Линклар

logo-print

Сирдарё Иссиқлик электр станцияси ишчиларига яна ойлик берилмаяпти. Марказий Осиёда энг йирик ҳисобланган бу корхонанинг бир гуруҳ ходимлари Озодликка мурожаат қилиб, бир неча ойдан бери иш ҳақини ололмаётганларидан шикоят қилди. Ширин шаҳридаги иншоот ишчилари ноябр ойида ҳам Озодликка маош кечикаётгани юзасидан мурожаат қилган, мавзу ёритлганидан кейин бир неча ойлик маошлари берилган эди.



“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик ширкатига қарашли Сирдарё Иссиқлик электр станцияси бир неча ойдан бери маош тўламаётгани ҳақида Озодликка мазкур корхона ишчилари хабар қилди.

Сирдарё Иссиқлик электр станциясининг шахси сир қолишини сўрган ишчиси Озодликка йўллаган мактубида ёзишича, ўтган йилнинг ноябр ойида бу муаммо Озодликда ёритилганидан кейин корхона ишчилардан қарзини узганидан бери ойликлар яна берилмаяпти.



Мактуб мазмунига кўра, маошлари пластик карточкага тушадиган ишчиларнинг вазияти, ойликнинг бир қисмини нақд пулда оладиганларникидан кўра яхшироқ.

“Ойлигимдан 120 минг сўм нақд оламан, 170 минг пластик карточкага оламан. Сизларга ёлғон гаплар борган экан, мана феврал ойи ҳам охирлаб коляпти, биз хали ҳам ноябр ойининг маошини олганимиз йуқ. Айтишларича, 100% пластик карточкага ёзганлар омади бор экан, пулларини тушириб олибди, биздақангиларнинг омади йўқ экан”, деб ёзади муштариймиз.

Озодлик мухбири Сирдарё Иссиқлик электр станцияси бош директори Мирзаахмат Шоимов билан у Тошкентда “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик ширкатидалиги пайтида телефон орқали боғланди.

Марказий Осиёда энг йирик ҳисобланган иншоот директори мужмал иборалар билан ишчилар маоши кечиктирилаётганига оид хабарни инкор қилишга уринди.

Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида жойлашган станциянинг ўзини таништирмаган мулозимларидан бири, нақд пулда маош оладиганларга ноябр ойидан бери иш ҳақи тўланмаганини тасдиқлади. “Нафақат оддий ишчлар раҳбар лавозимдагилар ҳам 4 ойдан бери ойлик кўргани йўқ”, дейди суҳбатдошимиз.

Сирдарё Иссиқлик электр станцияси бош директори ўринбосари Қутбиддин Алиёров, Озодлик билан суҳбатда, нобяр ойи маошлари пластик карточкалари бор ишчиларгагина берилганини тасдиқлади. Ойликнинг қолган қисми “Ўзбекэнерго” ширкатидан пул тушиши биланоқ тарқатилади, дейди суҳбатдошимиз.

- Йилнинг боши. Йилнинг бошида ҳамма вақт шундай бўлади. Ҳозир Газўзбекэнерго бизга пул бераяпти. Биз тайëрмиз. Газўзбекэнерго бизга пул ажратади. Газўзбекэнерго пул ажратган куни биз ойликни берамиз. Ноябрникини пластикни берганмиз. Нақд пул мана ҳозир кутаяпмиз. Нақд пулни ҳам берамиз.

Сирдарё Иссиқлик электр станцияси директори ўринбосари бир неча ойдан бери маошлари берилмаётганидан шикоят қилаётганлар вазиятни ҳаддан ортиқ бўрттирмоқда, дея қўшимча қилди.

- У гаплар нотўғри гаплар. Энди битта-иккита одамлар ҳар хил гапларни қилаяпти. Ҳозир директоримиз Газўзбекэнергода. Ҳозир пул ажратиш бўйича Газўзбекэнерго кредит олаяпти. Мана ҳозир пул тушади. Сразу мана шу икки-уч ойники нақд пул, кейин пластикка берилиб, ҳаммаси нормалний бўлади. Керакмас нарсада бу,- дейди Сирдарё Иссиқлик электр станцияси бош директори ўринбосари Қутбиддин Алиёров.

Озодликка хат билан мурожаат қилган Сирдарё Иссиқлик электр станцияси ишчилари бир неча ойдан бери иш ҳақларини ололмаётганлари боис оилаларини боқиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келганларини ёзади.

“3 та болам бор мактабга боради. Ҳар куни йиғлайди “дада, нон, овкат беринг”, деб. Ҳаммаси ёш. Ўзим обед хам олиб боролмайман ишимга, маҳаллий дўконлардан катта миқдорда қарз бўлиб қолганман”, дейилади мактубларнинг бирида.

Сирдарё ва Қибрайдаги Тошкент иссиқлик электр станцияларида ўтган йилнинг ноябрида ҳам ойлик маошлар кечиктирилиши ҳолати кузатилган эди. Ўшанда бу мавзу Озодликда ёритилиши ортидан “Ўзбекэнерго” давлат ширкати икки корхонанинг жами 3 мингдан ортиқ ишчисидан маошлар бўйича қарзини узган эди.

XS
SM
MD
LG