Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:28

"Guli" атири рекламасида турк актёри кўринмай қолди


Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримованинг "Guli" бренди остидаги эркаклар учун мўлжалланган атир рекламасидан машҳур турк актёри Холид Эрганчнинг сурати ғойиб бўлди. Бу турк актёрининг танқидлардан хулоса чиқарганига йўйилмоқда.


Ўзбекистон телеканали орқали берилаётган "Guli" бренди остидаги эркаклар учун мўлжалланган "Victorious" атири рекламасидан "Муҳташам юз йил" сериалидаги Усмонли ҳалифалигининг султони Сулаймон роли билан мамлакатда машҳур бўлган туркиялик кино юлдуз Холид Эрганчнинг сурати олиб ташланди.

- Ҳозир рекаламада фақат атирнинг ўзини кўрсатишяпти, Холид Эрганч йўқ, деди турк актёрининг ўз исмини айтмаган ўзбекистонлик ихлосмандларидан бири.

"Guli" бренди остидаги атир рекламасида эркакка хос бўлган музаффар триумфатор образини намоён этиши керак бўлган Холид Эрганч эндиликда Ўзбекистон телеканали орқали берилаётган рекламада кўринмай қолганини эса Йилмаз хоним шартнома муддати тугагани билан изоҳлади.

- Билишимча, шартнома муддати тугаган. Яъни, реклама шартномалари маълум муддатга тузилади. Икки ой давомида атир рекламасида Холидбей суратларидан фойдаланиш мумкин эди. Ҳозир энди, шартнома муддати тугагани учун унинг сурати олиб ташланган бўлиши мумкин, деди TIMS productions студияси матбуот вакили Гўзде Йилмаз.



Ўзбекистонда "Муҳташам юз йил" сериалидаги Усмонли ҳалифалигининг султони Сулаймон роли билан машҳур бўлган туркиялик кино юлдуз Холид Эрганч ўтган йил октябр ойида Тошкентда Гулнора Каримованинг Style.uz ҳафталиги доирасидаги тадбирларда иштирок этган эди.

Тадбирда қатнашгани ва бундан ташқари, "Guli" бренди остидаги эркаклар учун мўлжалланган "Victorious" номли атир рекламасида қатнашгани учун турк актёри танқидлар остида қолган эди.

Ўшанда Холид Эрганчнинг матбуот вакили Гўзде Йилмаз актёрнинг Гулнора Каримова атирларини реклама қилаётгани ҳақидаги янгиликни ишончсизлик билан инкор этишга уринган, кейин эса унга жўнатилган Эрганчнинг “Victorious” рекламасида акс этган суратини изоҳсиз қолдирган эди.

Айни пайтда Холид Эрганчнинг “Guli” рекламаси учун Ўзбекистон президенти қизидан қанча гонорар олгани ҳақидаги савол ҳам TIMS вакили томонидан жавобсиз қолдирилди.

- Одатда, бу маълумотлар сир тутилади, деди Йилмаз.

Айни пайтди "Guli" брендининг расмий сайтида эълон қилинган "Victorious" атири рекламасида Эрганчнинг сурати қолмоқда.

"Guli" маҳсулотларининг расмий дистрибютери саналган Тошкентдаги “Begim Parfum Gallery” дўкони сотувчиси ҳам “Victorious” эркаклар атири маркасида ҳали ҳам Холид Эрганчнинг суратлари турганини айтди.

- Ҳозирча атир қутисидан турк актёрининг сурати олинмаган. Балки янгиларида у бўлмас, деди “Begim Parfum Gallery” сотувчиси.

Туркия ва ўзбекистонлик фуқаровий жамияти фаолларидан ташкил топган Истанбулдаги "Ўзбеклар бирлиги" ташкилоти "Муҳташам юз йил" сериалидаги қойилмақом ижроси билан эътибор қозонган актёрнинг "ўзбек диктаторининг қизини дастаклаши санъатга ҳақорат" экани ҳақида баёнот берган эди.

Фаоллар Эрганчни Ўзбекистон президентининг қизидан катта миқдорда олган пулларни ўзбек муҳожирлари ва қочқинларининг озодлиги йўлида сарфлашга даъват этган эди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:54 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG