Линклар

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ишлаётган меҳнат муҳожири Дилором Ҳайдаровадан етарли шароит яратиб бермагани учун уч фарзанди олиб қўйилди. Петербург расмийлари яқин кунларда бу болаларни Ўзбекистонга жўнатишга қарор қилган.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ишлаётган меҳнат муҳожири Дилором Ҳайдаровадан етарли шароит яратиб бермагани учун уч фарзанди олиб қўйилди. Петербург расмийлари яқин кунларда бу болаларни Ўзбекистонга жўнатишга қарор қилган.


Ўзбек муҳожирининг болалари Ўзбекистонга юборилади

Петербург шаҳар ҳокимиятининг ижтимоий хизмат бўлими ходимлари уч фарзандини тортиб олганидан арз қилиб, шаҳардаги заводларидан бирида ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Дилором Хайдарова Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига кўмаклашиш жамғармасига мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, 2012 йилнинг декабрида шаҳарда қонуний яшаб келаётган Дилоромнинг қўшнилари ўртасида маиший жанжал келиб чиққан. Ҳодиса жойига келган полиция ётоқхонада яшаётган бу аёл ва бошқаларни полиция участкасига олиб кетган.

Ҳодиса тафсилотларини Озодликка сўзлаб берган жамғарма раиси муовини Марина Мельникка кўра, текширув натижасида Миграция хизмати ва шаҳар ҳокимияти ходимлари Ҳайдарованинг уч фарзанди Россия қонунларига зид равишда кичиккина бир хонада яшаётганини аниқлаган.

- У бизга икки ҳафта олдин мурожаат қилди. Муаммо шундаки, оиланинг тўрт аъзоси кичкинагина бир хонада яшаб келган. Россия қонунларига биноан ҳар бир болага турар-жой учун муайян майдон ҳажми белгиланган. Яъни, уларнинг турмуш тарзи қонунчиликка зид келгани боис ижтимоий хизмат ходимлари томонидан болалар олиб кетилди. Ҳозир болаларни Ўзбекистонга депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди, дейди Марина Мельник.

Маринанинг айтишича, 30 ёшлардан ошган Дилором Ҳайдарова Петербургда яшашга барча ҳужжатлари борлиги, иш жойи билан таъминлангани сабабли Россияда меҳнат қилишни давом эттираверади.

Дилором аввалига болаларини етимхонадан олиб кетмоқчи бўлгани, бироқ васийлик органлари камида икки хонали квартира ижарага олсагина, унга болаларни қайтариб беришларини билдирган.

Жамғарма вакилига кўра, 2012 йилнинг декабридан икки ой давомида бу аёл бир неча бор ижара уй бераман, дея унинг пулларини ўмарган фирибгарларга учраган.

“Натижада Дилором уйсиз-жойсиз, фарзандларисиз қолиб бизга мурожаат қилди”, дея давом этади Марина Мельник.

- Афсуски, уй-жойни у жуда узоқ вақт қидирган, бизга эса жуда кеч мурожаат қилган. Натижада биз бу ҳақда хабар топишимиздан 3 кун ўтиб, бизга муддат тугагани ва болалар уйига юборилишини билдиришди. Бу вақтда Дилором фарзандларини болалар уйидан олиб кетиш учун икки сменага ишга кириб ишлашга келишиб олганини айтган эди. Болаларни унинг синглиси қабул қилиб олар экан, шунинг учун бир томондан кўнглимиз тўқ, деди Марина Мельник Озодликка.


Муҳожир-болага қандай шароит яратилиши керак?

Инсон ҳақлари ва миграция соҳасидаги кузатишларни олиб бораётган кўплаб мутахассислар сўнгги бир-неча йилда Россияга меҳнат қилгани келаётган муҳожирлар ўз фарзандларини ҳам етаклаб келаётганини таъкидлашмоқда.

Улар ўзларига Россияда етарли шароит яратиб олмаётган кўплаб муҳожирлар фарзандларига яшаш учун озми-кўпми шароит ярата олишига шубҳа билдирмоқда.

Озодлик радиосининг “Болаларга яратилган қандай шароитлар қониқарли, деб топилиши мумкин?” саволига Санкт-Петербург шаҳрининг болалар ҳуқуқлари бўйича вакиллигидан аниқ жавоб олди.

- Бизда қонун нуқтаи назаридан “болага мана шундай шароитлар яратилиши керак”, деган қатъий тартиблар ўрнатилмаган. Саволингизга жавоб шу. Бироқ, агар она фарзандига етарли шароит ярата олмаса, бу тўғрисида далиллар мутахассислар томонидан судда келтирилиши керак. Масалан, уларнинг кийим-кечаги, озиқ-овқати йўқлиги, таълим, яшаш жойи билан таъминлай олмаслиги.

Аммо қонунда конкрет рақамлар келтирилмаган. Ҳар бир мутахассис вазиятни текшириб, субъектив хулоса чиқаради ва болаларни олиб ёки қолдириш масаласини ўша ерда ҳал этади. Буни болаликка олиш масаласи билан адаштирмаслик керак: асраб олаётганингизда, ҳақиқатан уй майдони ўлчанади, ойлигингиз текширилади ва ҳоказо, дея маълумот берди болалар ҳуқуқи бўйича Петербург идораси мутахассиси Лариса Смирнова.

Смирнованинг Озодликка билдиришича, Петербург ҳокимияти мигрантларнинг ўз фарзандлари билан шаҳарга келиб ишлашини таъқиқламаётган бўлсада, бунга салбий муносабат билдирмоқда.

Россия Давлат Думасига муҳожирларга ўз фарзандлари билан мамлакатга кириб яшашни таъқиқлашга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш тавсия этилгани айтилмоқда.

“Шунга қарамасдан, Петербург ҳукумати 2013 йилдан бошлаб муҳожирлар фарзандларини таълим-тарбия муассасаларига қабул қилишнинг енгиллаштирилган қоидалари жорийи қилди: эндиликда улар муаъмуриятга бориб эшик қоқиши, олдиндан ариза ёзишнинг ҳожати қолмади”, дея қўшимча қилди Лариса Смирнова.

Марказий осиёлик мигрантларга кўмаклашиш жамғармаси раиси, айни пайтда ўзбек тилида чоп этиладиган “Турон” газетаси бош муҳаррири Маҳмуд Маматмўминов сунгги пайтларда, айниқса меҳнат муҳожирларининг фарзандлари билан боғлиқ муаммолар кўпайиб бораётгани, айрим ҳолларда муҳожирнинг болалари яшашга мутлақо тўғри келмайдиган шароитда қолаётганини гапиради.

- Шундай бўляптики, бизнинг одамлар Россия қонунларини билмасдан болаларини олиб келиб қўйишяпти. Документ текшириш ёки бошқа вазиятларда бу одамларнинг болларини олиб қўйяпти, чунки одамлар болаларига яшаш талабларига мос муҳит яратиб бера олмаяпти.10 квадрат метрга тўрттасининг кириб олиши Россия қонунлари бўйича мумкин эмас. Кейин, Россия қонунларида меҳнат муҳожирлари бола-чақаси билан бу ерга келиши кўрсатилмаган, дея ўз муносабатини билдирди Маҳмуд Маматмўминов.

Қуйида ўзбек жамияти етакчиси билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG