Линклар

Ўзбекистонлик болалар "Тинчлик қишлоғида" даволанади


“Соғлом авлод учун” ва "Friedensdorf International" ташкилотлари 240қа яқин боланинг Германияда даволанишига ёрдам берган.

“Соғлом авлод учун” ва "Friedensdorf International" ташкилотлари 240қа яқин боланинг Германияда даволанишига ёрдам берган.

Ўзбекистонлик 12 бола мураккаб жарроҳлик операцияларини амалга ошириш учун Германияга жўнаб кетди. Ўзбекистоннинг “Соғлом авлод учун” жамғармаси ва Германиянинг "Friedensdorf International" (Халқаро тинчлик қишлоғи) номли ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширладиган дастур доирасида ўзбекистонлик кам таъминланган оилалар болалари 10 йилдирки Германия клиникаларда даволанади. Бу вақт ичида 240қа яқин болага мураккаб ва қиммат муолажалар кўрсатилган.



“Соғлом авлод учун” ва “Friedensdorf International” (Халқаро тинчлик қишлоғи) ташкилотлари кам таъминланган оилалар болаларига Германия ва Ўзбекистонда мураккаб тиббий муолажаларни тақдим қилишга қаратилган дастурни 2002 йилда бошлаган.

“Соғлом авлод учун” жамғармасининг Мурувват ёрдами бўлими ходими Асаддуло Мамасиддиқов Озодлик билан суҳбатда бу йилги дастур доирасида 12 нафар бола чоршанба куни Германияга жўнаб кетганини маълум қилди.

- Кетди. Ўтган куни кузатиб юбордик. Ўн иккита бола яна кетди. Асосан куйгандан кейинги асоратлар даволанади, пластика қиладида у ерда. Ўзбекистонда имконияти йўқ бўлган, операцияси имконияти йўқ бўлган болалар жўнатилади. Биринчи этапда куйган бола, куйгидан асорат белгилари даволанади. Яна ундан ташқари масалан 10-12та бола кетган бўлса, 10таси шу куйиш. Қолган битта, иккита, учта оëқ-қўл бўғинларини даволаш. Туғма оëқ қийшиқлиги, қўлларнинг қийшиқлиги, қолган лаб, танглай бўйича программаларимиз ўша ташкилот билан Ўзбекистонда амалга оширилади. Ўзбекистонда имконияти бўлган операциялар Германия гранти бўйича шу ерда ҳам қилинаяпти,- дейди “Соғлом авлод учун” жамғармаси вакили.

Германиядаги “Friedensdorf International” ташкилотининг жамоатчилик билан алоқа қилиш бўйича вакили Ҳайке Брукман Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик болалар аввал мамлакатнинг турли клиникларида жарроҳлик амалиётидан ўтказилиб, ундан кейин ташкилотнинг санаторийсида реабилитациядан ўтишини айтади.

- Уларга Германиядаги касалхоналарда тиббий муолажа кўрсатилади. Бу болалар Ўзбекистонда малканинг етишмаслиги ёки ускунлар йўқлиги боис даволаш имкони бўлмагани боис, Германияга олиб келинди. Улар бутун Германия бўйлаб турли касалхоналарда жарроҳлик муолажасидан ўтиб, ундан кейин ташкилотимиз жойлашган Оберхаузен шаҳридаги “Тинчлик қишлоғи”, деб номаланадиган масканда реабилитациядан ўтади, дейди “Friedensdorf International” ташкилоти вакили.

Дунёнинг ўнлаб давлатларидан келган болаларнинг Германияда бепул даволанишини таъминлаш билан шуғулланадиган “Friedensdorf International” ташкилоти вакили Брукман хоним мазкур дастурда Германиянинг 300га яқин клиникаси иштирок этади, дейди.

- Бу касалхоналар жарроҳлик амалиёти ва бошқа муолажалар учун пул олмайди. Болаларнинг Германияга келиши ва бу ерда туриши билан боғлиқ бошқа харажатлар хайрия пуллари ҳисобидан қопланади, дейди Ҳайке Брукман.

“Соғлом авлод учун” жамғармаси вакили Асадулло Мамасидиқовнинг Озодликка айтишича, мазкур дастур доирасида фақатгина кам таъминланган оилалардан бўлган болаларгина даволаниши мумкин.

- 10 йилдан бери ишлаймиз. Бу йил ўн биринчи йили. Шу пайтгача Германияда 238та бола соғломлаштириб қайтарилди.

Бундан ташқари, дея қўшимча қилади Асадулло Мамасидиқов, дастур доирасида Германия грантлари асосида Ўзбекистонда ҳам болаларга мураккаб тиббий муолажалар қилинади.

“Friedensdorf International” ташкилоти ёрдамида ўзбекистонлик болаларга туғма нуқсонларни даволаш, куйиш оқибатида танада қолган чандиқларни тузатиш бўйича жарроҳлик операциялари ўтказилади.

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, ўзбекистонлик болалар ҳолатларига қараб ярим йилдан уч йилгача бўлган муддатда Германияда қолиб даволанади.

Бу хайрия тадбири бўлгани боис, ортиқча харажатларнинг олдини олиш учун болаларга ота-оналари ҳамроҳлик қилмайди, лекин уларга керакли ёрдам кўрсатилади, дейди “Тинчлик қишлоғи” дастури вакили.

- Ташкилотимизда кўплаб кўнгиллилар ишлашади ва улар болаларнинг она тилида гаплаша олади. Улар болаларга барча ёрдамни кўрсатади ва улар туфайли бемор болаларнинг кўпчилиги Германиядалиги пайтида немис тилини ҳам яхши ўрганиб олади, дейди “Friedensdorf International” ташкилотининг жамоатчилик билан алоқа қилиш бўйича вакили Ҳайке Брукман.
1967 йилда тузилган “Friedensdorf International” ташкилоти дунёнинг 35дан ортиқ мамлакатида 12 ёшгача бўлган болаларни даволаш ва реабилитация қилиш дастурларини амалга оширади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG