Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:07

Тошкент аэропортида долларни рухсатсиз олиб кетаётганлар ушланди


Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон фуқароси Кравченко 15 минг АҚШ доллари билан қўлга олинди. Ҳозирда Кравченко иши бўйича тергов-суриштирув ишлари давом этаяпти.

Тошкент аэропорти божхона хизмати ходимлари ушбу маълумотни тасдиқлади. Исмини ошкор қилмаётганимиз божхона мутахассисига кўра, С. Кравченко Москвага учаётган пайти 15 минг АҚШ доллари билан ушланган.

Шунингдек, Дубайга кетаётган тошкентлик Э. Мавлонов ҳам 3500 АҚШ доллари билан ушланган.

Суҳбатдошимиз божхона мутахассисига кўра, иккала ҳолатда ҳам қонунбузарларнинг шахсини ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг исмлари тўлиқ ошкор қилинмаяпти.

“Бу ҳали яқинда бўлди. Уларга нисбатан маъмурий ёки жиноий, аниқ ҳукм эълон қилингач, уларнинг исмларини тўлиқ эълон қилишимиз мумкин. Ҳозирда божхона суриштирувлари давом этаяпти. Биз тўпланган маълумотларни тегишли органларга берганмиз” деди божхона хизмати мутахасиси.

Тошкент аэропорти божхона хизматининг навбатчи ходимига кўра, Тошкент аэропортида нақд хорижий валютани ноқонуний олиб ўтишга уриниш ҳолатлари деярли ҳар куни кузатилади.

“Бизда доллар билан ушлаш ҳар куни бўлади. Кўпчилик ёнидаги долларни Т-6 шаклидаги божхона декларациясида кўрсатcам бўлди деб ўйлайди. Улар рухсат этилган 2000 доллардан ортиқ пулларига тегишли рухсат олишмайди. Энди одатда 200, 300 ёки 500 доллар ортиқча пул билан ушлаш тез-тез бўлади. Катта суммада доллар олиб чиқиш камдан-кам кузатилади” деди божхона хизмати навбатчиси.

Тошкент аэропорти божхона хизматидан олинган маълумотга кўра, рухсатсиз олиб чиқилаётган пул давлат фойдасига мусодара қилинади ва фуқарога жарима солинади.

Амалдаги қонунларга кўра, Ўзбекистон фуқаролари учун 2000 доллар эквивалентидаги пулни олиб чиқишга рухсат этилади. Лекин 2000 доллардан 5000 доллар эквивалентигача бўлган пул учун ваколатли банкнинг рухсати талаб қилинади. 5000 доллар эквивалентидан кўп бўлган пулни фақат Марказий банкнинг махсус рухсати билан олиб чиқиш мумкин.

Озодлик мухбири суҳбатлашган Марказий банк ходими банкдан рухсат олиш жараёнининг анча мураккаблиги учун фуқароларга пулларини пластик карточкага ўтказиб, олиб чиқишни тавсия қилади.

Пластик карточкада олиб чиқиладиган пул миқдорига қонунда ҳеч қандай чеклов йўқ.

Лекин Озодлик манбаларига кўра, кейинги пайтда биттадан кўп пластик карточкани хорижга олиб чиқаётганларнинг ушланган ҳолатлари ҳам кузатилаяпти.
XS
SM
MD
LG