Линклар

“Бизга намунавий уй эмас, дўхтирхона керак”

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда намунавий уйлар қурилган, лекин инфратузилма яхши ривожланмаган қишлоқлар ҳали ҳам топилади.

Ўзбекистонда намунавий уйлар қурилган, лекин инфратузилма яхши ривожланмаган қишлоқлар ҳали ҳам топилади.

Жиззах вилояти, Жиззах туманидаги Тоқчилик маҳалласида яшовчи Мамиржон Азимовнинг айтишича, унинг ҳамқишлоқлари номидан январ ойида Ўзбекистон президенти номига ва бир нусхаси Озодлик радиосига жўнатилган хатнинг қисқа мазмуни сарлавҳага чиқарилган жумлада акс этади.


Азимовга кўра, маҳалла ҳудудида қишлоқ врачлик пункти савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қуриш учун бундан 3 – 4 йил илгари ажратиб қўйилган бир гектар ер намунавий уйлар қуриш учун ажратиб берилган.

Хатда айтилишича, тоқчиликлар намунавий уйлар қурилишига қарши эмас, лекин бу уйлар учун ер бошқа жойдан ажратилса яхши бўлар эди.

Ажратиб қўйилган бир гектарлик майдонга эса, аввалдан режалаштирилган объектлар қурилиши керак.

Биз Мамиржон Азимов билан боғланиб, у кишига бир неча савол бердик.

- 7000 аҳоли яшайдиган бир маҳаллада қишлоқ врачлик пункти, болалар боғчаси, маҳалла идораси, алоқа бўлими – шулар учун жой ажратиб қўйдирилсин деган мақсадда биз илтимос қилаяпмиз президентга ëзган хатимизда.

Озодлик: Сизлар Тоқчилик маҳалласидаги қарийб бир гектар ерни тиббий пункт учун ва ҳоказолар учун сақлаб қолмоқчисизлар ва шу мақсадда президентга хат ëздинглар.

- Асосий мақсадимиз мана шу.

Озодлик: Энди сиз ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. 30 миллион киши яшайдиган мамлакатнинг президенти Тоқчилик маҳалласидаги бир гектарга етиб етмаган ерни сақлаб қолиш масаласи билан шуғулланадими? Нимага бирданига президентга ëзвординглар?

- Мен бу масалада туман ҳокимига кирдим биринчи навбатда. Бунинг асосий бошланғичи мана шу бир ой ичида шуғулланиб келаëтганимиз фуқаролар йиғини раисига кириб айтдим мана шу нарсани. “Сен шу маҳалланинг фуқаросисан. Туман ҳокимига тушунтиргин мана шуни. Шу бир гектар ерни сақлаб туриб мана шу нарсаларни қурайлик. 15-20 йилдан кейинги авлога ҳамма нарса керак бўлади. Аҳоли ўсиб бораяпти йилдан йилга” деб тушунтирдим фуқаролар йиғини раисига. У бориб туман ҳокимига айтишни хоҳламадими, кейин ўзим тўғри туман ҳокимига кирдим. 21 январ куни вилоят ҳокимига хат чиқаргандик шу мазмунда. Ижобий жавоб бўлавермагандан кейин биз президентга жўнатдик хатни.

Озодлик: Президентнинг номига кетдими бу хат кетмадими?

- Хат кетган, деди Мамиржон Азимов.

Мамиржон Азимовнинг фикрича, 7 минг киши яшайдиган Тоқчилик маҳалласи аҳли эҳтиёжлари учун сув билан ҳаводай зарур бўлган қишлоқ врачлик пункти ва бошқа шунга ўхшаш объектларни қуриш учун бир неча йил аввал ажратиб қўйилган бир гектарли майдонни сақлаб қолишга ҳали ҳам кеч эмас.

********************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG