Линклар

logo-print
Қўшма Штатлар ўз идоралари ва ширкатлари нишонга олинган кибер ҳужумларда Хитойни айблади. Расмий Пекин эса бу айбловларни асоссиз, дея хитойликларнинг ўзлари АҚШнинг кибер ҳужумларидан жабр кўраётганини билдирди.

АҚШ давлат идоралари, медиа ташиклотлари ва хусусий ширкатларини нишонга олинган кибер ҳужумлар ортида Хитой тургани ҳақидаги АҚШ томони даъволарни Расмий Пекин "асоссиз айблов", дея рад этди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёнотида аксинча хитойликлар АҚШдан уюштирилган кибер ҳужумга нишон бўлаётгани айтилган.

Шу кунларда АҚШдаги Apple ширкати ҳакерлар ҳужумига учраганини эълон қилди.

Ширкатга кўра, номаълум ҳакерлар ширкат ходимлари тарафидан ишлатилган Макинтош компютерларига вирус дастурини ўрнатишга муваффақ бўлган.

Сешанба куни компютерлар хавфсизлигини таъминловчи Американинг Mandiant ширкати дунёдаги 140дан ошиқ ташкилот, жумладан ҳукумат идоралари ва мудофаа ширкатларига хакерлар томонидан қилинган давомли ҳужумлар ортида Шанхайдаги N61398-сонли Хитой ҳарбий бўлинмаси тургани ҳақидаги ҳисоботни эълон қилди.

Mandiant мутахассисларига кўра, Шанхайдаги ҳарбий бўлинма 2006 йилдан буён юзлаб терабайт ҳажмдаги маълумотларни ўғирлаган ва асосан, Қўшма Штатлар, Британия ҳамда Канададаги ҳукумат идоралари, ҳусусий ширкатлар, медиа ташиклотлар ҳамда у ерда ишловчи амалдорларнинг электрон почта қутилари кибер ҳужумга нишон бўлган.

Дунёнинг турли давлатларига уюштириладиган кибер ҳужумлар учун масъул, дея кўп гумон қилинадиган мамлакат Хитойдир.

2011 йил июн ойида виртуал дунёдаги энг йирик интернет қидирув тизими - Google "Хитойдан чиққан кибер-жосуслар АҚШнинг юқори мулозимлари, ҳарбийлари, журналистлари ва хитойлик сиёсий мухолифатнинг Gmail электрон манзилларини нишонга олмоқда," деган даъволар билан чиққанди.

Март ойида Австралия Бош вазири ва Бош прокурори компютерлари нишонга олинган ҳамда унда ҳам асосий гумон қилинган давлат Хитой бўлган эди.

Хитой расмийлари Mandiant ширкати илгари сурган айбловлар "куракда турмайди", деган эътирозни билдирди.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Хонг Лей аксинча, ўз мамлакати кибер ҳужумлардан жабр кўраётганини айтди.

Жаноб Хонгнинг таъкидича, ўтган йили Хитойдаги 1 минг 400та компютер ва 38 мингта сайт хакерлик ҳужумига учраган ва ҳуружларнинг аксарига АҚШ томони маъсул кўрилган.
XS
SM
MD
LG