Линклар

OzodlikOnline: Ўзбекистонда нега завод ва фабрикалар йўқ ҳисоби?


Бир пайтлар қишлоқ хўжалик машинасозлиги бўйича СССРдаги йирик заводлардан бири бўлган Ташсельмаш заводидан мустақилликдан сўнг ўзбекистонликларга қолгани шу бўлади.

Бир пайтлар қишлоқ хўжалик машинасозлиги бўйича СССРдаги йирик заводлардан бири бўлган Ташсельмаш заводидан мустақилликдан сўнг ўзбекистонликларга қолгани шу бўлади.

Душанба¸ 18 феврал куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган жонли¸ интерактив мулоқотимизда Ўзбекистонда ички ишлаб чиқаришнинг ривожланмай қолаëтгани сабаблари ҳақида суҳбатлашдик.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери президент Каримов бош бўлган республика Вазирлар Маҳкамаси ички ишлаб чиқаришни ривожлантириш иддаоси билан юзлаб қарор ва фармонлар қабул қилди.

Шу даъво билан қанчадан-қанча тартиб ва қоидалар¸ чеклов ва тақиқлар жорий этилди.

Ўзбекистон президенти 29 январ куни қўл қўйган “Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рақобатбардошлигини янада ошириш ва товарларнинг мамлакатга ноқонуний олиб қирилишига қарши курашни кучайтиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1913-сонли қарор ҳам яна айни иддао билан тақдим этилди.



Гўë мамлакат ичида ишлаб чиқилаëтган маҳсулотлар бозорбоплигини кучайтириш учун¸ хориждан келаëтган истеъмол товарлари йўлига яна бир улкан маъмурий тўсиқ қўйилди.

Аммо бу каби минглаган қарор ва фармонлар билан на Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилаëтган маҳсулотлар кўпайди ва на уларнинг сифати ошиб¸ рақобатбардошлиги ортди.


Бугун “Ўзбекистоннинг ўзида қандай халқ истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда ва сиз уларнинг қай бирини харид қилгансиз?” деган саволга кўпчилик ўзбекистонликлар жавоб беришга қийналади.

Боласининг кийим-кечагию¸ оғзидаги сақичига қадар Хитойдан келишини билган кўпчилик ўзбекистонликларнинг бу саволга берадиган биринчи (балки ягона) жавоби аввалги ЎзДЭУ¸ ҳозирги GMЎзбекистон ширкати чиқараëтган автомобиллардир¸ деган мазмунда бўлмоқда.

Аммо кузатувчилар¸ бу заводнинг тўлақонли ишлаб чиқариш эмаслиги¸ шунчаки хориж ширкатининг иш кучи арзон бўлган бир мамлакатда барча керакли қисмларни импорт қилган ҳолда¸ шунчаки йиғиш станоклари ўрнатилган ҳудуд эканини айтишади.

Худди шундай¸ Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида қўлга киритган ишлаб чиқариш ютуқларига доир расмий ҳисоботларнинг биридан иккинчисига кўчиб юрувчи рўйхатида яна қанчадан-қанча қўшма корхоналар номи бор.

Аммо бу рўйхатга киритилган газокондесат бўладими¸ ëхуд юк машиналари ишлаб чиқариш заводлари, Ўзбекистонда миллий саноат туғилиши ва оëққа туриши учун асос бўла олгани йўқ.

Аксинча¸ СССР қулаганидан бери барбод қилинган қанчадан-қанча йирик ишлаб чиқариш корхоналари¸ хусусан¸ авиация¸ машинасозлик¸ тракторсозлик¸ тўқимачилик заводларининг бирин-кетин мамлакат саноат харитасидан йўқ бўлгани¸ уларда ишлаб келган юз минглаб одамнинг меҳнат муҳожирига айланишдан ўзга чораси қолмаганини ўзбекистонлик ҳар бир хонадон ўз ҳаëти мисолида яхши билади.

Хўш¸ ҳукуматнинг расмий баëнотлари ва қабул қилиб келаëтган юзлаб қарор ва фармонлари нима учун Ўзбекистонда ички ишлаб чиқаришни ривожлантира олмаëтир?

Ўзбекистон шароитида ишлаб чиқаришнинг қайси соҳаларини ривожлантиришга имкон бору¸ нима учун бу имконлар амалга кўчмаëтир?

Ўзбекистон ҳукуматининг СССРдан қолган йирик саноат корхоналарини бирин-кетин барбод қилгани сабаблари¸ Сизнингча¸ нимада?

Ўзбекистон ва ўзбекистонликларда ички ишлаб чиқаришни яратиш ва ўз маҳсулотини халқаро бозорга олиб чиқишга имкон бериши мумкин жисмоний ва молиявий ресурслар борми?

Ўзбекистоннинг ҳозирги вазиятида юқори технологиялардан фойдаланишни талаб қилувчи саноат яратишга қодир интеллектуал куч борми?

Нима учун мустақилликнинг 22 йили давомида Ўзбекистонда “зовутчи бойлар”¸ яъни ишлаб чиқариш корчалонлари пайдо бўлмади?

Нима учун 22 йил давомида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш тизимлари яратишга иштиëқ кўрсатган хориж сармоядорлари мамлакатга кирмади?

Сизга Ўзбекистонда ички ишлаб чиқаришни ривожлантириш вазифаси топширилса¸ ишни нимадан¸ қаердан бошлаган бўлардингиз?

Ҳукуматнинг “ички ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва ҳимоялаш” иддаоси билан ички бозорни ташқи дунëдан ëпиб қўйиши¸ импорт молларига 120 фоиз ва ундан ортиқ бож тўловлари жорий қилиши ўзини оқлайдими?



Душанба¸ 18 феврал куни Тошкент вақти билан 21:05 да OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали жонли мулоқотга бевосита қўшилиб¸ бу саволларга оид ўз мулоҳазаларингизни бевосита билдиришингиз мумкин.

Агар Skype манзилларимизга ҳозирга қадар қўшилмаган бўлсангиз¸ марҳамат қилиб¸ OzodSkype ва OzodlikOnline манзилларига сўров юборинг¸ скайпдошларимиз сафига қўшилинг!





OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG