Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:40

Украина андижонлик қочқинни экстрадиция қилмоқчи


Россия ҳукумати Ўзбекистонга бериб юбора олмаган қочқинни Украина экстрадиция қилмоқда. Андижонлик Ҳурматилло Зокиров Ўзбекистонда диний- экстремистик ташкилот тузгаликда ва Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб, халқаро қидирувга берилгани айтилмоқда.


Украина Бош прокуратураси Россияда қочқинлик мақомида бўлган хўжаободлик 45 ёшли Ҳурматилло Зокировни экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарорни
2013 йилнинг 25 январида чиқаргани маълум бўлди.

Зокиров манфаатларини аввал Россияда, эндиликда Украинада ҳам ҳимоя қилаётган адвокат Екатерина Грибанованинг Озодликка билдиришича, 2011 йилнинг июлидаги Россия Олий Суди қарори билан Ўзбекистонга бериб юборилиши тўхтатилган Ҳурматиллони ҳозир Украина бериб юборишга тайёргарлик кўрмоқда.

- Ҳозир Зокиров Украинада. Украиналик ҳамкасбларимдан олинган маълумотга кўра, Украина Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга экстрадиция қилишга қарор қилган, ваҳоланки бу масала аллақачон Россия 2011 йилда ижобий ҳал бўлган. Зокиров Россияда қидирувдан чиқарилди ва вақтинчалик яшаш ҳуқуқига эга бўлиб, бемалол яшаб юрган эди. Яқин вақт ичида у фуқароликка ҳужжатларни топшираман, деб юрган эди. Негадир у Украинага ўтиб, қочқинлик олиш осонроқ бўлади деган фикрга борган, кўринади. Шу сабабли у Россиядан бемалол чиқиб кетган, бироқ Киевнинг Борисполь аэропортида 2012 йилнинг июнида самолётдан тушгандаёқ ҳибсга олинган,- дейди Зокировнинг адвокати Екатерина Грибанова.

Адвокат Ҳурматилло ўзини Россияда хавфсизликда ҳис этмагани, сўнгги пайтларда бу мамлкатдан Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари томонидан кўплаб одамларнинг олиб чиқиб кетилаётгани боис бундай хавфли йўлни танлаганини айтади.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Зокиров Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-1 моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) ва 244-2 моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) асосида халқаро қидирувга берилган.

“Эндиликда у Россиядаги каби экстрадиция текшируви ва саноқсиз суд маҳкамаларидан яна бошқаттан ўтишга мажбур”, дея давом этади адвокат Грибанова.

- Ҳозирда Украина Бош прокуратурасининг уни экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилинади. Суднинг қарорини олдиндан айтишга қўрқиб турибман-у, лекин у Украинада ҳам қочқинлик мақомини қидираётганлар қаторида. Шунингдек, у Калининградда эканида биз Европа судига ҳам шикоят аризаси билан мурожаат қилганмиз,- дейди Озодлик билан телефон орқали Калининграддан боғланган Екатерина Грибанова.

Грибанова Ҳурматилло Зокиров ярим йилдан ортиқроқ вақт давомида Киев тергов изоляторларидан бирида қолаётгани, унинг ҳимоясига маҳаллий адвокатлар гуруҳи ҳам киришганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида 1968 йилда туғилиб ўсган Ҳурматилло Зокировнинг Ўзбекистонда икки нафар қизи ва рафиқаси қолган. Яна бир ўғил фарзанди отаси билан Россияда бир неча йил давомида қурилиш ишларида ишлаб кун кечириб юрган. Ҳимоячилар Зокиров айнан Андижон воқеаларига алоқадорликда гумонланиб қидирилаётганини ҳам қўшимча қилди.

Андижонлик Ҳурматилло Зокировнинг ишини бир неча йилдан бери кузатиб бораётган москвалик ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина Озодлик билан суҳбатда Зокиров Россияда изоляторда бўлганида Ўзбекистонда унга яна бир нечта моддалар бўйича айблов эълон қилинганини айтади.

“Яқингача Украина қочқинларни беришда бирор фаоллик кўрсатмаган эди. Сўнгги бир-икки йилда вазият кескиен ўзгарди”, дейди Елена Рябинина.

- 2006 йилнинг февралида Қримдан Андижон воқеаларига алоқадорликда гумонланаётган 11 кишининг депортация қилиниши катта халқаро жанжал келтириб чиқарган эди. Натижада, Украина бу депортация ноқонуний эканини тан олди. Шу воқеадан кейин Украина бир неча йил халқаро жамоатчилик фикрига қулоқ солиб келди. Лекин, 2010 йилдан бошлаб вазият кескин ўзгарди. Масалан, 2010 йилнинг июнида бир нечта ўзбек қочқини ҳибсга олинган эди. Худога шукр, улардан бирортаси Ўзбекистонга бериб юборилмади. Алоҳида таъкидлашим лозимки, Украина эндиликда қочқинлар учун хавфсиз жой эмас. Ҳурматиллонинг эса кимнингдир гапига кириб, Украинага ўтиб олиши ўйламсдан қўйилган қадам бўлди,- дейди Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина.

Ҳуқуқ ҳимоячиси бугунги кунда Украина ҳам Россия каби, айниқса, диний мотивлар билан қидирувда бўлган ва қочқинлик мақомини излаётганлар учун ўта хавфли мамлакатга айланганини урғулади.

Бунга Рябинина 2012 йилнинг октябрида БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича бошқармаси олдидан ўғирлаб, Россияга олиб чиқилган россиялик мухолифатчи Леонид Развозжаев ишини мисол қилиб келтирди.
XS
SM
MD
LG