Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:59

Қирғизистонда дам олиш кунини жумага кўчириш таклиф қилинмоқда


Қирғизистонда жума кунини дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга тақдим этилди. Қирғизистон парламентдаги айрим депутатлар ва фуқаролик жамияти мазкур қонун қабул қилинишига ўз қаршиликларини билдирмоқдалар.

Жумани дам олиш куни сифатида эълон қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қирғизистон парламенти депутати Турсунбой Бакир ўғли томонидан тайёрланган. Унга кўра, айни пайтда қонун лойиҳаси парламентга кўриб чиқиш учун тақдим қилинган. Депутатнинг айтишича, Қирғизистон аҳолисининг 80 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Шунинг учун ҳам Қирғизистонда айрим ислом давлатларида бўлгани каби дам олиш кунини якшанбадан жумага кўчириш таклиф қилинган. Турсунбой Бакир қонун лойиҳасида меҳнат жамоаси раҳбарига дам олиш кунини ўз ихтиёри билан белгилаш ҳуқуқи ҳам берилганини таъкидлади.

-Шанба куни яҳудийларнинг дам олиш куни ҳисобланади. Якшанба эса насронийларга тегишли дам олиш куни. Меҳнат жамоасининг раҳбари ўз ҳоҳишига кўра якшанбани дам олиш куни сифатида эълон қилиши мумкин, қачонки бу жамоада мусулмонлар ишламаётган бўлса, -деди Турсунбой Бакир ўғли.

Бироқ Қирғизистон фуқаровий жамияти вакиллари таклиф қилинган қонун лойиҳаси Конституцияга зид келишини билдирмоқдалар. Фуқаролик жамияти вакилларига кўра, Қирғизистонда дин давлатдан ажратилган. Жума кунининг дам олиш куни деб эълон қилиниши эса мамлакатда ислом динининг бошқа динлардан устун қўйилишига сабаб бўлади.

- Биринчидан Қирғизистон халифалик давлати эмас. Иккинчидан, аҳолининг асосий қисми мусулмон бўлгани билан уларнинг барчаси ҳам иш билан таъминланган эмас. Улар истаган кунлари дам олишлари, жума намозга боришлари мумкин. Ҳукумат тузилмалари эса Конституцияга буйсунган ҳолда фаолият юритиши шарт. Конституцияда эса давлат диндан ажратилгани аниқ айтилган, -деди Бишкекдаги “Демократия ва фуқаролик жамияти учун” коалицияси раиси Динара Аширахунова.

Қирғизистон Дин ишлари бўйича ҳукумат комиссияси ва мусулмонлар диний идораси мазкур қонун лойиҳаси билан танишиб чиққач ўз нуқтаи назарларини жамоатчиликка етказишларини билдирмоқда. Ҳозирча қонун лойиҳаси уларга экспертиза учун тақдим қилинмаган.

Қирғизистонлик диндорларнинг кўпчилиги жумани дам олиш куни деб эълон қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб қувватламоқда. Айни пайтда парламент депутатларининг бир қисми дам олиш кунларини ўзгартиришга ҳеч қандай эхтиёж йўқлигини айтмоқдалар.

- Жума кунини якшанбага алиштиришни қўллаб-қувватламайман. Сабаби, шанба ва якшанба кунлари дам олиш одамлар учун анъанага айланиб қолди. Дам олиш кунларининг ўрнини алмаштириш Қирғизистонга ҳеч қандай манфаат келтирмайди, -деди депутат Исмоил Исақов.

Қирғизистон парламентида жумани дам олиш куни сифатида эълон қилиш масаласи бундан 17 йил аввал ҳам муҳокама қилинган эди. Бироқ ўша пайтда парламент бу таклифни қабул қилмаган эди.

2010 йилда сайланган янги парламент депутатларининг бир қисми эса намозхон экани айтилиб келинади. 2011 йилда фуқаролик жамиятининг бир неча ойлик кескин қаршилигини енгиб ўтган ҳолда, депутатлар парламент биносида намозхона очилишига эришган эдилар. Маълумотларга қараганда, ҳар жума куни парламентдаги бу намозхонада икки юзга яқин одам ибодат қилади. Бошқа кунлари эса 20 дан ортиқроқ депутат бу ерда 5 маҳал намоз ўқийди.
XS
SM
MD
LG