Линклар

CNN: Экспортчилар болалар мажбурий меҳнатини рағбатлантирмоқда


Сурат CNN вебсайтидан олинди.

Сурат CNN вебсайтидан олинди.

АҚШнинг энг нуфузли CNN телеканалида Ўзбекистонда пахта йиғимида болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш амалиёти ҳамда мажбурий меҳнат эвазига йиғиб олинган пахтани сотиб олаётган ширкатлар танқид қилинган репортаж намойиш қилинмоқда.



Тўрт дақиқалик видео лавҳани тайёрлашда CNN канали Озодлик радиоси, Ўзбекистон-Германия форуми, Responsible Sourcing Network ташкилотлари томонидан йиғилган ва Ўзбекистондаги пахта далаларида 5 ёшдан 14-15 ёшгача бўлган болаларнинг пахта тераётгани акс этган видео ва бошқа материаллардан фойдаланилган.

Репортажда хусусан, ўзбекистонлик хуқуқ ҳимоячиси, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алянси раҳбари Елена Урлаева 2011-2012 йилда Ўзбекистондаги пахта далаларида ўтказган видеомониторинг натижалари тақдим қилинган.

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Стив Свердловнинг Ўзбекистонда болалар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш амалиёти ҳақида ҳисоботи тилга олинди.

Бу ҳисоботлар ортидан Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига мурожаат қилган CNN мухбирига берилган ёзма жавобда пахта далаларида болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш ҳолларига оид маълумотлар "асл воқеликка зид", дея инкор қилинган.

"Ўзбек элчихонаси қўшимча қилдики, бугун пахта тўлиғича хусусий фермерлар томонидан етишитирилмоқда. Бу фактлар тасдиғини топиш эса осон эмас", дейди CNN мухбири.

Мактаб болаларининг пахта теримига мажбурий жалб этилишига оид инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида йиғилган маълумотлар таҳлил этилган ушбу репортаж сўнггида ўзбек пахтасини сотиб олаётган ғарб ширкатлари танқид қилинган.

Gucci, Macy's, H&M каби ширкатлар номи алоҳида тилга олинган CNN репортажида ғарб ширкатларининг улар ишлатаётган пахта толаси қайси давлатдан келаётганини аниқлаш мушкуллиги ҳақидаги иддаоларига шубҳа билдирилган.

Озодлик радиоси ўнлаб йирик ғарб ширкатларининг болалар мажбурий меҳнатига қарши кураш чақириқлари ортидан ўзбек пахтасига бойкот эълон қилгани ҳақида муттасил хабарлар бериб келмоқда.

АҚШда жойлашган Responsible Sourcing Network ташкилоти берган сўнгги баёнотга кўра, шу кунга қадар ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечган ширкатлар сони 100дан ошган.

RSN вакиллари рўйхатида, шунингдек, JC Penny, American Eagle, Fruit of the Loom, Gap, Walmart, Yves Saint Laurent каби ширкатларнинг ҳам номи бор.

- Ҳозир кўпгина кийим-кечак ширкатлари ўз махсулотларида мажбурий болалар меҳнати, қуллик эвазига етиштирилган пахта бўлишини хоҳлашмаяпти. Айнан шунинг учун ҳозирга қадар юздан ортиқ ширкат Ўзбекистонда болалар меҳнатига қарши акциямизга қўшилди, деган эди Калифорниядаги RSN ташкилоти раҳбари Патрисия Юревитз Озодлик билан суҳбатда.

RSN фаоллари рўйхатида ҳозирга келиб ўзбек пахтасидан воз кечган ширкатлар сони 108 тага етгани айтилган.

Аммо, бойкотга қўшилаётган ширкатлар сони ортиб бораётганига қарамай 2012 йилги пахта йиғим-терим мавсумида ҳам мактаб ёшидаги болаларнинг пахта теримида иштирок этгани кузатилди.

Номи энг йирик халқаро ахборот тармоғи саналмиш CNNда тилга олинган ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева ҳамда унинг етовидаги ташкилот фаоллари Қашқадарё вилоятида мактабдаги ўқишини ташлаб, пахтага чиққан ўқувчиларни видеотасвирга олишга муваффақ бўлган эди.

Ҳуқуқ фаоллари тўплаган бу каби фактларнинг ҳақиқатга зид эканини таъкидлаб келаётган Ўзбекистон ҳукумати расмийлари эса, худди CNN мухбирига АҚШ элчихонасидан берилган жавоб айтилгани каби, пахта теримига тўлиқ фермер хўжаликлари масъуллиги, болалар мажбурий меҳнати Ўзбекистонда тақиқланганини айтиб келадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG