Линклар

Вячеслав Охунов чиқиш визаси берилмайдиганлар рўйхатига киритилди


Нуфузли халқаро анжуманларга таклиф қилинган ўзбек рассоми Вячеслав Охунов бир йилдан бери чиқиш визасини ололмай сарсон.

Нуфузли халқаро анжуманларга таклиф қилинган ўзбек рассоми Вячеслав Охунов бир йилдан бери чиқиш визасини ололмай сарсон.

Ўзбекистонлик таниқли рассом Слава Охунов бир йилдан бери хорижга сафар қилиш учун чиқиш визасини ололмаяпти. Жаҳон таниган рассомнинг Озодликка айтишича, ОВИР мулозими унинг мамлакатдан чиқарилмайдиганлар рўйхатига киритилганини маълум қилган. Чиқиш визаси режими амал қиладиган саноқли мамлакатлардан бири бўлган Ўзбекистон яқинда бу режимни бузганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтирди.

15 феврал куни эълон қилинган мақолани яна эътиборингизга ҳавола қиламиз.




Ўзбекистон санъатини тақдим қилиш учун қатор жаҳон форумларига, жумладан Венеция Биенналесига таклиф қилинган рассом Вячеслав Охунов чиқиш визаси олиш учун аризани бундан бир йил аввал топширган эди.

Бир йил давомида рассомга чиқиш визаси берилмаётганини турли баҳоналар билан изоҳлаб келган ОВИР мулозимлари куни-кеча Вячеслав Охуновнинг мамлакатдан ташқарига чиқарилиши тақиқланган “қора рўйхатга” тиркалганини маълум қилишган.


Вячеслав Охуновнинг ўзи Озодликка буларни гапириб берди.

- Бир йил аввал ариза топширганимдан бир ой ўтиб мурожаат қилдим, кейин икки ўтиб, кейин уч ой ўтиб қайта-қайта мурожаат қилганимда, кутинг, ана бўлади, мана бўлади деб айтиб юришди. Кейин паспортингизни алмаштиринг дейишди. Биометрик паспорт олиб яна қайтадан ариза топширдим. Тунов куни бориб, нима бўлди, деб сўрасам, сизга расман виза бермаслик ҳақида қарор чиқарилди, деб айтишди. Ким қарор чиқарди, деб сўрасам, Миллий хавфсизлик хизматининг махсус қоғози келган деб айтишиди,- дейди рассом.

Вячеслав Охунов ОВИР мулозимидан МХХ юборган қоғозни кўрсатишни талаб қилганида “бу ҳужжат махфийдир ва махсус сейфда сақланади, уни кўришга ҳатто бизга ҳам изн берилмаган”, деган жавобни олган.

Рассом бир йилдан бери чиқиш визаси ололмаётгани сабаби ўзининг диссидентлик қарашлари билан боғлиқ эканига шубҳа қилмаслигини айтади.

- Биринчиси, ўтган йили Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Прагадаги қурултойига таклиф қилинганимдир. Иккинчиси, гламур олами, президентининг қизи (Гулнора Каримова – таҳр.), мамлакат архитектураси ҳақида қатор танқидий мақолаларни эълон қилганим. Учинчи сабаби, дўстим Баҳодир Мусаев билан халқ турмуши оғирлашгани акс этган перформенсни ташкил қилганим бўлди. Афтидан ҳокимиятга нисбатан танқидий қарашларим акс этган бу ҳаракатлар секин-аста тўплангани оқибати бўлса керак бунинг сабаби. Бошқа сабаб кўрмаяпман,- дейди Вячеслав Охунов.

Ўзбекистон фуқароларнинг хорижга чиқиши тартибига оид меъёрий ҳужжатларга кўра, фуқароланинг чиқиш визаси сўраб, топширган аризалари икки ҳафта ичида кўриб чиқилиши лозим. Бу ҳужжатларда муайан вазиятда фуқароларнинг хорижга чиқишига рухсат берилмаслиги кўзда тутилган.

Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш Тошкент шаҳар бошқармасининг визалар бўлими бошлиғи Улуғбек Саидов, Озодлик билан суҳбатда бунга мисолларни санаб берди.

- Қайси ҳолатларда берилмайди? Агар суддан қарзи бўлса, суд бўлаëтган бўлса, жиноят иши қўзғатилган бўлса, давлатдан тарафидан қанақадир процесс бўлаëтган бўлса, муқаддам судланган бўлсаю судланганлик нимаси (мақомининг муддати) тугамаган бўлса, берилмайди,- дейди Тошкент шаҳар ОВИРи мулозими.

Рассом Вячеслав Охунов давлат ёки бошқа жисмоний шахслар олдида ҳеч қандай қарзлари ёки бажарилмаган мажбуриятлари йўқлиги ва бу мисоллар унга тааллуқли эмаслигини айтади Озодлик билан суҳбатда.

Жаҳон таниган рассом Охунов Ўзбекистон санъатини тақдим қилиш учун қатор халқаро анжуманлар, жумладан Венеция Биенналеси, Миланда шахсий кўргазма ташкил қилиш, машҳур Sothby’s аукцион уйи томонидан Лондонда уюштирилаётган Марказий Осиё тасвирий санъати кўргазмаси, Ҳамбургда 5 йилда бир марта ўтказиладиган дунёнинг энг нуфузли кўргазмаси ва бошқа тадбирларга таклиф қилинган.

Ўзбекистон фуқароларнинг ҳаракатланиш ҳуқуқи чекланишига имкон берадиган чиқиш визаси режимини сақлаб қолаётган саноқли мамлакатлардан бири ҳисобланади. Яқинда бу режимни бузганлик учун жиной жавобгарлик янада кучайтирилди. Ўзбекистон жиноят кодексининг 223-моддаси – Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш учун 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG