Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:09

Покистондаги ҳужумда ўлганлар сони саксондан ошди


Покистоннинг Кветта шаҳри яқинида жойлашган бозорда содир этилган портлашда камида 85 киши ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ одам яраланди. Покистон полицияси қурбонларнинг аксари ҳазора шиалар эканини билдирди.

Балужистон вилояти маркази Кветта шаҳри ташқарисида жойлашган мева-сабзавот бозорида шанба куни уюштирилган ҳужум учун масъулиятни сунний мазҳабидаги Лашкари Жангвий гуруҳи ўз зиммасига олди.

Маҳаллий полициянинг юқори лавозимли зобити Вазир Хон Носир ҳужум шиа жамоати вакилларига қарши қаратилганини маълум қилди.

Масофадан туриб ҳаракатга келтирилган бомба портлагани оқибатида қурбон бўлганлар орасида аёллар ва болалар кўп экани айтилмоқда.

Полиция расмийси Вазир Хон Носир портлашни шиа жамоаси нишонга олинган “мазҳаблараро ҳужум”, деб атади.

Кветта шаҳрида яшовчи сунний мазҳабидаги маҳаллий талаба Малик Афзал 17 феврал куни Рейтерс ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда шиа жамоасига таъзия изҳор қилиб, ҳужум учун ҳукуматни айблади.

- Бу ваҳший воқеа. Биз бўлиниб, бир-биримизни қўллаб-қувватламаётганимиз учун шундай бўлаяпти. Кечаги портлашдан олдин ҳам шундай ҳужум уюштирилган эди.

Биз на ҳукуматга босим қилдик, на биргаликда чора кўрдик. Токи бирлашмас эканмиз, биз ўлдирилаверамиз. Бугун шиалар ўлди. Эртага биз, суннийлар ўламиз. Ундан кейин бошқалар ўлади, - деди покистонлик талаба.

Малик Афзал ҳукумат амалдорлари ва бойлар яшайдиган минтақаларда бундай воқеалар бўлмаслигини, мазҳаблараро зўравонликдан фақат оддий одамлар азият чекишини қўшимча қилди.

Кветта шаҳридаги савдогарлардан бири Муҳаммад Имрон, агар маҳаллий ҳукумат хоҳласа, аллақачон тинчлик қарор топган бўлишини таъкидлади.

- Ҳукумат буни ким қилаётгани ва унинг ортида кимлар турганини аниқ билади. Агар ҳукумат хоҳласа, бозорларга ҳеч ким ҳатто оддий пичоқни ҳам олиб келолмайди, - деди Муҳаммад Имрон.

10 январ куни айни шаҳарда шиаларга қарши амалга оширилган ҳужумда 90 дан ортиқ одам нобуд бўлган. Ўша ҳужум масъулиятни ҳам Лашкари Жангвий гуруҳи ўз зиммасига олган.

Балужистон вилоятида мазҳаблараро зўравонликлар кучайгани сабабли Покистон Бош вазири Ража Парвез Ашраф маҳаллий аҳолининг хавфсизликни таъминлаш талабига жавобан вилоят ҳукуматини тарқатиб юборган эди.
XS
SM
MD
LG