Линклар

Калининградда уруш қаҳрамонини талон-тарож қилганлик ва калтаклаганликда айбланган, аммо даллиллар бўлмагани боис илк маҳкамадан озод қилинган 31 ёшли ўзбек Ёрқин Тиллаевнинг адвокатлари айби исботланмаган Ёрқинни ёмон отлиқ қилган телебошловчидан қаттиқ норози бўлмоқда.


Адвокат Ёрқиннинг айбсизлигига ишонади


Бир йилдирки, иши тергов остида қолаётган самарқандлик Ёрқин Тиллаев Андрей Малаховнинг “Пусть говорят!” телешоусини кўрган томошабин ва россияликлар назарида 92 ёшдаги Улуғ Ватан уруши қаҳрамони, уруш фахрийси Николай Мелниковга жароҳат етказган “жиноятчи” ва “аблаҳ” бир инсон бўлиб муҳрланди.

Калининград шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши фахрийсини калтаклаб қимматбаҳо буюмларини олиб кетганликда айбланиб,ташқи кўринишидан осиёлик бўлган икки шахс қидирувга берилгани ҳақида Озодлик аввал хабар берган эди.

Бу масалада Озодликнинг Москвадаги таҳририятига мурожаат қилган Ёрқин Тиллаевнинг адвокати Сергей Мясоедов самарқандлик бу йигит сиёсат ва жамоатчилик фикрининг навбатдаги қурбонига айланганини гапириб берди.

Адвокат бу йигитнинг ҳимоясига киришган куниёқ унинг мутлақо бегуноҳлигига ишонч ҳосил қилганини айтди.

- Тергов тахминларига кўра, 2012 йилнинг 26 январига ўтар кечаси гўёки Тиллаев уруш ветерани Мелников дала ҳовлисига кириб, зўравонлик йўли билан унинг бир неча буюми: пневматик милтиқ, телефон, пул, табрик откриткаси, иккита диплом ва “Ленинград ҳимояси учун” медалини ўғирлаган.

Эртаси куни эрталаб ветераннинг уйи олдида тасодифан Тиллаевни ҳибс этишган ва унга бу чолни талон-тарож қилиш айби қўйилган. Қизиғи, Тиллаев яшаётган уйчада ветераннинг откриткаси, иккита дипломи ва консулликдан Мелников номига берилган аллақандай маълумотнома топилган. Ҳужжатларга кўра, чол уни эртаси куни таниган ва топилган мана бу қоғозлар билан бирга Ёрқиннинг айби гўёки исботланди, деяверинг, дейди адвокат Мясоедов.





Бироқ, узоқ вақт давомида тергов органларида, судда ишлаб тажриба орттирган адвокат Сергей Мясоедов тергов натижаларига жиддий шубҳа билан қараган ва ўз мустақил терговини бошлаган.

Жабрланувчи ветеран, гувоҳлар, терговчилар, айбланувчи билан бир-бир учрашгач, адвокат Ёрқин Тиллаевни текинга ҳимоя қилишга қарор қилганини айтди.

- Аниқладимки, барча исбот-далиллар сохталаштирилган. Тергов тақдим қилган айбловнинг бирортасини на мантиқан, на ақлан қабул қилса бўлади. Масалан, 27 январ куни Тиллаев билан Мелников ўртасида юзлаштириш бўлган ва жабрланувчи қария Ёрқинни кўриб таниган. Лекин мен эса бобойдан аниқладимки, бу юзлаштиришдан олдин эрталаб полиция ходимлари қонунга зид равишда Тиллаевни чолнинг уйига олиб келиб кўрсатишган. Чол биринчи маротаба танимаган уни, лекин полициячилар “Шу бола бўлган”, деб ишонтиришган. Буни Мелниковнинг қизи ҳам тасдиқлади. Иккинчидан, қариянинг сўзларига кўра, жиноятчилар икки киши бўлган ва улар тунда қоронғуда кириб, ухлаб ётган 92 ёшли чолни юзи билан ерга қаратиб қўйган. Бунақа ҳолатда ётар экан, ҳатто соғлом ёш одамнинг бирор кимсани аниқ кўролганига шубҳа пайдо бўлади, дея мустақил тергови натижаларини очиқлади Сергей Мясоедов.

Аниқланишича, уруш ветерани Николай Мелниковни аслида фарзандлари қаровсиз қолдирган ва кекса фахрий ташлаб қўйилган ётган дала ҳовлисига кўчиб ўтишга мажбур бўлган.

Шу боис адвокат Мясоедов оғир жароҳатланган, руҳий тушкунликка тушган кекса ёшдаги қариянинг терговчилар сўроққа тутаётганида уйидаги ағдар-тўнтар ичидан бир замонлар губернатордан олган табрикнома, дипломлари, Латвия консуллигидан берилган эскириб кетган маълумотномаси йўқолганини дарҳол эслай олганига ҳам шубҳа билан қарамоқда.

Шунингдек, Сергей Мясоедов Николай Мелниковнинг номига берилган ҳужжатларнинг барчаси эртаси куниёқ бир неча уй нарида яшаб, меҳнат қилиб юрган Ёрқин Тиллаевнинг уйидан топилгани, бироқ медал, пул ва милтиқнинг топилмаганини ҳам терговнинг сохталаштирилганига ишора, деб ҳисобламоқда.

- 27 январ кунги ҳибс ва юзлаштиришда адвокат иштирок этган, тинтувга эса адвокатсиз боришган. Ваҳоланки, хориж фуқароси бўлган Тиллаевга ҳам адвокат, ҳам таржимон тайинланиши керак эди. Мен ўз терговим асосида хулоса қилишим мумкинки, Ёрқин Тиллаевнинг бу жиноятга алоқадорлигини исботловчи бирор далил йўқ. Яъни, уни эртаси куни ҳибс этишган, уйчасидан калитни олиб чолнинг ҳужжатларини ўзлари ташлаб кетишган, чунки ветераннинг иши Россияда жуда катта шов-шувга сабаб бўлди. Полиция эса “жиноятчини” албатта топишга мажбур бўлиб қолган, дея хулоса қилди адвокат Сергей Мясоедов.

Тиллаевнинг ҳимоячиси ҳозирда Ёрқин ярим йиллик қамоқдан кейин озодликка чиқарилганига қарамасдан терговчилар “илмоғида” қолаётгани, ҳимоя тарафи келтираётган исбот-далиллар инобатга олинмаётгани ва терговчиларнинг ишни ёпишга шошилматгани, ветеран Мелниковни калтаклаган ва талон-тарож қилган ҳақиқий жиноятчилар аллақачон изини ўчириб улгурганини айтмоқда.


“Малахов судда жавоб беради!”

“Ўзбекистон” номли Бутунроссия Ўзбеклар ташкилоти ижрочи директори Тимур Муҳамедов Ёрқин Тиллаев обрўсига терговчиларнинг сохталаштирилган айбловидан кўра кўпроқ россиялик телебошловчи Андрей Малаховнинг 2012 йилнинг 9 февралида Россиянинг ОРТ каналида прайм-таймда намойиш этилган “Пусть говорят” кўрсатуви зиён келтирганини гапиради.

Ушбу кўрсатувда айби судда исботланмаган Ёрқин Тиллаев “жиноятчи ва аблаҳ”га чиқарилган эди.

“Ветеран жароҳати” мавзусида олиб борилган бу кўрсатувга Малаховнинг ижодий командаси 31 ёшли Ёрқин Тиллаевнинг Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида бўлган рафиқаси, синглиси, амакилари ва яна бошқа қариндош-уруғларини чақиртирган эди.

Ёрқиннинг бундай жиноятни содир этмаслигига залга йиғилган дарғазаб томошабинни ишонтиришга беҳуда уринган яқинлари охир-оқибат чолнинг олдида тиз чўкиб кечирим сўрашга мажбур қилинган эди.

Ветеран Николай Мелников эса Ёрқин Тиллаев айбига иқрор бўлмагунча уни кечирмаслигини айтган эди.

“Пусть говорят!” дастурида иштирок этган Ўзбеклар жамияти фаоли Тимур Муҳамедов бошловчи Андрей Малахов бу дастурни бегуноҳ Тиллаевлар устидан очиқ суд жараёнига айлантиргани ва бунинг учун қонун олдида жавоб бериши шартлигини айтмоқда.

- Биз бевосита шу дастур устидан ҳам шикоят қилишимиз мумкин. Биз янги дастурни инкор этилишини сўраймиз, чунки ҳақиқатан кўрсатувда ҳамма бақириб одамни айблашга тушди. Унда айбсизлик презумпцияси қаерга кетди!? Нега улар тиз чўктирилди? Айрим адвокатлар, ҳатто Ёрқин айбсизлигини ўзи исботлаши кераклигини таклиф қилишди! Бу кўрсатувда Ёрқин ошкора жиноятчи, аблаҳга чиқариб қўйилди, дейди Тимур Муҳамедов.

Тиллаевнинг ҳимоячилари ҳозирда Ёрқиннинг ўзи бу вазиятда жабрланувчига айланиб қолгани, уни россияликлар “ветеранни калтаклаган аблаҳ” сифатида таниши ва бу вазиятда унинг ҳаёти ҳам хавф остида эканини билдирди.

- Агар унинг номига тушган доғ Россия судларида оқланмаса, биз Страсбурггача боришга тайёрмиз, деди Ёрқин Тиллаев ҳимоясини таъминлаётган адвокат Сергей Мясоедов.

Озодлик Ёрқин Тиллаев ишини кузатишда давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG