Линклар

Хонанда Лайло Алиеванинг ўлими бўйича янги тахмин илгари сурилди


Ота-оналар Халқ таълими вазирига арз-дод қилишди. Адвокат 3500 доллар пора учун қамалди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур авлоди Бухоро амирлигида генерал бўлган. Матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Адвокат 3500 доллар пора олгани учун судланди”

Уй можаросини ҳал қилиш ваъдаси билан фуқародан 3500 АҚШ доллари пора олган адвокат Ашурмат Тўхтабоев маҳкамага тортилди. Яккасарой тумани прокурори ўринбосари Одил Мусаев “Бозор ва истеъмолчи” газетасига ёзишича, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро суди фуқаро Бобокалоннинг уй даъвосини қаноатлантирмаган. Шундан кейин Бобокалон адвокат А.Тўхтабоевга ишни ҳал қилиш беришни сўраб мурожаат қилган.

Адвокат аризачидан жами 3500 доллар олиб, можарони кейинги инстанцияда – Тошкентда унинг фойдасига ҳал қилишга ишонтирган. Орадан бироз вақт ўтиб, адвокат Россияга кетиб қолган ва мижознинг иши ўлда-жўлда қолиб кетган. Адвокат Тўхтабоев Жиноят кодексининг 212-моддасига кўзда тутилган жиноят учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Суд, пировардида, адвокат муқаддам судланмагани ва зарарни қоплаганини инобатга олиб, унга бир йил синов муддати тайинлаган.

“Лайло Алиева фақат пул учун ўлдирилмаган”

Таниқли хонанда Лайло Алиеванинг ўлимига фақат пул сабаб бўлмаган (“Даракчи”, 14 феврал). 1998 йилнинг 1 майида вафот этган қўшиқчининг опаси орадан 15 йил ўтиб, синглисига қарши суиқасд бўйича янги версияни илгари сурди. “Биласизми, бу воқеани эшитганларнинг аксарияти ва суд ҳам синглимни пул ва тиллалари учун ўлдирилган деб қарор чиқаришди.

Аммо шахсан менинг фикримча, бу жиноятда пул иккинчи ўринда бўлган. Жиноятчилар бойлик истаб келишганида хонадоннинг барча қимматбаҳо нарсасини олиб кетиши керак эди... Жиноят қилганлар фақат кўзларига кўринган нарсаларнигина олиб кетишган. Устига-устак улар синглимнинг ҳали мухлисларга ҳавола этилмаган янги қўшиқлари ёзилган кассеталарини ҳам олишган” деган марҳуманинг опаси Шаҳло Азимова. Хонанданинг ўлимида “Ал-вакил” эстрада гуруҳи аъзолари айбдор деб топилиб, улар 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Айбдорлар бир йил изланган ва Москва шаҳрида қўлга олинган. Ўша пайтда катта шов-шувларга сабаб бўлган шафқатсиз қотиллик хонанданинг уч ярим яшар ўғли кўз ўнгида содир этилган.

Телефондан чиққан тортишув қон тўкилишига олиб келди

Наманган вилояти Учқўрғон туманида 1992 йилда туғилган талаба Фаррух Икромов етти йилга озодликдан маҳрум этилди (“Диёнат”, 14 феврал). Наманган муҳандислик педагогика институти талабаси Икромов таниши М.Адинаев билан телефонда гаплашаётиб ўзаро тортишиб қолади. “Ўрталаридаги муаммони юзма-юз кўришиб “эркакчасига” ҳал қилиб олишга келишган йигитлар Учқўрғон шаҳар “Дўстлик” кўчасида жойлашган компютер клубларидан бирида учрашишади. Бу учрашув эса қонли фожиа билан тугайди. Юзига тушган муштдан жаҳли чиққан Ф.Икромов қўлидаги пичоқни М.Адинаевнинг бир неча жойига уриб, оғир тан жароҳати етказади” дея тафсилотларни очиқлайди газета. Оғир аҳволдаги Адинаевнинг ҳаёти сақлаб қолинган, Икромов эса панжара ортига йўлланган.

Ота-оналар Халқ таълими вазирига арз қилди”

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 26-даҳасида жойлашган 9-болалар мусиқа мактабининг бошқа жойга кўчирилиши ота-оналарга ноқулайликлар туғдирмоқда (“Новый век”, 14 феврал). Бу ҳақда бир гуруҳ ота-оналар Республика Халқ таълими вазири номига матбуот орқали мактуб йўллаган. Унда айтилишича, мусиқа мактаби жуда қулай ўринда – 107-мактаб ёнида жойлашган эди. Мактабдан чиққан болалар осонгина мусиқа машғулотларига кириб кетарди.

Икки мактабнинг узоқ йиллик ҳамкорлиги натижасида халқаро мусиқа танловлари ғолиблари етишиб чиққан. Аммо ким томонидан ва қачон қабул қилингани номаълум буйруқ билан мусиқа мактаби Тақачи кўчасига – Кичик ҳалқа йўлига кўчирилган. Мурожаатчиларнинг ёзишича, мусиқа мактаби “ернинг у чеккасига” кўчирилиши болаларга ҳам, ота-оналарга ҳам қийинчиликлар келтирган. Ота-оналар вазирдан 9-мусиқа мактабини ўз ўрнида қолдиришда амалий кўмак сўраган.

“Аэропортда ноқонуний доллар олиб кетаётганлар ушланмоқда”

Тошкент аэропортида нақд хорижий валютани ноқонуний олиб ўтишга уриниш ҳолатлари аниқланмоқда (“XXI аср”, 14 феврал). Дубайга йўл олган тошкентлик Э.Мавлянов 3500 АҚШ долларини яширин олиб ўтаётганда ушланган. Москвага отланган С.Кравченко эса 15 минг АҚШ доллари билан қўлга олинган. Ушбу ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари кетаётгани хабар берилган. Амалдаги тартибга мувофиқ, Ўзбекистон резидентларига 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетишга рухсат берилган. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валютани олиб кетиш учун Марказий банк ёки ваколатли банклар рухсатномаси талаб этилади.

“Проездной”дагилар текинхўрми?”
Тошкент шаҳридаги жамоат транспортларида ойлик чипталардан фойдаланувчи йўловчилар ҳайдовчи ва кондукторларнинг қўпол муносабатидан норозилик билдирган (“Адолат кўзгуси”, 14 феврал). “Мен ойлик йўл чиптасидан фойдаланаман. Ҳар сафар “кондуктор” ёнимга яқинлашган сари, юрагим унинг “проездной”имни кўргандан кейинги бужмайган юзидан орқага тортиб кетади. Баъзан “Ҳа, проезднойми?” дея энсаларини шунақанги қотиришадики, эрталабдан кайфиятинг бузилади” деган фуқаро Карим Бозоров.

Бошқа бир неча йўловчи ҳам ойлик йўл чиптасини совғага эмас, пулга сотиб олаётганини эслатади. Ушбу соҳага масъул “Йўловчитранссервис” маркази раҳбари Шуҳрат Эргашев ҳар бир чипта сотиш шахобчасида шикоятлар китоби борлиги, фуқаролар унга ўз арзларини ёзиб қолдиришлари мумкинлигини айтади. Транспорт расмийсига кўра, ҳар ойнинг 19-куни мажлисда йўловчилар шикоятлари кўриб чиқилади.

“Энди ипак қурти ёзда ҳам боқилади”

Шу йилнинг баҳорида Ўзбекистонга Хитойдан ипак қурти етиштириш учун 12 миллион туп тут кўчати келтириш режалаштирилмоқда (“Халқ сўзи”, 13 феврал). Қайд этилишича, мазкур интенсив ниҳоллар ўсиб дарахтга айлангач, ипак қуртини нафақат баҳор, балки ёзда ҳам парваришлаш имкони юзага келади. Хитой тутлари ипак толасини сифати ва ҳажмини оширишга ҳам ёрдам беради. “Ўзбекенгилсаноат” компанияси маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда йилига 22-25 минг тонна пилла етиштирилмоқда.

“Бухородан Бобур Мирзонинг яна бир авлоди дараги чиқди”

Бобурийлар сулоласидан Мир ҳазар XIX аср охирларида Бухоро амирлигида генерал унвонида хизмат қилган. “Даракчи” нашрига кўра, сўнгги Бобурий Баҳодиршоҳнинг ўғли бўлган Мир ҳазар Ҳиндистонда инглиз ҳукмронлиги ўрнатилган пайтда Афғонистон орқали Бухорога қочиб келган. Амир Музаффар шаҳзодага ер-cув ва имтиёзлар берган. Мир ҳазар 1920 йили Бухоро руслар томонидан забт этилгач, отиб ташланган.

Яна ёзилишича, унинг ўғли Насриддин Мирзо Мавлонов 1937 йили аксилинқилобий тарғиботда айбланиб, умрининг саккиз йилини ГУЛАГ лагерида ўтказган. Айни пайтда Мир ҳазарнинг набираси Зайниддин Мавлонов аждодлари ҳаётига доир тарихий маълумотларни ўрганаётгани айтилган. Нашрга кўра, Бобур Мирзо авлодлари бугун Бухоро, Тошкент ва Хўжандда истиқомат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG