Линклар

Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида расман дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 20 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев номига табрик телеграммаси йўллади.

Телеграммада ўзбек ва қирғиз халқлари минг йиллик тарихга эгалиги, тили, дини, урф-одатлари бир-бирига яқин қардошлар экани, бу икки миллатнинг абадий дўстлиги тобора мустаҳкамланиб бораётгани ва бу дўстликка ҳеч ким раҳна сола олмаслиги айтилади.

Бироқ фактларга таянадиган бўлсак, Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари ҳар доим ҳам силлиқ кечмаганига гувоҳ бўламиз. Масалан, 2010 йилдан то 2013 йилгача Ўзбекистон Қирғизистонга ўз элчисини тайинлаган эмас.

Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси ўз ишини расман тўхтатмаган бўлса-да, уч йил давомида элчисиз фаолият кўрсатган. Экспертлар Ўш қирғини, Бишкек ҳукуматининг Ўзбекистон эътирозига қарамай Қамбарота-1 ГЭСини барпо этиш ҳаракатлари, икки давлат ўртасидаги чегараларни аниқлашдаги ўзаро келишмовчиликлар бундай вазиятга сабаб бўлганини айтадилар. Бироқ расмий Тошкент бу борада ўз позициясини ошкора баён этмаган.

Яқинда бу лавозимга Комил Рашидов тайинланди. Экспертларнинг айтишларича, Комил Рашидовнинг элчи лавозимига тайинланиши Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистон билан муносабатларга ўта жиддий ёндоша бошлаганини ангалатади.

-Ўзбекистоннинг Қирғизистонга янги тайинланган элчиси Комилжон Рашидов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган. У бу лавозимда МДҲ давлатлари билан алоқаларга жавоб берган. Бу шахснинг Қирғизистонга элчи этиб тайинланиши, Ўзбекистон бизнинг мамлакатимизни асосий йўналишлардан бири сифатида танлаб олганини англатади. Аввалданоқ шундай бўлиши керак эди. Қирғизистон учун ташқи сиёсатдаги асосий йўналишлдардан бири Ўзбекистон бўлиши лозим, -деди минтақа хавфсизлиги масалалари бўйича эксперт Имонберди Жалилов.

Унинг айтишича, Ўзбекистон билан сиёсий муносабатларнинг яхшиланиши Қирғизистонда қурилиши режалаштирилган ГЭСлар масаласида расмий Тошкент позициясининг юмшашига сабаб бўлади. Имонберди Жалилов бунинг учун энг аввало Қирғизистон томони ГЭСлар қурилиши Ўзбекистонга ҳам иқтисодий манфаат келтиришини исботлай олиши зарур, деб ҳисоблайди.

-Бугунги кунда мигрант сифатида ватанидан ташқарида юрган ўзбекистонликлар сони 3 миллиондан 8 миллионгача бўлган одамни ташкил қилади. Айни пайтда Қирғизистонда қурилиши режалаштирилган Қамбарота ва Норин ГЭслари каскадига минглаб ишчилар керак бўлади. Бу ишга Ўзбекистондан ҳам ишчи кучларининг жалб қилиниши имконияти яратилар эди. Қирғизистон ҳукумати бу лойиҳага барча манфаатдор томонларнинг жалб қилиниши ҳақида гапириб келаяпти, -деди Имонберди Жалилов.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳам кўнгилдагидек эмаслиги айтиб келинади. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорлик департаменти раҳбари Айбек Шамиров икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқлар кўлами 2008 йилдагига нисбатан анча камайиб кетганини айтди:

- 2012 йилда савдо алоқалари 260 миллон долларни ташкил этган. 2010 йилда бу кўрсаткич 135 миллион доллар, 2011 йилда 201 миллион бўлган. Ўзбекистон билан Қирғизистоннинг савдо-иқтисодий алоқалари жудя яхши бўлган 2008 йилда савдо айланмаси 392 миллион долларга етган, -деди Айбек Шамиров.

Иқтисодчилар фикрича, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегараларнинг 2005 йилдан бери асосан ёпиқ ҳолатда бўлгани иқтисодий алоқалар ривожига қўйилаяётган асосий тўсиқ бўлмоқда.

Қирғизистонлик ўзбек ижодкорлари эса Ўзбекистон билан маданий алоқаларнинг узилиб қолганидан афсус билдирадилар.

-15 йилдан бери маданий алоқаларимиз узилиб қолди. Шўролар даврида Қирғизистонда Ўзбекистон кунлари, Ўзбекистонда эса Қирғизистон кунлари ўтказилар эди. Бироқ мустақилликка эришилганидан сўнг 1996 йилда Тошкентда бир марта Қирғизистон кунлари ўтказилди. Қирғизистонда эса мустақилликнинг 20 йили давомида бирон марта Ўзбекистон кунлари ўтказилмади. Маданий-маърифий алоқаларнинг узилиб қолгани Қирғизистондаги этник ўзбеклар маданияти билан боғлиқ масалаларга салбий таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Масалан, Қирғизистонда биттагина ўзбек театри бор - Бобур номидаги ўзбек академик театри. Яна бир-икки йилдан сўнг бизда кадрлар етишмовчилиги бошланади. Ўзбекистон томони мана шу масалада бизга ёрдам кўрсатса жуда яхши бўлар эди, -деди Қирғизистон халқ артисти, Бобур номидаги ўзбек академик театри раҳбари Бахтиёр Тўхтаматов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG