Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:10

Ўзбекистон ИИВ Москвада қидирувдаги икки ўзбекни ушлади


Москванинг Одинцово ва Подолский туманларида халқаро террорчи гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинган икки ўзбекистонликни ҳибсга олишда Ўзбекистондан борган милиционерлар бевосита иштирок этгани айтилди.


Россия Ички ишлар вазирлигининг Экстремизмга қарши кураш бошқармаси (“Т” Бошқармаси) ва Ўзбекистон Ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида Подмосковенинг икки туманида икки ўзбекистонлик ҳибсга олинди.

Озодлик ўз манбаларидан олган маълумотларга кўра, булар Рўзиқулов Хасан ва Жўраев Турғун исмли Ўзбекистон фуқароларидир.

Экстремизмга қарши кураш бошқармаси матбуот маркази раҳбари Владимир Коробков бу шахслар тўғрисидаги маълумот 2012 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилганини айтди.

- Ҳибсга олиш Одинцово ва Подолск туманларида амалга оширилди. Улар Ўзбекистон ҳудудида “Туркистон Ислом партияси” террорчилик ташкилоти таркибида фаолият юритгани учун давлатлараро қидирувда бўлган. Улар ҳозир тергов изоляторида. Уларни Ўзбекистонга бериш масаласи кўрилмоқда, чунки уларни Ўзбекистон қидирувга берган, дея маълумот берди полиция бошқармаси расмийси.



Коробков Рўзиқулов Хасан ва Жўраев Турғунни ҳибсга олиш амалиётида ҳам Ўзбекистондан келган хавфсизлик ходимлари бевосита иштирок этганини айтди.

- Улар биз билан бирга ҳибс этишда иштирок этди, чунки бу ҳамкорликдаги амалиёт. КҲШТ доирасидаги шартномаларга биноан бизда Ички ишлар вазирликлари ўртасида ўзаро маълумот алмашиш ва қидирувдаги шахсларни аниқлаш бўйича келишув бор, деди Россия полицияси расмийси Владимир Коробков.

Унга кўра, қўлга олинган ўзбеклар Ўзбекистон Жиноят Кодекси 159-моддасининг 3-қисми (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-1- моддасининг 3-қисми (Жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатиш, ноқонуний диний ва бошқа уюшмалар фаолиятида иштирок этиш), 244-2-моддасининг 1-қисми (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) ҳамда 223-моддасининг 2-қисми (Жиноий гуруҳ таркибида хорижга ноқонуний чиқиш) бўйича айбланмоқда.

Владимир Коробковнинг Ўзбекистондан юборилган маълумотларга таяниб билдиришича, "Туркистон Ислом партияси” (Бу Ўзбекистон сўровномасида қайд этилган ном - Таҳр.) террор ташкилоти аъзолари Россия ҳудудида кўнгиллиларни ёллаш ва уларни “Афғонистон-Покистон чегарасида жойлашган жиноий тўдаларда диверсия ва террорчилик ишларига тайёргарлик кўриш учун жўнатиш” билан шуғулланиб келган.

Бу партиянинг Ўзбекистондаги бир қатор маҳкамаларда тилга олинган "Туркистон исломий ҳаракати" экани айтилмоқда.

МВД берган расмий маълумотга кўра, 2012 йилнинг ўзидаёқ бу икки шахс Москва шаҳри ва вилоятидан 38 ўзбекистонлик ва 18 марказий осиёлик, жумладан россияликларни жанггарилар сафига ёллаган.

Россиянинг қатор телеканаллари берган видеохабарда айбланаётган ўзбекистонликлардан компютер техникаси, брошюра ишлаб чиқарадиган ускуна, диний-экстремистик руҳдаги адабиётлар, мобил алоқа воситалари ва ҳатто, қўл кураши учун спорт жиҳозлари мусодара қилингани кўрсатилди.

Москвадаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва Россияда меҳнат қилаётган қатор муҳожирлардан олинган маълумотларга кўра, охирги бир неча ой давомида Ўзбекистонда қидирувда бўлган шахсларни Россия, жумладан Москвадан олиб чиқиш билан хавфсизлик хизмати ходимлари билан биргаликда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги изқуварлари ҳам иштирок этмоқда.

Қидирилаётган ўзбекистонликларни ҳибс этиш ва экстрадиция қилишда Россия ФСБси, Миграция хизмати ва полицияси фаол кўмаклашмоқда.
XS
SM
MD
LG