Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:44

Дунёда ҳар икки ҳафтада бир тил ўлмоқда


ЮНЕСКО тарафидан Халқаро она тили куни, деб эълон қилинган 21 февралда эълон қилинган бу йилги ҳисоботларда дунёда мавжуд 7 мингга яқин тилнинг қарийб ярми йўқолиб кетиш арафасида турганидан хавотир билдирилди.


2000 йилдан бери дунё миқёсида нишонланиб келинаётган бу сана дунёдаги миллатларнинг она тили унутилиши олидини олиш мақсадида жорий этилган эди.

Бу йил мазкур сана “Она тили ва китоблар” номи остида ўтмоқда. ЮНЕСКО мутахассисларига кўра, ҳозир жаҳонда мавжуд 7 мингга яқин тилнинг ярми келажак авлодга етиб бормай, йўқолиб кетиш ёқасида турибди.

Айни пайтда унутилаётган тилларда дунё аҳлининг 4-5 фоизи гаплашади. Ҳар уч тилдан биттасининг ёзуви бўлмай, фақат оғзаки нутқ шаклига эгадир.

- Ҳар 14 кунда дунёда бир тил ўлади. Яъни, ҳар икки ҳафтада сайёрамизда мавжуд тиллар биттага камаймоқда. Агар вазият шу зайлда давом этса келаси ўн йил ичида дунёда мавжуд 7 мингга яқин тилнинг ярми унутилиб кетиши мумкин, дейди ЮНЕСКО мутахассиси Жюдит Ноер.

Ҳозир инглиз, испан ва хитой тиллари дунё бўйича энг кенг тарқалган тиллар ҳисобланади.

Унут бўлиб кетаётган тиллар ҳимоячилари замонавий технологиялардан фаол фойдаланиш, iPhone иловалари, YouTube видеолари ва Facebook саҳифалардан ана шундай тилларни асраб қолишда фойдаланишни тавсия этишмоқда.

Айни пайтда ЮНЕСКО дунёнинг турли нуқталарида йўқолиб бораётган тиллар учун "гапирувчи луғат”ларни яратиш, шу тилларда таълимни рағбатлантириш йўлида иш олиб бормоқда.

Шунингдек, ташкилот она тилида таълимни рағбатлантириш учун дастурлар ишлаб чиқилган.

Ҳозирги кунда дунё тилларидан фақат 40таси оғзаки ва ёзма жиҳатдан мукаммал шаклланган ҳисобланади. Бундай орасида ўзбек тили ҳам бор.

Лекин, Ўзбекистонда ўзбек тили расман давлат тили, деб эълон қилинганидан қарйиб 23 йил ўтган бўлса ҳам мамлакатда рус тилининг мавқеи баланд бўлиб қолмоқда, дейди ўзбекистонлик тилшунос олим Бахтиёр Исабеков.

- Кейинги пайтда мен невараларимга русча мактабда ўқиш шарт эмас, ўзбекчада ҳам шу билимни олса бўлади, деган нарсани тушунтира олмадим. Чунки улар айтишяптики, русча билим олганларнинг ижтимоий мавқеи анча баланд, дейди Исабеков.

Айни пайтда ишсизлик боис 5 миллион ўзбекнинг иш излаб бошқа мамлакатларга кетиб¸ бу юртларда ўзи ва оиласи билан муқим яшаб қолаëтгани ўзбек тиллилар сонининг келажакда сезиларли камайишига олиб келмайдими, деган саволни ҳам ўртага чиқармоқда.

Швейцарияда яшайдиган ўзбек ёзувчиси Сафар Бекжон фикрича, бу хавотир ўринли.

- Ҳозир ҳижратда яшаётган ўзбек оилалари учун ўз фарзандларининг она тилларини сақлаб қолиши катта муаммо. Бизни Швейцарияда ўзбекча гаплашадиган оилалар бармоқ билан санарли. Фарзандларимиз европача муҳитда бу ернинг тилида гаплашиб катта бўлишяпти. Яхшиямки бу ерда турклар кўп. Улар билан мулоқотда туркчани ўрганиб, шу асосда ўзбекчани ҳам эсдан чиқаришмаяпти. Лекин, она тилида гаплашиш уни билиш дегани эмас. Ўзбек оилалари ўз фарзандларига иложи борича шу тилда ёзишни, ўқишни ҳам ўргатишлари керак, акс ҳолда авлодларимиз хорижда она тилини унутиб қўяди, дейди Сафар Бекжон.

Дунёдаги луғат жиҳатдан энг бой тиллар араб ва инглиз тиллари бўлиб, инглиз тили ҳисобида 2 миллион 500 мингдан ошиқ сўз бўлса, араб тилида уч ярим миллиондан ортиқ сўз бор.

Ўзбек тилида эса бир ярим миллион атрофида сўз борлиги айтилади.

Дунёдаги энг қашшоқ тил Гвинеядаги Таки қабиласининг тилидир. Бу тилда бор йўғи 340та сўз бор.
XS
SM
MD
LG