камлигини? Бутун вагонни тушириб, бутун вагонни қайта юкласа, ундан кейин биладику учта жой камлигини. Улар қаердан билди? Қараб қўйиш билан учта камлигини улар қаердан билади?

Озодлик: Энди тушунгандай бўлаяпман. Вагонда нечта юк бор эканлигини билиш учун юкни албатта ерга тушириш керакми? Шундоқ санашнинг иложи йўқми?

- У ерда сопроводителний документда ëзилган 271та место деб. 271та қопда. Санаш учун, унинг ичида ҳамма ëқ тахланганку. Учта камлигини қандай санай олади улар? Шу учта ўғирлаганини қонуний қилиб қўйибшибдида.

Озодлик: 271та юкнинг 271та эканлигини юкларни ерга туширмасдан санаб бўлмайдими?

- Улар ҳар хил ҳажмдаги қоплар. Уилар коробка бўлса экан энини бўйини санаб кўпайтириб қўйса бирпасда чиқадиган. Улар ҳажми, вазни, ҳар хил қоплар. 35 килолиги бор, 80 килолиги бор. Унинг ҳаммасини тушириб ҳаммасини юклаганда санашнинг иложи бор.

Озодлик: Акт сизнинг номингизга келдими?

- Йўқ. Жўнатувчи фирманинг номидан кутиб олувчи фирманинг номига.

Озодлик: Ўша йўқолган учта юк айнан сизга тегишли эканлигини кутиб олувчи фирма билдими?

- Вагонни очгандан кейин кўрдикки, у ерда кўпчиликнинг юкию, анча ер бўш турибди. Санаб туширишни бошладик. Қарасак, бир қоп детский комплектни олишибди, бир қоп Томми деган жемперни олишибди, бир қоп детский жемперларни олишибди, деди қорасувлик савдогар.

Демак, у бухоролик божхоначиларни айбламоқда.

Биз Бухоро-2 божхона пости билан боғландик ва постнинг ўзини таништирмаган ходимидан муҳим бир гапни эшитдик.

- У масала бўйича темир йўл жавбо беради агар вагон бўлса.

Озодлик: Божхонанинг алоқаси йўқми бунга?

- Бизлар у товар вагонни қоровуллаб юрмаймизку йўлда. Келган пайти ўзимизга келганини туширамиз.

Озодлик: Темир йўл нима учун вагонни очиши мумкин?

- Вагонни ким очган?

Озодлик: Вагонни Бухоро станцияси сотрудниги деди. Мен тушуниб олибманки,

- Акти бормикан акти?

Озодлик: Акти бор экан. 17 январ кунги акт.

- Ўша актга ëзилган бўлмаса нимага очилган, нимага олиб қолинган сабаблари ҳаммаси кўрсатилган бўлади. Актни ўқиб чиқсинлар, деди божхона ходими.

Божхона ходимидан бу гапни эшитгач, савдогар билан яна боғландик ва ундан актда вагоннинг очилиши сабаби қандай изоҳланганини сўрадик.

- Сабаби йўқ бу ерда. Русча тушунаманку. Просто акт таможенного досмотра, деди қорасувлик савдогар.

Бухоро станцияси билан боғланиш йўлида қилган уринишларимиздан самара чиқмади.

Жамият ва қонун эшиттириши савдогар йигитнинг арзию божхоначининг гапини дастак қилиб олиб Бухоро темир йўл станциясини айбламоқчи эмас.

Бироқ, 15 йилдан бери Эрондан Ўзбекистон орқали юк ташиб, товарини биринчи марта йўқотиб қўйган савдогарнинг бухороликларга ғарази борлигига ҳам ишониш қийин: унга “нима зарил”?

Мазкур воқеа юзасидан Бухоро станциясининг айтадиган изоҳи бўлса, Жамият ва қонун эшитишга ва тингловчига эшиттиришга доим тайёр.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG