Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:09

Сурияда шиддатли жанглар давом этмоқда


Ҳалаб шаҳрининг Салоҳиддин туманидаги бино девори туйнугидан ҳукумат аскарларини кузатаётган исёнчи, 2013 йил 16 феврал.
Ҳалаб шаҳрининг Салоҳиддин туманидаги бино девори туйнугидан ҳукумат аскарларини кузатаётган исёнчи, 2013 йил 16 феврал.
Сурия шимолида ҳукумат кучлари ва исёнчи гуруҳлар ўртасидаги шиддатли жангларда 84 киши нобуд бўлгани айтилмоқда. Айни пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий комиссари халқаро ҳамжамиятни Суриядаги зўравонликларга чек қўйиш учун чоралар кўришга чақирди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси фаолларига кўра, исёнчи гуруҳлар Ҳалаб шаҳридаги халқаро аэропорт атрофи ва ўша ерга яқин жойлашган ҳарбий ҳаво базасида ҳукумат аскарларига ҳужум қилган.

Исёнчилар Ҳалабдан шарқда жойлашган бошқа ҳарбий базаларга ҳам ҳужум уюштирган.

Сурия армияси учқичлари эса исёнчиларга ҳаводан зарбалар берган.

Dawn.com нашри хабарига кўра, Ғўлон тепалиги яқинида жойлашган Хон Арнабе шаҳарчасида исёнчилар полиция текширув пунктини босиб олган.

Исроил расмийлари отишмалар пайтида яраланган етти нафар суриялик Исроилнинг Цфат шаҳридаги касалхонага олиб борилгани ва тиббий ёрдам кўрсатилганини маълум қилди.

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси иддаосига кўра, Суриянинг шимоли-ғарбий минтақасида шанба куни 300 дан зиёд одам ҳукумат кучлари томонидан ўғирлаб кетилган.

Айни пайтда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Нави Пиллай Сурия Президенти Башар Ал-Ассад устидан инсониятга қарши жиноятлар содир этганлик бўйича текширув бошлаш кераклигини айтган.

Пиллай хоним халқаро ҳамжамиятни яна бир карра Суриядаги зўравонликка чек қўйиш учун зудлик билан чоралар кўришга, жумладан, эҳтимолий ҳарбий аралашувга чақирган.

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси шанба куни бу мамлакатда рўй берган тўқнашувларда 34 аскар, исёнчилардан 30 киши ва тинч аҳолидан 20 киши, жами - 84 одам нобуд бўлганини билдирди.

Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг юқори лавозимли расмийси Пиерре Крахенбухл Суриядаги гуманитар вазиятни “фожиали”, деб атади.

Женева шаҳрида БМТнинг Озиқ-овқат дастури Суриянинг шимолий-шарқида жойлашган Шадада шаҳридан 40 минг аҳоли қочиб кетганини билдирди.

Хабарларга кўра, бу шаҳар ва унинг атрофидаги нефт конлари ўтган ҳафтада исёнчилар томонидан босиб олинган.

БМТ маълумотига кўра, 2011 йил март ойида Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режимига қарши оммавий исёнлар бошланганидан бери тахминан 70 минг одам ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG