Линклар

Қирғизистонда ҳибсдаги депутатдан пора талаб қилинди


Бишкекнинг собиқ мэри Наримон Тулеев қамоқда ўзидан пора талаб қилингани учун очлик эълон қилган.

Бишкекнинг собиқ мэри Наримон Тулеев қамоқда ўзидан пора талаб қилингани учун очлик эълон қилган.

Қирғизистон парламентининг коррупцияда айбланиб ҳибсда сақланаётган депутати Наримон Тулеевдан 50 минг доллар пора талаб қилган Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси ўз лавозимидан четлаштирилди.

Ҳибсда сақланаётган депутат Наримон Тулеевдан Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийлари пора талаб қилгани тўғрисидаги маълумотни мамлакат Омбудсмени Турсунбек Акун жамоатчиликка ошкор қилди. Унинг айтишича, саратон касали билан оғриётган Наримон Тулеевни малакали мутахасислар кўригидан ўтказиш учун Миллий хавфсизлик қўмитасининг тиббиёт хизмати рахбари Ниёз Алдашев 50 минг доллар пора сўраган. Шундан сўнг Наримон Тулеев ҳибсхонада очлик эълон қилган.

-“50 минг доллар берсанг сени даволаймиз”, деб пора талаб қилишганини бугун менга Наримон Тулеев айтди. Бироқ у бир тийин ҳам бермаган. Шундан кейин уни тиббиёт бўлимдан ҳибсхонага кўчиришибди. Тулеевнинг саломатлиги жуда ёмонлашган. У очлик эълон қилган экан, мен уни сув ичишга аранг кўндирдим, -деди ҳибсхонада депутат билан учрашганидан сўнг матбуот вакиллари билан суҳбатлашган Турсунбек Акун.

Миллий хавфсизлик қўмитаси Тулеевдан пора талаб қилгани айтилаётган Ниёз Алдашевга нисбатан текширув бошланганини маълум қилди.

-50 минг доллар пора талаб қилингани тўғрисидаги маълумот юзасидан текширув бошланди. Текширув жараёнига таъсир кўрсата олмаслиги учун Алдашев лавозимидан четлатилди. Агар фактлар тасдиқланса, унга нисбатан жиноят иши очилади. –деди Миллий хавфсизлик қўмитаси расмийси Кубан Арзикулов.

Ҳибсдаги депутатдан пора талаб қилингани тўғрисидаги иддао ҳали ўз тасдиғини топмаган бўлса-да, бу хабар қирғиз жамиятида катта шов-шувга сабаб бўлди. Нодавлат ташкилотлари вакиллари, жамоат ва давлат арбоблари Қирғизистонда коррупцияга қарши курашувчи асосий тузилма ҳисобланган Миллий хавфсизлик қўмитасида пора талаб қилингани тўғрисидаги маълумотнинг пайдо бўлиши ҳукуматнинг коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги дабдабали ҳисоботларига ишончсизлик туғдиради, деб ҳисобламоқдалар.

-Бу маълумотдан мен ҳайрон бўлганим йўқ. Негаки, Миллий хавфсизлик қўмитаси барча давлат тузилмалари каби коррупция ботқоғига ботган. Бу тузилмада коррупцияга қарши кураш мутлақо бошлангани йўқ. Коррупционерлар билан коррупционерлар курашаяпти бугунги кунда, -деди ҳуқуқ фаоли Нурбек Токтакунов.

Интернетдаги ижтимоий тармоқларда эса мазкур воқеа турли-туман хазилларга сабаб бўлмоқда. Масалан, “порахўрдан порахўр пора талаб қилибди” қабилидаги шарҳлар қолдирилмоқда. Ижтимоий тармоқлардаги шарҳларда Миллий хавфсизлик қўмитаси шаънига кескин танқидий фикрлар айтилаяпти.

Бишкек шаҳрининг собиқ мэри, “Ата Журт” партиясидан парламент депутати Наримон Тулеев ўтган йилнинг 21 июнида ҳибсга олинган эди. У 2008 йилда Бишкек шаҳри мэри лавозимида ишлаб турганида Хитой билан давлат манфаатларига зид келувчи шартномаларни имзолаганликда айбланмоқда.

Қирғизистон пойтахти бўлмиш Бишкек аҳолисининг асосий қисми эса Нариман Тулеевни сўнгги 20 йил ичида шаҳарни бошқарган энг яхши раҳбар сифатида қабул қилади.
XS
SM
MD
LG