Линклар

logo-print

Баракликлар Қирғизистонга Дўстлик орқали қатнашни истамаяпти


Ўзбек-қирғиз чегарасидаги Оқтош назорат-ўтказиш пункти ҳозирча ёпиқ қолмоқда.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги Оқтош назорат-ўтказиш пункти ҳозирча ёпиқ қолмоқда.

Ўзбекистон расмийлари баракликлар учун Дўстлик назорат-ўтказиш пунктини очиб қўйгани анклав аҳолисини хурсанд қилмади.

Қирғизистоннинг Барак анклавида яшовчи кишилар ўз қишлоқларидан унча узоқ бўлмаган Оқтош назорат-ўтказиш пункти орқали ўтишга кўникиб қолгандилар. Бу ўтказиш пункти 2013 йилнинг 16 январидан буён ёпиқлигича қолмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари баракликларнинг Дўстлик пункти орқали ўтишига рухсат бериш ҳақида 13 феврал куни келишиб олганди. Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Тўқўн Мамитов Оқтош пунктидан фақат фавқулодда жиддий сабабларга кўра одам ўтказилишини қайд этди.

- Оқтош орқали Қирғизистон ҳудудига фақат дафн маросимига, тўйга ё касал олиб ўтиш керак бўлса ва ё бирор бахтсиз ҳодиса юз берсагина, ўтиш мумкин бўлади. Дўстлик орқали эса ҳар куни соат 8.00 дан 18.00 гача ўтиш мумкин, - деди Тўқўн Мамитов.

Гап шундаки, баракликлар учун ўтиш қулай бўлган Оқтош пункти икки давлат расмийлари томонидан одам ўтказиш келишилган пунктлар рўйхатига кирмай қолган. Ўзбекистон томони бу назорат-ўтказиш пункти бўйича расмий келишувга эришилмагунича, у очилмаслигини айтмоқда. Ҳозиргача икки давлат расмийлари 15 та назорат-ўтказиш пунктини очиш бўйича келишувга эришганлар.

Эндиликда улар ўзаро келишиб олгунларигача баракликлар Қирғизистонга ўтиш учун Дўстлик пунктигача бўлган 20-25 километр масофани босиб ўтишлари, уйга қайтаётганда ҳам шунча йўл юришлари лозим бўлади. Бундан норози бўлган баракликлар Оқтош пунктининг тезроқ очилишини талаб қилишмоқда.

- Биз Дўстлик орқали ўтишдан бош тортдик. Бу узоқ йўл бўлиб, у ерга боргунча Ўзбекистоннинг учта туманидан ўтишимиз керак бўлади. Йўлда ҳар хил ҳодиса содир бўлиши мумкин. Бу бизга маъқул эмас. Аввалги транзит йўл анча яхши эди. Биз Ўзбекистон ҳудуди ичида бир километрча юриб, кейин чегарадан ўтиб кетардик, - деди Озодликнинг қирғиз хизматига гапирган бараклик Алмаз Каримов.

Қирғизистонга қарашли Барак анклавида 2 минг чоғли одам яшайди. Шу кунларда қишлоқ аҳлининг тўрт вакили пойтахт Бишкекка келиб, парламент спикери Асилбек Жээнбеков ва президент Алмазбек Атамбаев билан учрашган.

Парламентнинг яқиндаги мажлиси чоғида Баракка оид масалани муҳокама қилган айрим депутатлар анклавда озиқ-овқат танқислиги сезилаётгани, электр узилишлар билан узатилаётганини қайд этганлар. Шундан сўнг Баракка бир гуруҳ депутатларни юборишга қарор қилинган.

- Вазият оғир. Биз депутатлар гуруҳи тузиб, Баракка бориб келишга қарор қилдик. Депутатларга ҳукумат вакилларини ҳам қўшиб юборамиз, - деди парламент спикери Асилбек Жээнбеков.

Январ ойи бошида бўлиб ўтган чегараолди можароси туфайли Ўзбекистоннинг Сўх экслави ҳам ташқи дунёдан узилиб қолганди. Бироқ кейинроқ ўзаро келишув натижасида Қирғизистон расмийлари сўхликлар учун йўл очиб берган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара хизматлари Барак анклави муаммосини бош вазирлар даражасида ҳал қилишни таклиф қилмоқдалар. Бироқ икки давлат бош вазирлари бу масалани муҳокама қилиш учун қачон учрашишлари ҳали-ҳозир маълум эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG