Линклар

Сўхликлар қирғиз милиционерлари ҳаракатидан нолимоқда


Сўх йўлида турган қирғизистонлик ДАН ходимларидан бири.

Сўх йўлида турган қирғизистонлик ДАН ходимларидан бири.

Ўзбекистоннинг Сўх эксклавида яшовчи кишилар қўшни туманларга ўтишда йўлда дуч келган қирғизистонлик тартиб посбонлари улардан “йўл ҳақи” ундираётганидан шикоят қилаяпти.


Исми ошкор қилинишини истамаган сўхликлардан бири ўтган чоршанба куни ўз машинасида Водилдан Сўхга қайтаётганда Қирғизистоннинг Бел қишлоғида Бекмирза Аширов деган ДАН ходими (суҳбатдошимиз унинг лақаби Бек экани, кўкрак нишони эса АО 018 эканини ҳам айтди) тўхтатганини ва ундан 100 доллар пора талаб қилганини сўзлаб берди.

- Бермасангиз, бегона жой. Документларни олиб қўяяпти.

Озодлик: Ким олиб қўяяпти?

- Бек дегани бор экан. 018 – кўкрак нишони.

Озодлик: Нима деди сизни тўхтатиб?

- Тўхтатиб, документларни сўради. Огнетушител, трос-прос... “Ҳаммаси бор” десам, “ташланг йўл ҳақини”, деяпти. Қанақа йўл ҳақи? Қарасам, иложи бўлмаяпти. Кейин бир-икки минг сўм берарман, деб турсам, жуда катта сўради.

Озодлик: Неча пул сўради сиздан?

- Мендан 100 доллар сўради. 67 минг сўм бериб, зўрға қутулдим.

Озодлик: 67 минг сўм қанча бўлади долларга тахминан?

- 40 долларча бўлади.

Озодлик: Пул олинган фақат сизми, ака, ё бошқалар ҳам борми?

- Менинг билишимча, Қирғизистон йўлидан юрган одам (ўзбекистонлик демоқчи – таҳр.) бермасдан чиқиб кетишининг иложи йўқ. Йўлга чиқсангиз, Қадамжойгача беш-олти жойда туришибди. Туришингизга қараб, муомала қилади. Пастроқ келсангиз, кўпроқ сўрайди, кўринишингиз зиёлинамо бўлса, сал чўчийди. Лекин ўшандаям сўрайди, ҳеч кимни қўйвормайди, “йўл ҳақи”ни конкрет олаяпти. Шунақанги тепалайдики ҳуқуқингизни, ҳеч нарсадан қайтмайдиган даражага етказади, лекин иложингиз йўқ, - дейди сўхлик суҳбатдош.

Сўхлик ҳайдовчи билан бўлган суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Бу борада изоҳ олиш учун Қадамжой туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилдик. Аммо телефон гўшагини кўтарган ходим у ерда Бекмирза Аширов исмли шахс ишламаслигини маълум қилди.

Шундан сўнг Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги билан боғландик. Вазирликнинг матбуот хизмат раҳбари Жўрўбай Абдраимов сўхлик ҳайдовчилар айтган фактларни текшириб кўришга ваъда берди, аммо бунинг учун бироз вақт керак бўлишини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил январ ойи бошида қирғиз чегарачилари ва сўхликлар ўртасида юзага келган можародан сўнг ўзбек-қирғиз чегарасидаги бир қанча назорат-ўтказиш пунктлари ёпиб қўйилганди. Мазкур пунктлар кўп ўтмай очилди, эҳтиёжманд кишиларга гуманитар ёрдамлар етказилди, чегараолди ҳудудларида яшовчи ўзбекистонлик ва қирғизистонлик оқсоқоллар эса ярашиш маросимини ҳам ўтказдилар. Айни пайтда икки давлат расмийлари Сўх эксклави атрофидаги муаммоларни ҳал қилиш учун жаҳд қилаётганларини билдирмоқдалар.

Сўхлик суҳбатдошимиз ўзи ва тумандошлари 13 феврал куни қирғизистонлик милиционер билан содир бўлган воқеа юзасидан маҳаллий расмийларга арзланганлари ва бу муаммони ҳал қилиб беришни сўраганларини айтади. Суҳбатдошимизга кўра, маҳаллий мулозимлар бу масалани қўшни давлат расмийлари билан муҳокама этишга ваъда қилганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG