Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:55

Почта жўнатмалари ичидаги телефонлар олиб қўйилди


Тошкентдаги “Главпочтамт” идорасида текширув ўтказган божгирлар бир кун ичида Ўзбекистонга АҚШдан юборилган почта жўнатмалари ичидан чиққан 33 та янги смартфонни мусодара қилди.

Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизматининг исмини айтмаган вакили Озодлик билан суҳбатда беш хил русумдаги смартфон АҚШдан келган почта жўнатмалари ичидан олиниб, мусодара қилинганини маълум қилди.

Божхона матбуот вакилига кўра¸ бир кунда мусодара қилинган смартфонларнинг умумий қиймати 38 миллион сўмни ташкил қилган.

Озодлик билан суҳбатлашган божхона вакилига кўра¸ АҚШдан ëки бошқа хориж мамлакатидан телефон жўнатиш қонунга зид эмас.

- Фақат юбораëтган пайтда божхона учун махсус қоғоз тўлдирилиши керак. Яъни, “СN-23” дейилган халқаро андозадаги почта декларацияси бор. Ана шу қоғоз асосида биз почта жўнатмаси ичидаги телефон аппаратини божхона кўригидан ўтказамиз. Агар бунақа қоғоз бўлмаса телефон контрабанда ҳисобланиб, давлат ҳисобига мусодара қилинади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитаси матбуот хизматининг исмини айтмаган вакили.

Божхона ходимига кўра, халқаро андозадаги СN-23 почта декларацияси хориждан юбориладиган моддий бойликлар ҳақида маълумот берувчи ҳужжатдир.

Почта орқали хориждан жўнатилаётган ҳар қандай моддий товар учун шундай декларация тўлдирилиши шартлиги айтилди.

Суҳбат асносида божхона мулозими вазияни янада аниқроқ тушунтириш учун бир мисол келтирди.

- Масалан, Тошкентдаги Олмазор туманида яшовчи Муҳаммаджонов номига АҚШдан посилка келди. Посилкани очсак ичида 3 хил русумдаги 8та смартфон бор эди. Ўзбекистон ҳудудига почта орқали юборилган ва етарли тарзда декларация қилинмаган бу смартфонларнинг умумий нархи 8 миллион сўмлиги аниқланди¸ дейди божхона мулозими.

Мулозимнинг сўзларидан тушунилишича, қонунга биноан Муҳаммаджоновга смартфонни почта орқали жўнатган шахс СN-23 почта декларациясини АҚШда тўлдириши ва жўнатма билан бирга Ўзбекистонга йўллаши керак эди.

Тошкентдаги “Главпочтамт” идорасида ишловчи ўзини Дилбар Саиджонова, деб таништирган ходимнинг микрофонсиз суҳбатда айтишича¸ АҚШ ва Европадан келаëтган почта жўнатмалари жиддий текширилмоқда.

Суҳбатдош бу текширувларни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг террорчиликка қарши кураш бўлими ва Ўзбекистон Давлат Божхона қўмитасининг контрабанда товарларнинг олдини олишга масъул ходимлари олиб боришини айтди.

Ўзбекистон Давлат Божхона идораси ходими текширув қонуний асосда амалга оширилишини таъкидлади.

- Шубҳали почта жўнатмалари Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 44-моддасига асосан, 2 нафар почта ходими ва почта хизматининг хавфсизлик хизмати бўлими вакиллари иштирокида очилади ва текширилади. Бундан ташқари, божхона кўриги жараёни узлуксиз равишда, бинода ўрнатилган видеокузатув системаси ёрдамида тасвирга олинади¸ дейди мулозим.

Ўзбекистон Давлат Божхона идораси ходими Ўзбекистон ҳудудига 8 миллион сўмлик молни божхона ҳужжатларини тўлдирмаган ҳолда жўнатиш ҳуқуқбузарлик экани ва айни пайтда бу почта жўнатмаларининг ҳуқуқбузарлар жўнатувчиларига нисбатан текширув бораётганини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG