Линклар

logo-print

Мардикорлар ҳаракатланишига чеклов юмшатилди


18-19 феврал кунлари потенциал меҳнат муҳожирлари “Ғишткўприк” чегара ўтказиш пунктидан қайтарилди.

18-19 феврал кунлари потенциал меҳнат муҳожирлари “Ғишткўприк” чегара ўтказиш пунктидан қайтарилди.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг яқин хорижга чиқиши учун жорий қилинган чеклов бироз юмшатилгани айтилсада, Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги “Ғишткўприк” чегара ўтказиш пункти яқинига ўрнатилган милиция текширув пунктлари ҳануз сақланиб қолмоқда.

Тошкент вилояти билан Жанубий Қозоғистон ўртасидаги “Ғишткўприк” (Черняевка) чегара ўтказиш пунктида 18-19 феврал кунлари амал қилган чеклов бироз юмшатилгани айтилмоқда.

Айни пайтда, қўшни Қозоғистон орқали Россияга автобусларда кетаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари оқими ўтадиган “Ғишткўприк” назорат пунктига тахминан 500 метр берироқда ўрнатилган милиция назорат постлари сақланиб қолмоқда.

Озодлик Қозоғистон ва Россияга меҳнат қилгани кетаёган ўзбекистонликларнинг кўпчилиги душанба ва сешанба кунлари турли важлар билан ортга қайтарилгани ҳақида хабар қилган эди.

Узметроном Интернет нашри, бу блок постлар маҳаллий даражадаги милиция раҳбари ташаббуси билан ташкил қилинган бўлиши мумкинлиги ва сешанба куннинг иккинчи ярмида блок постлар олиб ташланганини хабар қилди.

Бироқ “Ғишткўприк” чегара пункти божхона назорат хизматининг ўзини таништирмаган ходими, Озодлик билан суҳбатда, текшир-текшир бироз юмшатилган бўлса-да, милиция постлари олиб ташланмаганини маълум қилди. Қозғистонга ўтаётган потенциал меҳнат муҳожирлари устидан назоратни кучайтириш ташаббуси ички ишлар вазирлигига доир, божхонанинг бунга алоқаси йўқ, дейди суҳбатдошимиз.

- Милиция билан таможнянинг (божхонанинг) фарқи бор. Ҳаммамиз ҳуқуқ-тартибот идораси бўлганимиз билан сиз ҳали божхонага етмасдан қайтиб кетаяпсиз тўғрими? 500 метр бу ëқдан милиция ходимлари қайтариб юборди сизни. Тўғрисини айтганда бу ҳақда божхонага бирор-бир маълумот келиб тушмаганку лекин милиция ходимлари қайтаргани учун уларга мурожаат қилсангиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Божхона ходимининг айтишича, чорашанба куни назорат бироз юмшаганини чегарадан ўтаётган оқимнинг кўпайганидан билиш мумкин. Суҳбатдошимиз чегара ўтказиш пунктига элтувчи йўлга блок постлар ўрнатилиши сабабини милиция ходимларидан суриштиргани, лекин бунга аниқ жавоб ололмаганини ҳам қўшимча қилди.

- Шахсан мен ўзим кеча ўша ерда эдим. Мен ҳайрон қолдим. “Нимага қўйиб юбормаяпсизлар?” десам, бизга ҳам тушунтиришгани йўқ. Уни божхонадан сўраш керак эмас. Божхонага ҳали сиз етиб борганингиз йўқ. Божхона постига мурожаат қилганингиз йўқ. Божхонагача етиб бормасдан қайтиб кетаяпти ака. Ҳаммаси давлатнинг ҳуқуқ-тартибот органи ҳисоблангани билан ҳамманинг ўзининг қонун ҳужжатлари борда тўғрими? Балки сизни ҳалиги мен билмайман балки виза масаласидир, балки бошқа нарсадир. Балки паспорт масаладир. У нарсанинг тагига етиб бориш қийин бўлаяпти,- дейди “Ғишткўприк” чегара пости божхона хизмати вакили.

Ички ишлар вазирлигидан Ўзбекистон фуқаролари ҳаракатланиш эркинлиги нега чекланмоқда, деган саволга жавоб олишнинг иложи бўлмади.

Айни пайтда, Тошкентнинг Шмиолий темир йўл вокзалида ҳам кейинги бир ҳафта давомида паспорт назорати кучайтирилгани айтилмоқда. Россияга кетаётган меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги жўнайдиган вокзалдаги вазиятни Тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ўрганди.

Шимолий вокзалга бугун бориб, ўша ерда турган хизматчилар билан гаплашдим. Умуман яқин бир ҳафтанинг ичида бу ерда паспорт назоратлари, хавфсизлик қоидалари кучайтирилган. Унинг сабаби сифатида биринчи навбатда одам савдосига қарши курашиш, ноқонуний мигрантлар, одам савдогарларининг чангалига тушиб қолишдан асраш бўйича профилактик тадбирлар доимий йўлга қўйилганини айтишди. “Мигрантларнинг ушлаб қолиниши, дейлик Россияга кетаëтганларни ушлаб қолиш хусусида буйруқ борми сизларда?” десам, “Унақа қилишга ҳаққимиз йўқ. Бунақа буйруқ бериш имкони йўқ. Чунки вокзал фақат қатновларни амалга оширувчи жой. Бу ерга келадиган мижозлар фақат чипта билан келади. Шунинг учун бунақа савол қўйишингиз нотўғри” деб тушунтиришди,- дейди тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов.

Меҳнат муҳожирлари устидан назоратнинг кучайтирилиши ўтган ойда вазирлар маҳкамасининг 2012 йил якунларига бағишланган йиғинида президент Ислом Каримовнинг ўзбекистонликлар Россияда мардикорлик қилаётгани хусусида ички ишлар вазири Баҳодир Матлубов ва бош прокурор Рашид Қодировни кескин танқид қилгани билан боғланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG